Бугун ҳар бир соҳада аёлнинг муносиб ўрнини кўришимиз мумкин. Жамиятимизда унинг фаоллиги ортиб бормоқда. Хусусан, газ тизимида ҳам бугун жуда кўплаб аёлларимиз эркаклар билан тенгма-тенг фаолият олиб бормоқда.
Сайёра Жаниқулова – “Қоровулбозортумангаз” газ таъминоти бўлимида қарийб 20 йилга яқин меҳнат қилиб келмоқда. Иш фаолиятини 2004 йилда назоратчиликдан бошлаган. Турли вазифаларда ўз фаолиятини олиб борган. 1973 йил айни баҳор фаслининг апрель ойида Бухоро туманида туғилган. Оилада 4 қизнинг учинчиси. Газчи опа билан қилган суҳбатимиз давомида унинг касбига бўлган қизиқиши отаси сабаб эканлигини алоҳида таъкидлади.
– Отам ҳам шу тизимда ишлаган, – дейди Сайёра Жаниқулова. – Унинг иши жуда қийин эди. Лекин қизиқарли бўлганми, шу соҳага етаклади. Қизиқишларим, орзуларим томон интилдим. Мана, 20 йилдирки, машаққатли соҳада фаолият олиб боряпман. Бу касб асосийси, масъулият, уни ўз вақтида ҳис этиб, халқ дарди билан яшашни талаб қилади.
Фаолияти давомида устозларидан ўрганганини ўзининг юзлаб шогирдларига ўргатди. Кечани кеча, кундузни кундуз демай, ёзнинг жазирамасию қишнинг қаҳратони бўладими, вақт танламай меҳнат қилиб келмоқда. Қайси бир шогирди билан ҳамгап бўлманг, устозининг фидойилигини эътироф этиб ўтади.
– Биздан қолишмаган ҳолда тиним билмайди, – дейди газ таъминоти бўлимининг ёш ходимларидан бири Сардор Ҳасанов. – Саккиз йилда фаолиятим давомида у кишининг тажрибаларини ўргандим. Опа бизга меҳнатсеварлиги, хушмуомалалиги билан ўрнак бўлиб келмоқда. Чин маънода биз ёшларнинг маслаҳатчимиз, суҳбатдошимиз, жонкуяр устозимиз ҳамдир.
Истеъмолчилардан келиб тушадиган ҳар бир мурожаатни ўз вақтида ўрганиб, уларнинг ҳал этилишига эътибор қаратиб келар экан, қайси бир фуқаро муаммосини билдирмасин, жойига бориб, ўрганади. Ҳар қандай вазиятда хушмуомала бўлиш, истеъмолчига ёрдам бериш, муаммосини ҳал этиш мақсади опанинг меҳнатини улуғлади.
Барча касбларда машаққат бор. Қайси бири билан юзлашманг, меҳнатни, масъулиятни талаб этади. Бугун минглаб йигитлардан қолишмаган ҳолда фаолият олиб бораётган газчи опалар ҳам халқ хизматида камарбаста. Чилангар ёки қайсидир бўлимда масъулиятли вазифасини олиб бормасин, уларни бир мақсад бирлаштиради – истеъмолчи учун хизмат қилиш. Сайёра опа ҳам газ таъминотида ана шундай меҳнат фидойиларидан бири десак, муболаға бўлмайди.