Жамиятимиз ҳаётида демократик принципларни мустаҳкамлашда оммавий ахборот воситалари муҳим ва таъсирчан омил ҳисобланади. Бу борада чинакам миллий журналистикани шакллантириш, хусусан, нодавлат оммавий ахборот воситаларини, ахборот ва Интернет тармоғидаги таҳлилий сайтларни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратиш муҳим аҳамиятга эгадир.
Жаҳон ахборот макони глобаллашувининг кучайиши оммавий ахборот воситалари соҳасида дунёда содир бўлаётган воқеаларга тез ва мос равишда муносабат билдириш, Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик қайта ўзгаришлар ҳақида республика аҳолисини, дунё ҳамжамиятини ўз вақтида ва холисона хабардор қилиш тизимини такомиллаштириш энг долзарб вазифалардан бирига айланиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони билан тасдиқланган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, улар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, кадрлар салоҳияти ва рақобатбардошлигини янада ошириш, журналистика соҳасини ривожлантириш мақсадида қатор қулайликлар яратилган.
Жумладан, Қонунга кўра 2022 йил 1 июлдан бошлаб 2025 йил 1 июлга қадар:
оммавий ахборот воситалари фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлаши;
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган матбаа ускуналари, замонавий фото ва радиотелевизион ускуналар ҳамда қоғоз божхона божидан озод этилиши;
2023 йилдан бошлаб босма нашрлар ва китоб маҳсулотларининг мажбурий бепул нусхаларини юбориш амалиёти бекор қилиниб, улар томонидан босма маҳсулотларни харид қилиб олиш тартиби жорий қилиниб, бунда, харид учун Давлат бюджетидан маблағ ажратилиши;
бюджет ташкилотларига улардаги «кутубхона фонди» харажат моддаси орқали даврий босма нашрлар, уларнинг электрон шакли ва электрон оммавий ахборот воситаларига обуна бўлиш учун маблағ йўналтиришга рухсат берилиши кўзда тутилган.
2022 йил 1 октябрдан бошлаб болалар учун мўлжалланган теле- ва радиомаҳсулотларни ишлаб чиқариш ва эфирга узатиш бўйича ҳар йили энг яхши лойиҳалар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваригача миқдорда бўлган танлов эълон қилинди.
Бир сўз билан айтганда Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш устувор вазифага айланган.
Х.Хамроев,
Бухоро туманлараро иктисодий суди девонхона мудири.