Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас. Никоҳ тузиш никоҳланувчиларнинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза берганларидан кейин бир ой ўтгач, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилади. Узрли сабаблар бўлганда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи бир ой ўтгунга қадар никоҳ тузишга рухсат бериши мумкин. Алоҳида ҳоллар (ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқалар)да никоҳ ариза берилган куни тузилиши мумкин. Никоҳ тузиш фуқаролик ҳолати далолатномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи никоҳни рўйхатга олишни рад этганда, шикоят билан бевосита судга ёки бўйсунишига кўра юқори турувчи органга мурожаат қилиниши мумкин.
Никоҳ тузиш ихтиёрийдир. Никоҳ тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши керак. Никоҳ тузишга мажбур қилиш тақиқланади. Никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун ўн саккиз ёш этиб белгиланади. Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин.
Никоҳ тузишга:
лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида;
насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида;
лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида йўл қўйилмайди.
Никоҳланувчи шахслар давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида бепул асосда тиббий кўрикдан ўтадилар. Тиббий кўрикдан ўтиш ҳажми ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Никоҳланувчи шахслар эллик ёшдан ошган бўлса, шунингдек ушбу Кодекс 13-моддасининг бешинчи қисмида кўрсатилган алоҳида ҳоллар мавжуд бўлганда тиббий кўрикдан ўз розилиги билан ўтказилади.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси 33-моддасига асосан, аризалар жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги судга берилади. Ушбу кодекснинг 34-моддасида, агар даъвогарнинг вояга етмаган болалари борлиги, шунингдек ногиронлиги ёки оғир касаллиги туфайли у жавобгар яшаб турган жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига боришга қийналса, никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги даъволар даъвогарнинг яшайдиган жойидаги судга тақдим этилиши мумкинлиги, бедарак йўқолган деб ёхуд руҳий ҳолати бузилганлиги сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар, шунингдек уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар билан никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги даъволар даъвогарнинг хоҳишига кўра ўз яшаш жойидаги судда кўрилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси 122-моддаси 1-қисми 8-бандида, хотини ҳомиладор бўлган вақтда ёки бола туғилганидан кейин бир йил давомида эр хотинининг розилигисиз никоҳни бекор қилиш тўғрисида даъво тақдим этган бўлса ариза кўрмасдан қолдирилиши белгилаб қўйилган.
Эр-хотиннинг мол-мулкини бўлиш ҳақидаги талаби, агар бу низони тўғри ҳал этиш учун ишга учинчи шахсларни жалб қилиш зарур бўлса, никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги иш билан бирга кўрилиши мумкин эмас.
Гулсара Сатторова,
Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро судининг судьяси
Нурбек Рахимов,
Бухоро вилоят судининг бош консультанти