Қайсики жамиятда илм-фанга, уни беминнат тарқатувчи устоз-ўқитувчига эътибор қаратилар экан, ўша жамиятда инсон қадри улуғланади.

Инсон қадри улуғланган юрт эса тараққиёт ва ривожланиш йўлидан илдам қадам ташлаб бораверади. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан 2024 йил 1 февраль куни 21 моддадан иборат «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги Қонун имзоланди. Мазкур ҳужжатни устозга бўлган юксак эҳтиромнинг ифодаси дейишимиз мумкин. Мазкур қонун мамлакатимизда илм-фан, маънавият-маърифат ривожи, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилишига ишонамиз.
Таъкидлаш жоизки, тарбия ва таълим тушунчалари ҳамиша ёнма-ён тилга олинади. Боиси, тарбияли инсоннинг ҳар бир ижобий сифати унинг билимли эканлигидан далолат беради. Ўзбек миллати азалдан башарият тафаккури хазинасига улкан ҳисса қўшиб келган. Асрлар мобайнида халқимизнинг юксак маънавияти, адолатпарварлик ва маърифатпарварлик, таълим ва тарбияга оид ғоялари Шарқ фалсафасининг ўзагини ташкил этади. Буларни эса буюк мутафаккир алломаларимиз қолдирган бой маънавий меросларидан ҳам билсак бўлади. Инсон маънавиятининг асоси бўлган тарбия ва таълим борасида улуғларимиз ўзларининг қимматли фикрларини баён қилганлар. Ана шундай буюк алломалардан бири Абу Наср Форобий фикрларига эътибор берайлик. Унингча, ҳар бир инсон барча билимларни пухта эгалламоғи, яхши ва баркамол тарбия олмоғи ва энг яхши фазилатларга эга бўлмоғи керак. Форобийнинг фикрича, “киши учун туб ғоя – саодатдир”. Бу саодатнинг калити – илм. Илм, таълим-тарбия инсонни ўзгартирса, маънавий бой, тафаккури юксак шахс жамиятни ўзгартиради. Демак, ўқитувчи инсон ва жамиятни ўзгартириш кучига қодир бўлган шахс ҳисобланади.
Демак, бугун таълим ва тарбиянинг бутун заҳматини елкасига олган педагог – ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимоясида эканлигини қонун билан белгилаб қўйилиши халқимиз учун буюк келажакни барпо етиш йўлидаги бой имконият сифатида баҳолаш мумкин. Қонун лойиҳасида таълим муассасаларида ўқитувчиларининг ҳуқуқий мақомини такомиллаштириш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда зарур шарт-шароитлар яратилишига ҳам жиддий эътибор қаратилган. Мазкур ҳужжатда ўқитувчи-педагогларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ ҳамда лўнда баён қилинган. Шунингдек, ўқитувчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масалалари, уларни мажбурий меҳнатга, шунингдек, қишлоқ хўжалигининг мавсумий ишларини ва шу каби бошқа ишларга жалб этишга йўл қўйилмаслиги белгилаб берилган. Бундан ташқари, мазкур Қонунда ўқитувчиларнинг ойлик маоши ва уларни рағбатлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилиши ўқитувчининг жамиятда юксак ўрнини белгилашда муҳим омил саналади.
Хўш, бугун янги Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилган ва оширилаётган ислоҳотларнинг натижалари нималарда акс этяпти? Бу таҳлилни биргина Бухоро давлат педагогика институти мисолида кузатадиган бўлсак, таълим тизимини тубдан ўзгартириш, уни халқаро стандартларга интеграциялаш бўйича саъй-ҳаракатлар туфайли педагог – ходимларнинг ўз касбига бўлган муносабати тубдан ўзгариб, доимий изланиш ва янгиликка интиш уларнинг ҳаёт тарзига айланганлигида кўришимиз мумкин.
Ҳозирги кунда халқаро ҳамкорлик таълим жараёнини ривожланишига таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан бири саналади. Институтимизда ҳам бу борада талайгина ютуқлар кўлга киритилди. Жумладан, халқаро ҳамкорлик доирасида 20 дан ортиқ профессор-ўқитувчиларимиз Буюк Британия, Туркия, Германия, Финландия, Россия Федерациясининг халқаро рейтингда топ 1000 талик ОТМлар қаторида турувчи Ҳажеттеппе университети, Сассекс университети, Лайбнит институти, Нордик университети, Кералиа амалий фанлар университети, Қозон Федерал университетларида стажировка ўтаб ва малака ошириб келдилар. Шунинг билан бир қаторда М.В. Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Москва давлат педагогика институти, Истанбул университетидан маърузалар ўқиш учун хорижий профессор-ўқитувчилар таклиф этилди.
Албатта, бундай саъй-ҳаракатларнинг асосини мамлакатимиздатаълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ташкил этади. Ислоҳотларнинг туб моҳияти эса инсон ва унинг манфаатига қаратилган. Сифатли таълимни ташкил қилиш эса улкан ислоҳотларнинг пойдеворидир. Бу ислоҳотларнинг яловбардори педагог-ўқитувчилардир. Мамлакатимиз Президенти таъкидлаганидек, нажотимиз мактабда, нажотимиз таълимда, нажотимиз билимда. Ўзбекистонда энг ҳурматли инсон ўқитувчи бўлмоғи зарур.
Маъмуров Баҳодир Бахшуллоевич,
Бухоро давлат педагогика институти ректори
педагогика фанлари доктори, профессор