“Инсон қадри учун” шиори доирасидаги чуқурлаштирилган тиббий кўриклар туманларда давом этмоқда. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали директори М.М.Ражабов бошчилигидаги РШТЁИМ Бухоро филиалининг 22 нафардан иборат бир гуруҳ турли соҳалар мутахассислари навбатдаги тиббий кўрик ва амалий-услубий ёрдам акцияларини Вобкент туманида амалга оширишга киришдилар.
Мутахассислар гуруҳи томонидан Вобкент туманининг кўп тармоқли марказий поликлиникасида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил қилинди. Шунингдек, гуруҳ аъзолари Вобкент туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари маркази фаолияти билан ҳам танишмоқдалар. Ушбу марказ Ғиждувон, Шофиркон ва Вобкент туманлари аҳолисига тиббий хизмат кўрсатишга мўлжалланиб ташкил қилинган.
Гуруҳ мутахассислари мазкур марказ фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июлдаги “Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПҚ-5198-сон қарорида белгиланган вазифаларни бажарилиши, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июлдаги “Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПҚ-5198-сон қарори ижроси бўйича 34 турдаги тиббий техника ва тиббий буюмлар билан жиҳозлаш стандартлари, даволанаётган беморлар ва уларнинг касаллик тарихлари, аҳолига сифатли ихтисослаштирилган тиббий хизматни ташкил этиш ҳамда марказни мутахассислар билан таъминлаш ишлари билан танишилмоқда.
Филиалдан эндохирург, қон-томир хирурги, гинеколог, травматолог, нейрохирург, болалар хирурги, болалар реаниматологи, УТТ врачи, эндоскопист, кардиореаниматолог, анестезиолог-реаниматолог, невролог, кардиолог, терапевт, педиатр ва операцион бригада тўлиқ стерил тиббий асбоб-анжомлар тўплами ҳамда мутахассислар билан ташриф буюришган.
Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Бухоро филиали билан узвийлик ва ўзаро алоқа олиб бориш, туман мутахассисларини тажриба орттиришига кўмаклашиш, беморларга тиббий ёрдам стандартларига мувофиқ маслаҳат ва диагностика, даволашни амалга ошириш борасидаги ишлар кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, марказ тўғрисида тушунтиришлар берилиб, мутахассисларнинг тажриба орттиришига кўмаклашиш орқали амалий-услубий ёрдам кўрсатилиши ҳам таъминланади.
Вобкент туманида РШТЁИМ Бухоро филиали мутахассислари томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ҳафта давомида амалга оширилади. Бу орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, аҳолининг тиббий хизмат билан қамраб олиш, турли юқумли касалликлар хавф омилларини вақтли аниқлашга имкон яратиш, аҳолининг тор мутахассислар ва бирламчи бўғини орасида самарали интеграция механизмларини жорий қилиш, аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш ва тиббиёт муассасаларига бўлган ишончини ортиши ҳамда беморларнинг тиббий маданиятининг ошишига эришилади. Юқори технологик кам инвазив операцияларга муҳтож фуқароларга марказ мутахассислари томонидан “Маҳорат дарслари” доирасида амалий ёрдам ташкиллаштирилади.