Ўрта аср араб муаррихлари Наршахий, Табарий, Ибн-ал Хордадбех, Ибн ал-Фақиҳлар асарларида “Мадина ал Тужжор” – “Савдогарлар шаҳри” дея эътироф этилган, қадимда Сўғднинг “Марварид монанд” шаҳри бўлган қадимги Пойкент шаҳри Бухородан 55 км жанубий – ғарбда, Қоракўл тумани ҳудудида жойлашган.
Буюк Ипак йўлида жойлашгани, қулай географик имкониятга эгалиги боис, шаҳар халқаро транзит савдода иштирок қилишини эътиборга олиб, X асрда яшаган бухоролик тарихчи Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий ўзининг “Бухоро тарихи” асарида “Байканд аҳолиси ҳаммаси савдогар бўлган. Улар Хитой билан ва денгиз (орқали бориладиган) мамлакатлар ва ҳаттоки Жанубий денгизларда ҳам сузиб савдо қилганлар ва жуда бой бўлганлар”,- деб ёзиб қолдирган.
Қадимги Пойкент араблар истилоси даврида Мовароуннаҳр учун қалқон вазифасини ўтаган, яъни араблар Мовароуннаҳр ҳудудига барча ҳужумларини шу шаҳардан бошлаган. Пойкентликларнинг арабларга қарши мардонавор курашларини ўша даврларда яшаган маҳаллий ва араб тарихчилари тўлалигича ёзиб қолдирганлар.
Бундан ташқари венгер олими Ҳерман Вамбери ҳам ўзининг “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи” асарида атрофлича баён этади. “Улуғ исломнинг таянчлари Ғарбий Осиёда барпо қилинганлигидан кейин, арабларнинг ғолиб қўшинлари буюк Искандар йўли билан Мовароуннаҳрга кириб келдилар. Убайдулло ибн Зиёд 672 йилнинг охирида энг қадимги савдо маркази ва жуда бой пойтахт бўлган Байканд шаҳрини фатҳ қилган. 705 йилдан арабларнинг Мовароуннаҳрга юришларининг янги даври бошланади. Қутайба ибн Муслим Пойкентга қарши юриш бошлайди. Пойкент бутун Мовароуннаҳрнинг жанубий-ғарбий дарвозаси бўлганидан, уни фатҳ этиш араблар учун муҳим аҳамиятга эга эди. Қадимги Пойкентда илм-фан ҳам ўз даврида юқори даражада бўлган. Фиқҳ, фалсафа ва ҳадисшунослик соҳаларида етук олимлар етишиб чиққан. Пойкент араблар истилосигача ва ундан кейин ҳам (гарчи турли даврларда босқинчилар томонидан бузилган бўлсада) ривожланган шаҳар эди. Буюк ипак йўлида жойлашганлиги ҳамда ислом дини кириб келиши илм-фан, маданиятнинг ривожланишига сабаб бўлган. Шунинг учун ҳам Пойкентдан нафақат Марказий Осиё, балки дунёга машҳур олимлар етишиб чиққан ҳамда ўз даврида жаҳон цивилизациясига муносиб ҳисса қўшишган. Шаҳар тарихининг Имом ал-Бухорий билан боғлиқлик жиҳатлари манбаларда ўз аксини топган. Кейинги даврда эълон қилинаётган манбаларда буюк муҳаддиснинг Пойкентда таваллуд топгани, устозлари Пойкандийлар бўлганлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд.
Мовароуннаҳр ҳудудига арабларнинг кириб келиши билан бир қаторда ўлкага ислом дини кириб кела бошлайди. X асрга келиб бу ерда дастлабки масжидлар қурилади.
Пойкент Аркида катта жомеъ масжиди бунёд этилган. Масжид ўрни Россия давлат эрмитажи музейи илмий ҳодимлари билан очиб ўрганилган. Шунингдек, II-шаҳристон ва жанубий работ ҳудудларидан ҳам кичик маҳалла масжидлари топилган. Ушбу жамоат иншоотлари ўзининг катта ўлчамлари, ноодатий ички интерьери ва ганчкорлик билан нақшланган меҳроби мавжудлиги билан ҳам ажралиб турган. Жанубий работнинг 52-хонасидан топилган масжид меҳробининг томонлари ганчкори безак билан безатилган бўлган. Қазишлар чоғида бино полидан, бошқа бир панель тозалаб очилди. Қачонлардир, геометрик ва ўсимликсимон нақшлар билан ва шунга мос уйғунликда нақшлари қизил ҳамда кўк рангларда бўялган ушбу панель меҳроб атрофини ўраб турган. Икки услубдаги, йирик ва майда ўймакорлик меҳроб атрофи икки даврда безалганлигини кўрсатиб туради.
Ушбу масжид меҳроби дастлабки хулосаларга кўра ХI аср иккинчи ярмига тааллуқли бўлиб, нафақат юртимиз, балки бутун дунёдаги энг қадимги масжид меҳробларидан бири деб, тахмин қилинмоқда.
Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси