Ромитан тумани Шўрча маҳалла фуқаролар йиғинида “Обод хонадон, обод кўча, обод маҳалла” меъзонларини жорий этиш бўйича жадал суратда ишлар олиб борилмоқда.
Бугун Ромитан тумани сектор раҳбарлари, Халқ қабулхонаси ҳамда туманнинг барча ташкилот, корхона вакиллари иштирокида туманнинг 4-секторига қарашли Шўрча маҳалла фуқаролар йиғинида навбатдаги сайёр қабул ўтказилди.
Қайд этиш керак, ушбу маҳаллада яқин бир ой ичида бошидан “Обод хонадон, обод кўча, обод маҳалла” мезонларини жорий этиш, ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва оғир ҳудуд тоифасидан чиқариш бўйича кенг кўламдаги ишлар амалга оширилди.
Шу сабабли аҳоли мурожаатларининг қамрови, мазмуни ва хусусияти аввалгиларидан бирмунча фарқланди. Шахсий муаммолардан кўра, жамоавий, ижтимоий ҳамда тадбиркорлик билан боғлиқ мурожаатлар сони ортган. Бу, аввало, шундан далолат берадики, одамларимизнинг руҳияти ҳамда дунёқараши, ҳаётга, ўз меҳнатининг натижасига муносабати ўзгармоқда.
— Қишлоғимиздаги собиқ иттифоқ давридан қолган яроқсиз симёғочлар яқинда 140 та янги темир-бетон устунларга алмаштириб, 2 та янги трансформатор ўрнатилмоқда. Йўлларимиз ҳам таъмирланмаган эди. Ҳозиргача 1,8 км ички йўлимиз шағаллаштирилди ва бу борадаги ишлар ҳали давом этмоқда. Тоза ичимлик суви тармоғини тортиш ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Шунинг учун бугунги қабулга ўз миннатдорчилигимни билдиришга келдим, – дейди Шўрча маҳалласида яшовчи Исмоил Саидов.
Қабул давомида Янги Шўрча ҳудудидан ўтувчи зовурда ер ости сизот сувларини қочириш мақсадида демонтаж ишларини амалга ошириш, профессионал ва олий таълим ташкилотлари ўқувчи-талабаларининг таълим тўлов-контракт суммасининг бир қисмини қоплаб бериш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун имтиёзли кредит ажратиш, ОШП биносини таъмирлаш бўйича маҳалла фаоллари, ҳудуддаги тадбиркорлар ҳамда фуқаролар томонидан қилган мурожаатлар ижобий ечим топадиган бўлди.
Фуқароларнинг айрим муаммолари сектор раҳбарлари томонидан жойида бартараф этилган бўлса, қолган масалалар юзасидан маълум муддат белгиланиб, тез фурсатларда бартараф этиш учун тегишли ташкилотларга йўналтирилди.
Сайёр қабул сўнгида туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими масъуллари томонидан бўш иш ўринлари “Меҳнат ярмаркаси” ҳамда тумандаги барча тижорат банклари иштирокида юк ташиш мотоцикллари, мульти тракторлар, аёллар сартарошлик анжомлари, нон маҳсулотлари пиширгич, тикув машиналари ҳамда бир нечта турдаги техникалар, парранда ва чорва моллари имтиёзли кредит асосида шу жойнинг ўзида фуқароларга расмийлаштириб берилди.