Ҳар йили шарафли касб эгалари-азизу муҳтарам устоз- ўқитувчилар энг улуғ, энг азиз айём- Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги байрами ва Билимлар кунини зўр кўтаринкилик ва баланд руҳ билан кутиб оладилар.
Биз шу йил 19-август куни ўтган йили азамат қурувчиларнинг меҳнати эвазига тўла таъмирланган ва айни пайтда ўзгача қиёфа касб этган муҳташам 8-мактаб биноси, фан кабинетлари, синф хоналари, ошхона ва спорт залининг янги ўқув йилига тайёргарлигини кўриб, беҳад хурсанд бўлдик.
Биз борган куни 90 нафардан ортиқроқ ўқитувчилар мактабда ўз ишлари билан банд экан. Синфхоналари заллар, ошхона ва спорт зали тоза-озода, поллари ялтирайди.
Даставвал диққатимизни 20 йилдан кўпроқ вақт давомида ўқувчиларга меҳр-у сабоқ бериб келаётган, бу ўқув йилида 76 нафар жажжи ўқувчиларни бағирларига олиш ниятида бўлган Марғуба Зайниддинова ва Дилнавоз Очиловаларнинг синфхоналарини кўздан кечирдик.
Синфларнинг тўрига “Ўттиз икки йиллик тўйинг муборак, озод Ватаним!” шиори илиб қўйилган. Фидойи муаллималарнинг ғайрати билан синфхоналари яхши жиҳозланган, парталар яп-янги, ҳамма нарса тайёр.
Қувонарлиси шундаки, 3 та синф учун ажратилган, 13 хил ўқув қуролларидан иборат Президент совғалари келтириб қўйилган.
-Президент совғаларини ҳар йили 1-синф ўқувчиларига бериш яхши анъанага айланган. Бу совғалар болажонларга ўзгача завқ –шавқ ва шодлик бахш этмоқда,- дейди ўқитувчи, айни вақтда илғор 4-синф ўқувчиларига пухта билим беришга чоғланаётган моҳир педагог Саломат Хурсанова.
Кўриш асносида бир тўхтамга келдик. Мактабда меҳнат интизоми, тартиб-қоидаларга эътибор катта. Ҳозир бошқа синфхоналари, 6 та янги русумдаги тикув машинкалари билан жиҳозланган касб-ҳунар ўргатиш устахонаси, спорт тўгараклари машғулотлари ўтиладиган хоналар ўқув йилига шай қилинган.
Тозалик ва тайёргарлик ишларини бажаришда барча муаллима-ю педагоглар ҳамда директор ўринбосари Хайрулло Ражабов бошлиқ ишчи-хизматчилар алоҳида жонбозлик кўрсатишмоқда. Аҳилликда қилинган меҳнат туфайли мактаб ер участкаси обод, сара гуллар очилиб дилларни қувнатиб турибди.
-Янги ўқув йили олдидан бажарилган ҳозирлик юмушлари сизни қониқтирадими?- деб сўрадик мактаб раҳбаридан.
-Албатта. Жамоамизнинг якдиллиги, ишга масъулият билан ёндашиши туфайли қувончли байрамларни ёруғ юз билан қаршилаяпмиз.
Бир сўз билан айтганда, ниятларимиз катта, марралар юксак. Мен танти халқимиз, юртдошларимиз ва ўқитувчиларни қўшалоқ байрам билан самимий қутлайман. Илоҳим, юртимиз осмони мусаффо, мустақиллигимиз абадий бўлсин!- деди мактаб директори Н.Файзуллаев.
Биз мактаб жамоасининг галдаги фаолиятларига омаду зафарлар тилаб қайтдик.