Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида президент Шавкат Мирзиёевнинг фармони имзоланди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.
Хусусан, ноҳақ айбланган 2,3 мингга яқин киши оқланди, адашиб жиноят йўлига кириб қолгани сабабли озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниши мумкин бўлган 3,5 мингдан ортиқ ёшлар
ва хотин-қизларга маҳалла ва жамоатчилик кафилликлари асосида енгилроқ жазолар тайинланиб, ўз оилалари бағрида қолдирилди, инсон ҳуқуқларини қўпол тарзда бузган 60 нафар ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари жиноий жавобгарликка тортилди.
Шу билан бирга, суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқлар сақланиб қолаётганлиги, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичлари мавжудлиги, инвесторлар ҳуқуқларининг суд ҳимоясида бўлиши етарли даражада ташкил этилмаганлиги ва бошқа бир қатор камчиликлар суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги
ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида:
- Ўзбекистон Республикаси Олий суди Судьялар олий кенгаши ва судьялар ҳамжамияти билан биргаликда қонунчилик ташаббуси асосида суд тизимида 2021 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги ташкилий-тузилмавий ўзгаришларни амалга оширишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин:
вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш;
маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш;
маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши;
Амударё, Нуробод, Бойсун ва Пастдарғом туманлари иқтисодий судларини тугатиш;
фуқаролик ишлари бўйича Янгийўл туманлараро судини, фуқаролик ишлари бўйича Ургут, Сўх, Хатирчи, Пахтакор туманлари судларини, Пастдарғом туманлараро иқтисодий судини, жиноят ишлари бўйича Бўзатов, Тахиатош, Бандихон, Тупроққалъа туманлари судларини ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий малака ҳайъатининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьялари малака ҳайъатларининг қарорлари устидан Судьялар олий кенгашига шикоят қилиш ҳуқуқини бериш.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Судьялар олий кенгаши билан биргаликда икки ой муддатда мазкур бандда назарда тутилган масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига тегишли қонун лойиҳасини киритсин.
- Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратураси ва Адвокатлар палатасининг 2021 йил 1 январдан бошлаб қуйидагиларни жорий этишни назарда тутувчи таклифлари маъқуллансин:
а) суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқини бекор қилиш;
б) жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгилаш, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичини киритиш;
в) қуйидаги тартибларни жорий этиш:
туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят
ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш;
апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш;
давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш;
прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш;
қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш.
- Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасининг Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркибини (кейинги ўринларда – Судлов таркиби) тузиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.
Судлов таркибига инвестиция киритилган санада йигирма миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар (кейинги ўринларда – йирик инвесторлар) ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколати берилсин.
Белгилансинки:
инвестициявий низолар бўйича йирик инвесторларнинг, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар бевосита Судлов таркиби томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши;
қолган инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши мумкин.
- Ўзбекистон Республикаси Олий суди, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тузилмасида қуйидаги таркибий тузилма (лавозим)лар киритилишига розилик берилсин:
а) Ўзбекистон Республикаси Олий суди тузилмасида:
Олий суд бошқармалари фаолиятини ташкиллаштириш
ва мувофиқлаштириш вазифаси юклатилган, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумига ҳисобдор бўлган, Олий суд раисининг тақдимномасига асосан Олий суд Пленуми томонидан лавозимига тайинланадиган ҳамда лавозимидан озод этиладиган Ўзбекистон Республикаси Олий суди аппарати раҳбари лавозими;
Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси;
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси;
б) вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тузилмасида матбуот хизматлари.
- Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, Олий суди ва молия вазирлигининг Судьялар олий мактаби Суд амалиёти муаммоларини ўрганиш марказини тугатиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг Суд амалиёти муаммоларини ўрганиш марказини тугатиш ҳисобидан бўшаётган
9 та штат бирликлари Олий суд тизимда ташкил этилаётган Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармасини шакллантиришга йўналтирилади.
- Ўзбекистон Республикаси Олий суди аппарати раҳбари, бошқарма бошлиқларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари учун белгиланган, Олий суднинг бошқарув ходимлари таркибига киритилган бошқа ходимларига нисбатан эса, вилоят судлари судьялари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилсин.
Бунда, қайд этилган шартлар фақат муқаддам судьялик лавозимида ишлаган шахсларга нисбатан қўлланилиши, ушбу шахсларнинг шу лавозимларда ишлаган вақти судьялик стажига қўшилиши ва пенсия тайинлашда ҳисобга олиниши инобатга олинсин.
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2020 йил
1 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Судьялар олий кенгаши, Олий суди, қуйи суд тизими судьялари, Судьялар олий мактаби ва уларнинг аппарати ходимлари, Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимлари иш ҳақлари ва қўшимча тўловларини тўлиқлигича Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштиришга ўтказилишини ҳамда иш ҳақлари миқдорларини оширилишини назарда тутувчи таклифларни киритсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Молия вазирлиги билан биргаликда пенсия тайинланган ва судья сифатида ўз фаолиятини давом эттираётган шахсларнинг пенсиялари янги белгиланадиган судьялар меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини инобатга олган ҳолда қайта ҳисоб-китоб қилинишини таъминласин.
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Олий суд билан биргаликда икки ой муддатда:
судларнинг фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни янада кенгайтириш дастури бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин;
2021–2025 йилларда судларнинг бинолари ва хоналарини қуриш ҳамда реконструкция қилиш дастурини тасдиқласин.
- Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларининг намунавий тузилмалари 2-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларининг намунавий тузилмалари 3-иловага мувофиқ;
ҳарбий судларнинг намунавий тузилмалари 4-5-иловаларга мувофиқ;
туманлараро, туман (шаҳар) судларининг намунавий тузилмалари 6–9-иловаларга мувофиқ;
фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судларининг ва туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларининг юрисдикция ҳудудлари 10-11-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
- Белгилансинки, янгидан ташкил этилаётган судлар
ва бўлинмаларни тўлдириш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суд аппарати тузилмасига қўшимча бошқарув ходимлари штатларини киритиш судлар тизимини оптималлаштириш натижасида бўшайдиган штат бирликлари ҳисобидан амалга оширилади.
- Ўзбекистон Республикаси Олий суди Судьялар олий кенгаши билан биргаликда 2020 йил 1 ноябрга қадар қуйидагиларни назарда тутган ҳолда янги таҳрирдаги «Судлар тўғрисида»ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритсин:
судларнинг тузилиши, туман (шаҳар), туманлараро, вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судларнинг, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатларининг, Раёсатининг, Пленумининг ваколатлари доираси;
судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларга нисбатан қўйиладиган талаблар;
судьялар, суд раислари ва раис ўринбосарларини тайинлаш (сайлаш) тартиби;
судьяларнинг мақоми, уларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш;
судьяларга нисбатан интизомий иш фақат судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари томонидан қўзғатилишини назарда тутган ҳолда, судьяларнинг интизомий жавобгарлиги, интизомий ишни қўзғатиш ва кўриб чиқиш тартиби;
судьялар ваколатларини тўхтатиб туриш, шунингдек, тугатиш асослари ва тартиби;
судьяларнинг моддий таъминоти ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари.
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан биргаликда янгитдан ташкил этилаётган судларнинг жойлаштирилишини таъминласин.
- Ўзбекистон Республикаси Олий суди Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратураси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик
ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш
ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига 12-иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.
- Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев