USD10 487.53–0.12%
RUB142.13–0.48%

“МЕҲНАТ ВА ИЖРО ИНТИЗОМИ” фаолиятимизда устивор бўлмоғи лозим.

Маълумки, Президентимиз Ш.Мирзиёев ўз раҳбарлигининг илк кунлариданоқ янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлини белгилаб берар экан, асосий эътиборни таълим-тарбия тизимига қаратиб, бу тизим мажбурий меҳнатдан халос қилиниши долзарб эканлигига урғу берди.

Сир эмаски ўқитувчи ҳам, ўқувчи ҳам ўз иши, ўқиши билан машғул бўлиши, ўз навтида ўқитувчи, мураббийларнинг нафақат моддий манфаатдорлиги, балки устоз сифатида қадри ва масъулиятини янада кучайтиради.

Бироқ, олиб борилаётган ислоҳотларга қарамасдан таълим тизимида мажбурий меҳнатга йўл қўяётган раҳбар кадрлар учраётганлиги ачинарли албатта.

Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судида кўрилган иш мисолида.

Даъвогар А.Саидов /исми шарифи ўзгартирилган/ вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармасининг 2019 йил 19 декабрдаги 108-к сонли буйруғи билан туман болалар – ўсмирлар спорт мактабида 2019 йил 19 декабрдан 3 ой синов муддат билан лавозимга тайинланган бўлиб, тарафлар ўртасида шу куни 23-сонли меҳнат шартномаси расмийлаштирилган.

Буйруққа ходимнинг аризаси, меҳнат шартномаси, вазирликнинг               2019 йил 16 декабрдаги розилик хати асос қилиб олинган.

А.Саидов мактаб ходимларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишларига жалб қилиб, мажбурий меҳнатга йўл қўйганлиги ҳамда ўз хизмат вазифаларига масъулиятсизлик билан ёндашганлиги учун 2020 йил 19 июндаги 59-к сонли буйруқ билан                        МК 181-моддасининг 1-бандига асосан ҳайфсан, шунингдек 2020 йил                    25 – 26 июнь кунлари ишчи гуруҳи томонидан макатабда меъёрий ҳужжатларни юритишда қатор камчиликларга йўл қўйганлиги учун                        МК 181-моддасининг 1-қисм, 2-бандига асосан ўртача иш ҳақининг ўттиз фоизи миқдорида жарима интизомий жазолари тайинланган.

Мазкур интизомий жазо қўллаш ҳақидаги буйруқлардан норози бўлиб, даъвогар А.Саидов судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Ўзбекистон Республикаси МКнинг 181-моддасига мувофиқ, ходимга меҳнат интизомини бузганлиги учун иш берувчи қуйидаги интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли:

1) ҳайфсан;

2) ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима.

Ички меҳнат тартиби қоидаларида ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима солиш ҳоллари ҳам назарда тутилиши мумкин. Ходимнинг иш ҳақидан жарима ушлаб қолиш ушбу Кодекснинг 164-моддаси талабларига риоя қилинган ҳолда иш берувчи томонидан амалга оширилади;

3) меҳнат шартномасини бекор қилиш /100-модда иккинчи қисмининг 3 ва 4-бандлари/.

Ушбу моддада назарда тутилмаган интизомий жазо чораларини қўлланиш тақиқланади.

Мазкур Кодекс 182-моддаси 1 – 5 қисмларига кўра, интизомий жазолар ишга қабул қилиш ҳуқуқи берилган шахслар (органлар) томонидан қўлланилади /82-модда/.

Интизомий жазо қўлланилишидан аввал ходимдан ёзма равишда тушунтириш хати талаб қилиниши лозим. Ходимнинг тушунтириш хати беришдан бош тортиши унинг илгари содир қилган ножўя хатти-ҳаракати учун жазо қўллашга тўсиқ бўла олмайди.

Интизомий жазони қўлланишда содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг қай даражада оғир эканлиги, шу хатти-ҳаракат содир этилган вазият, ходимнинг олдинги иши ва хулқ-атвори ҳисобга олинади.

Ҳар бир ножўя хатти-ҳаракат учун фақат битта интизомий жазо қўлланиши мумкин.

Интизомий жазо бевосита ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан кейин, аммо бу хатти-ҳаракат аниқлангандан бошлаб, ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақтини ҳисобга олмасдан, узоғи билан бир ой ичида қўлланилади.

Интизомий жазо қўллашдан аввал ходимдан ёзма тушунтириш олинади.

Суд муҳокамасида аниқланишича, А.Саидов мансабдор шахс бўла туриб, ўзига юклатилган вазифани лозим даражада бажармаганлиги, 2020 йил 17 июнь куни соат 1510 ларда спорт мактаби телеграмм канали орқали тарқалган хабарга асосан 2020 йил 18 июнь куни соат 900 дан 1130 га қадар 15 нафар мураббийларни асосий базада, 27 нафар мураббийларни 1 базада ободонлаштириш ишларига жалб қилганлиги ҳолати бўйича меҳнат инспекциясининг 2020 йил 19 июндаги 396-сонли қарори билан МЖтКнинг 51-моддаси 1-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жаримага тортилган.

А.Саидов 2020 йил 18 июнда машғулот ташкил этиш олдидан ўқув базасини бегона ўтлардан тозалаш учун ишчи ходимлар ва мураббийларни ўзларига тегишли ҳудудда спорт майдонларини ободонлаштириш учун чақирилганлиги, ҳамма ходимлар эрталаб соат 900 дан 1100 гача ўзига тегишли жойини тозалаб кетишганлиги, мураббийлар орасида ҳомиладорлар чиқарилмаганлиги, ушбу ҳолат бошқа такрорланмаслиги тўғрисида 2020 йил 19 июнда тушунтириш хати ёзган.

Ушбу асосларда бошқарма бошлиғи томонидан А.Саидовга 2020 йил 19 июнда 59-к сонли буйруқ билан МК 181-моддасига асосан “ҳафйсан” интизомий жазо чораси қўлланилган бўлиб, 2020 йил 20 июнда ходим тилхат асосида буйруқ билан танишиб, бир нусха олган.

2020 йил 25 – 26 июнь кунлари бошқарма ишчи гуруҳи томонидан спорт мактаб мураббийлари мурожаатига асосан тайёрланган маълумотномадан кўринишича, спорт мактаби томонидан меҳнат биржасига мавжуд бўш иш ўринлари тўғрисида ҳисоботлар нотўғри бериб келиниб, мавжуд иш ўринлари яширилганлиги, 2020 йил январь – февраль ойлари учун берилган мукофотлар бўйича тайёрланган йиғилиш баёнлари имзоланмаганлиги, ходимларнинг иш фаолиятида йўл қўйган камчиликлари бўйича директор номига ёзилган 3 – 4 та тушунтириш хатларидан биттаси расмийлаштирилганлиги, айрим мураббийларга ҳозирга қадар ишга қабул қилиш буйруқлари расмийлаштирилмаганлиги, спорт мактабининг машғулотлар жадвали ВМ қарори талаблари асосида ишлаб чиқилмаганлиги, мураббийлар табели нотўғри юритилганлиги, спортдаги натижалари ва иш соатлари ўзгарган мураббийлар учун қўшимча тарификациялар ишлаб чиқилмаганлиги, мактаб спортчиларига разряд бериш тартиби йўлга қўйилмаганлиги, спортчиларнинг аксарияти тиббий кўрикдан ўтмаганлиги, рағбатлантириш пуллари ортиқча тўланганлиги, 2020 йилда буйруқ мавжуд эмаслиги, директор ўринбосарига моддий жавобгарлик буйруғи тайёрланмаганлиги, моддий товар бойликларни юритиш китоби юритилмаганлиги, айрим ходимларга қисқартирилган соатдан ҳам кўпроқ соатлар қўшилганлиги, спорт макбтабида кадрлар фаолиятига доир буйруқларда қонун ва норматив ҳужжатлар нормаларига риоя этилмаганлиги аниқланганлиги қайд қилинган ва маълумотнома билан директор А.Саидов имзо асосида таништирилган.

А.Саидов ҳолат юзасидан аниқланган камчиликларни 3 кунда ўз ўрнига қўйиши тўғрисида 2020 йил 26 июнда тушунтириш хати ёзган.

Ўрганиш натижалари муҳокамаси 2020 йил 30 июнда  ўтказилиб, директор А.Саидовга навбатдаги интизомий жазо чораси кўриш бўйича таклиф киритилган, директор /А.Саидов/га айрим ходимларга огоҳлантириш ва интизомий жазо чоралари кўриш вазифаси юклатилиши бўйича қарор қилинган.

Ушбу асосларда бошқарма бошлиғи томонидан А.Саидовга 2020 йил 2 июлда 69-к сонли буйруқ билан МК 181-моддасига асосан “ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима” интизомий жазо чораси қўлланилган бўлиб, 2020 йил 30 июлда ходимнинг буйруқ билан танишганлиги, бироқ тилхат ёзиб беришдан бош тортганлиги бўйича далолатнома тузилган.

Суд даъвогарнинг важлари билан билан умуман келишмайди. Чунки, А.Саидовга қўлланилган 2 та интизомий жазо чоралари ҳам МК ва бошқарма локал ҳужжати ҳисобланган – Вилоят жисмоний тарбия ва спорт меҳнат жамоасининг 2018 йил 17 апрелдаги 1-сонли йиғилиш баёни билан маъқулланган “Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ҳамда касаба уюшмаси кенгаши ўртасида 2018 – 2020 йиллар учун тузилган жамоа шартномаси” 65-банди /яъни, меҳнат интизомини бузганлик учун интизомий жазо чораларини қўллашга белгиланган муддатлар /МК 182-моддаси/ ўтиб кетгандан кейин йўл қўйилмайди/ қоидаларига асосан ўз муддатида қўлланилган бўлиб, бошқарма касаба уюшмаси билан келишилган ҳолда бошқарма бошлиғи томонидан 2018 йил 23 июлда тасдиқланган “Ички меҳнат тартиби қоидалари”нинг 53-банди /меҳнат интизомини бузганлиги учун иш берувчи қуйидаги интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли: – ҳайфсан; – ўртача ойлик иш ҳақининг кўпи билан ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима; – меҳнат шартномасини бекор қилиш/ қоидалариги тўлиқ риоя қилинган ҳолда, қоидаларнинг 54-бандида /жазо чораси қўлланишига қадар ходимга йўл қўйилган ҳуқуқбузарлик сабаблари ва ҳолатини ёзма равишда тушунтириш имконияти берилади/ қоидалари асосида тегишли тушунтиришлар олиниб, аниқланган фактик ва мақбул далиллар асосида қўлланилган.

Юқорида келтирилган ҳолатлардан кўринадики, иш берувчи томонидан интизомиий жазо қўллашда даъвогар А.Саидов томонидан содир этлган ножўя хатти-ҳаракатнинг қай даражада оғир эканлиги, шу хатти-ҳаракат содир этилган вазият, унинг олдинги иши ва хулқ-атвори тўлиқ ҳисобга олинган.

Шунингдек, ходимнинг иш фаолияти ва хулқ атворини юқоридаги ҳолатлардан ташқари туман ҳокими нинг 2020 йил 5 ноябрда А.Саидовнинг ҳатти-ҳаракатларидан норозилик мурожаатлари кўпайганлиги сабабли унга ҳокимлик ишончсизлик билдиришини маълум қилиб бошқарма бошлиғига 08/32-сонли мурожаатидан ҳам кўриш мумкин.

Демак, иш ҳолатлари ва қонун талабларидан келиб чиқиб, суд 2020 йил 16 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар А.Саидовнинг жавобгар Бухоро вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармасига нисбатан ўтказиб юборилган муддатни тиклаш ва интизомиий жазо қўллаш ҳақидаги буйруқларни бекор қилиш тўғрисидаги даъвонинг рад этилиши қонунийлик ва адолат тамойилларига тўла мос келади деб ҳисоблади.

Хулоса ўрнида.  Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 8-моддасининг 3 – 6 қисмларига кўра, фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт. Фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари иштирокчиларининг ҳалол, оқилона ва адолат билан ҳаракат қилиши назарда тутилади.

Фуқаролар ва юридик шахслар ўз ҳуқуқларини амалга оширишда жамиятнинг маънавий тамойиллари ва ахлоқий нормаларини ҳурмат қилишлари, тадбиркорлар эса — иш одоби қоидаларига ҳам риоя этишлари керак.

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг бошқа шахсга зарар етказишга, бошқача шаклларда ҳуқуқни суиистеъмол қилишга, шунингдек ҳуқуқни унинг мақсадига зид тарзда амалга оширишга қаратилган ҳаракатларига йўл қўйилмайди.

Ушбу модданинг учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган талабларга риоя қилинмаган тақдирда, суд шахсга қарашли ҳуқуқни ҳимоя қилишни рад этиши мумкин.

Мавзуга оид