Президентнинг 2017 йил 21 ноябрдаги [ПҚ-3402-сон] қарори билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг «Мард ўғлон» давлат мукофотини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 2 нафардан вакилларига ҳар йили «Ёшлар куни» арафасида топшириш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.
«Мард ўғлон» давлат мукофоти ўқишдаги муваффақиятлари, ижтимоий фаоллиги ва истеъдоди билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган иқтидорли йигитларга фан, таълим, тиббиёт, маданият, адабиёт, санъат, спорт, ишлаб чиқариш, ҳарбий хизмат соҳаларида ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун берилади.
«Мард ўғлон» давлат мукофотига талабгорлар Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат мукофотлари ва геральдика бўйича Комиссия томонидан кўриб чиқилади. Унинг натижаларига кўра Комиссия томонидан президентга таклифлар киритилади. «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирлаш президент қарори билан амалга оширилади.
«Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳиблари бўлган ўқувчилар ОТМларнинг бакалавриат босқичига, олий ўқув юртлари талабалари ёки бакалавр даражасига эга ёшлар эса магистратура босқичига тегишли йўналиш бўйича кириш имтиҳонларисиз давлат грантлари асосида қабул қилинади.