Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шартларидан биридир.
Чунки, инсон шаъни, қадр-қимати, ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари айнан адолатли ва мустақил суд томонидан ҳимоя қилинади.
Кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини янада демократлаштириш, Конституция устуворлиги, қонун олдида тенглик, инсонпарварлик, адолатлилик, суд ҳокимятининг мустақиллигини таъминлаш, суд жараёнида тортишув тамойилларини татбиқ этиш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш бўйича чора-тадбирлар мажмуи қабул қилинди.
Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигини 32 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида суд тизими мустақил бўлмас экан, жамиятимизда ривожланиш бўлмайди. Суд идорасига иши тушган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига
ишонч ҳосил қилиши лозим. Янги Ўзбекистонда ҳар қандай баҳсли масалага адолатли ечим фақат одил суд томонидан топилиши керак. Судьялар ишига
ҳар қандай аралашув кескин жазоланади, уларнинг хавотирсиз ишлаши учун барча зарур шароитлар яратилади. Қанчалик қийин бўлмасин, суд тизимидаги ислоҳотларимизни, албатта, давом эттирамиз”, деб таъкидлаб ўтди.
Шу билан бирга, Президентимиз 2022 йил 20 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида ҳам мазкур масалага тўхтатилиб, ўтиб қисқа муддатда ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича
ишлашга ўргатадиган, одил судлов сифатини оширадиган тизим яратилишини қайд этди.
Шу муносабат билан 2023 йил 16 январь Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари қабул қилинди.
Мазкур тарихий ҳужжатларда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини оширишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, Президентимизнинг “Одил судловга эришиш имкониятларини
янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ 2023-2026 йилларда суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг
қисқа муддатли Стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар
дастури тасдиқланди.
Стратегия Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятини ривожлантиришнинг асосий мақсадлари, устувор йўналишлари ҳамда истиқболли вазифаларини белгилайди, шунингдек соҳага илғор халқаро стандартларни янада кенг жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Шунингдек, ушбу Стратегияни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастурида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишнинг 10 та йўналиши бўйича 28 та чора-тадбирлари белгилаб қўйилди.
Жумладан, уларга кўра, тергов устидан суд назоратини кучайтириш мақсадида “Хабеас корпус” институти амалиётга янада кенгроқ жорий
этилмоқда.
Кези келганда шуни айтиш керакки, тараққий этган давлатларда
жиноий таъқибга учраган, ҳибсга олинган ёки қамоқда сақланаётган фуқаронинг адолатли суд орқали ҳимояланишга бўлган ҳуқуқини “Хабеас-корпус” деб номлаш одат тусига кирган. “Хабеас-корпус” атамаси лотинчадан олинган бўлиб, “шахсни (судга) келтириш” деган маънони англатади. 1679 йил 26 май куни инглиз Парламенти томонидан қабул қилинган қонун – “Хабеас-Корпус Акт” атамасидан олинган.
Таъкидлаш жоизки, низоларни муқобил ҳал қилиш институтини ривожлантириш, яъни айрим тоифадаги ишларни судгача ва суддан ташқари ҳал қилиш механизмларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳтларнинг муҳим таркибий қисмидир.
Ҳозирги кунда ривожланган хорижий давлатлар ҳуқуқий тизимида низони судгача олиб бормасдан, муқобил йўл билан ҳал қилишга қаратилган медиация-тарафлар ихтиёрий розилиги билан низони ўзаро ҳал этиш
жараёни алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Шу ўринда, 2019 йил 1 январдан кучга кирган “Медиация тўғрисда”ги қонун ушбу институтни амалиётга кенгроқ жорий этишга замин яратганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Таҳлилларга кўра, сўнги 3 йилда фуқаролик судлари томонидан медиация тартиб-таомили қўлланилиб ва медиатив келишув бўйича кўрмасдан қолдирилган ишлар сони ошганлигини кўришимиз мумкин.
Ўткир Разиков,
Фуқаролик ишлари бўйича
Пешку туманлараро суди раиси
Мақсад Матякубов,
Фуқаролик ишлари бўйича
Пешку туманлараро суди судьяси