МАКТАБЛАРДА ВА ОЛИЙГОҲЛАРДА ЎҚИШНИ 1-ОКТЯБРДАН БОШЛАШ ТАКЛИФ ЭТИЛДИ

 МАКТАБЛАРДА ВА ОЛИЙГОҲЛАРДА ЎҚИШНИ 1-ОКТЯБРДАН БОШЛАШ ТАКЛИФ ЭТИЛДИ

Мактабларда ўқишни 6-сентябрдан эмас 1-октябрдан бошлаш таклиф этилди. Шунингдек таклифда олийгоҳларда ҳам ўқишни 1-октябрдан бошлаш кераклиги айтиб ўтилди

Агар ўқув йили йил фаслларига эмас, молиявий йилнинг тўртинчи чорагига мосланган ҳолда, 1 октябрда бошланадиган бўлса, ўқиш ҳам 4та чорак эмас, 3 ой-3 ойдан учта триместр қилинса бўлади:

  1. Октябрь-ноябрь-декабрь (31 декабрдан 10 кун таътил)
  2. Январь-февраль-март (21 мартдан 10 кун таътил)
  3. Апрель-май-июнь (1 октябргача 3 ой таътил)

Олийгоҳларда икки семестрни октябрдан февралнинг 15-санасигача, ундан июнь ойи охирига қадар қилиш мумкин.

Маълумки, 1 октябрь бизда ўқитувчилар ва мураббийлар куни — умумхалқ байрами ҳисобланади. Агар ўқув йили бу тарзда бошланадиган бўлса, 1 октябрни барча учун умумхалқ байрами қилиш ҳам шарт бўлмас эди (Агар таклиф инобатга олиниб, ислоҳот ўтказилса, буни ҳам қўшиб кетса бўлади, албатта).

Субъектив фикримча, ўқитувчиларнинг ўзи таълим даргоҳи очилишини ўтказиб, табрикларни қабул қилиб, фақат улар учун шу кунни қисқа иш куни қилинса етарли бўларди.

Агар умумхалқ байрами бўлиши шарт, деган фикр ғолиб келса, шу байрамни 5 октябрь — БМТ тасдиқлаган халқаро ўқитувчилар кунига кўчирса мақсадга мувофиқ бўлади.

Агар ўқув йили бошланиши 1 ойга суриладиган бўлса, ўқишнинг тугаши 20-25 июнларгача борарди, имтиҳонлар ўтказилиб, 30 июнь — ёшлар куни билан тугарди. Шунда ўқиш тизимимиз собиқ СССРнинг ўзгармай келаётган андозасида эмас, азалий ва янги қадриятларимизга мос, қандайдир ўзбекона бўлар эди.

Албатта, айримлар июнь ойида кунлар исиб кетиши, ўқишни саратонгача тақаш — уларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатишини рўкач қилиши ҳам мумкин. Бунга чора сифатида, кичик синф ўқувчиларининг дарсларини ихчамлаштириб, эртароқ тугатиш мумкин.

Юқорида таъкидланганидек, таътилни бир ой ортга суришдан кўзланган мақсадлардан бири — қишлоқ жойларда ўқитувчилар ва талаба ёшларга қурилишларда меҳнат қилиб ёки далаларда пахта териб пул ишлаб олиш, қўшимча даромад қилиш учун шароит яратиш.

Мавзуга оид