Бухоро шаҳрида яшовчи фуқаро томонидан таҳририятимизга мурожаат йўлланди.
Мурожаатда қайд этилишича, Бухоро шаҳридаги 19-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчиларга мажбурий қўшимча пулли машғулотлар ташкил этилмоқда экан. Ота-оналарга берилган шартномада ҳар бир соатлик машғулот учун 12 500 сўм тўлов белгиланган. Масалан, ўқувчи ҳафтасига 5 соат машғулотга қатнашса, ойига 62 500 сўм, ҳафтасига 20 соат қатнашса эса 250 000 сўм тўлаш назарда тутилган.
Шартномада тўловлар олдиндан амалга оширилиши, тўлов қилинмаган тақдирда хизмат кўрсатилмаслиги кўрсатилган. Шунингдек, шартнома мактаб ва ота-она ўртасида икки нусхада тузилиши ҳамда банк реквизитлари орқали тўлов қилиниш тартиби белгиланган.
Мурожаатчи айнан шу шартномадаги моддий мажбуриятлар ва пуллик машғулотлар тартибидан норози эканлигини билдирмоқда.
Мактабда пулли таълим хизматлари кўрсатилиши юзасидан йўлланган ушбу мурожаатга вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасидан изоҳ кутиб қоламиз.