Маҳсулот етказиб бериш шартномаси билан боғлиқ низо тегишлича ҳал этилди

 Маҳсулот етказиб бериш шартномаси билан боғлиқ низо тегишлича ҳал этилди

Даъвогар «Бухоро логистик» хусусий фирмаси иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар «Акбар мелиоратив қурилиш» масъулияти чекланган жамиятидан 9.531.215 сўм асосий қарз, 4.308.109 сўм пеня, жами 13.839.324 сўм ундиришни сўраган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, даъвогар ҳамда «Достон мелиоратив қурилиш» масъулияти чекланган жамияти ўртасида 2019 йил 27 майда,183-сонли темир-бетон маҳсулотини етказиб бериш шартномаси тузилган.

Шартноманинг 1.1- бандига асосан даъвогар жавобгарнинг буюртмасига кўра темир-бетон маҳсулотларини ишлаб чиқариш, жавобгар эса мазкур маҳсулотларни шартномада белгиланган тартибда қабул қилиб олиш мажбуриятини олган.

Бироқ, жавобгар шартномавий мажбуриятини лозим даражада бажармасдан етказиб берилган маҳсулотлар ҳақини даъвогарга тўлиқ тўламай, 49.531.215 сўмлик тайёрланган маҳсулотларнинг ҳақини 2019 йил 27 майдан 30 октябрига қадар, 40.000.000 сўмлик маҳсулот ҳақини 2019 йил 27 майдаги 102-сонли тўлов топшириқномаси орқали тўлаб, қолган 9.531.215 сўмга қарздор бўлиб қолган. Ушбу ҳолат иш ҳужжатларига илова қилинган.

2019 йил 30 майдаги 195-сонли, 2019 йил 2 июндаги 227-сонли ҳисоб-фактуралари ва даъвогар вакилининг оғзаки кўрсатмалари билан тасдиқланган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 236-моддасига кўра мажбуриятлар мажбурият шартнома шартлари ва қонун ҳужжатларига мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.

Шунингдек, Кодекснинг 333-моддасининг биринчи қисмига кўра қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради.

Биринчи инстанция судининг 2021 йил 17 мартдаги ҳал қилувчи қарори билан даъво ариза қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 9.531.215 сўм асосий қарз ундириш талаби тўлиқ қаноатлантирилган.

Суд, мажбуриятни бузилиши билан неустойка миқдори номутаносиблиги, тарафларнинг манфаатлари, даъвогар қарздорликни ўз вақтида ундириш чораларини кўрмаганлигини инобатга олиб, даъвогарнинг 4.308.109 сўм пеня ундириш тўғрисидаги талабини 1.861.621 сўмга қаноатлантиришни лозим топган.

Маҳсулот етказиб бериш шартномаси билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатга кирувчи, хўжалик юритувчи субъектлар аввало, шартнома шартлари ва юқоридаги қонун ҳужжатлари нормаларига қатъий риоя қилишлари зарур. Ушбу тартибга амал қилиш тарафлар ўртасида низоларнинг келиб чиқмаслигига ёки келиб чиққан тақдирда уни судга қадар ҳал этиш имконини беради.

Луқмон Кадиров, Бухоро вилоят судининг раиси

Музаффар Болтаев, Когон туманлараро иқтисодий судининг раиси

Мавзуга оид