USD10 525.63+0.13%
RUB138.47+0.43%

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг қонунийлиги устидан суд назоратини ўрнатиш масалалари.

 Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг қонунийлиги устидан суд назоратини ўрнатиш масалалари.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устивор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш ва эркинлаштиришга, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги роли ва аҳамиятини оширишга замин яратди.

Фақат суд ҳокимиятигина ҳар бир шахснинг ваколатли ва холис судда ишни ошкора кўриш орқали ўзининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиши мумкинлигига кафолат бўлишига хизмат қилади.

Бинобарин, мустақил ва холис судни талаб қилиш ҳар бир инсоннинг ҳуқуқидир (Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон деклорацияси 10-моддаси).

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 
2020 йил 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида, “Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишонч ҳосил қилиб кетиши керак.” деган сўзлари том маънода суд ислоҳотларининг мазмун ва моҳиятини ташкил этади.

Ҳокимиятлар бўлинишида мустақил ҳокимият тармоғи бўлган суд ҳокимиятини тубдан такомиллаштириш, суднинг жамиятдаги нуфузини оширишга қаратилган ҳаракатлар, умуман олганда давлатдаги барча ислоҳотлар марказида турган инсон, унинг шаъни ва қадр қиммати олий қадрият саналиши, давлат органларининг асосий фаолияти халқни рози қилишга қаратилган ислоҳотлар ўз натижасини эртага эмас бугунги кунда бериши кераклигини белгилаган ҳолда олиб борилмоқда.

Соҳага бўлган эътибор сўнги 30 йилда амалга оширилмаган бир вақтда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устивор йўналиши бўйича Ҳаркатлар стратегиясининг “Қонун устиворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устивор йўналишлари” доирасида суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш, жумладан соҳада йиллар давомида ечим топмаган муаммоли масалаларни ҳал қилиш борасида ўндан ортиқ Президент қарор ва фармонлари ҳамда парламент томонидан одил судлов сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган учта кодекс (Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси) янгидан қабул қилиниб, қатор қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шунингдек, бу йўналишдаги устивор вазифалар юзасидан 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Бу ўзгаришлар ўз ўзидан халқимизнинг одил судловга бўлган ишончини оширишга, қолаверса давлатимизнинг халқаро майдонда нуфузини оширишга хизмат қилмоқда.

Одил судловни ва суд тизиминининг мустақиллигини таъминлаш ўз навбатида мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини мустаҳкамловчи асосий индикаторлардан бири ҳисобланади. Бу бўйича БМТ махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саяннинг 2019 йилдаги мамлакатимиздаги ташрифи давомида билдирган тавсиялари ва халқаро ҳужжатлардаги нормаларни ҳаётга татбиқ этиш аҳамиятли ҳисобланиб, мазкур тавсиялар мамлакат рейтинг кўрсаткичларини яхшилаш билан бирга, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириши билан аҳамиятли.

«Heritage Foundation» тадқиқот маркази томонидан «Иқтисодий эркинлик индекси-2021» ҳисоботига кўра, Ўзбекистон 186та мамлакат орасида 58,3 балл билан 108-ўринни эгаллади. Сўнгги ҳисоботга кўра, мамлакат рейтинги 1,1 баллга яхшиланиб,
6 поғонага кўтарилган. Шу билан бирга, охирги тўрт йилда 44 та ўрин           (152-ўриндан 108-ўринга) юқорилаган.

Ўзбекистон рейтингда Осиё-Тинч океани минтақасидаги 40 та мамлакат орасида 21-ўринни эгаллади.

Маълумот учун: 2017 йилга қадар Ўзбекистоннинг «Иқтисодий эркинлик» рейтинги 50,0 баллдан ошмаган бўлиб, «тўлиқ эрксизлик», яъни иқтисодиёти репрессиядаги давлатлар қаторида бўлган.

Бинобарин, давлатимиздаги ҳар бир инсон онгида авваламдан қонун устиворлиги, бузулган ҳуқуқ ва манфаатларини албатта суд орқали ҳимоялашга бўлган ишончни шакллантирмас эканмиз, ислоҳотларимиздан кутилган натижаларни, инвесторларнинг мулк ҳуқуқларини ва мулкдор ҳуқуқларининг кафолатларини етарли даражада таъминлаш мушкул.

Шу билан бирга давлат сиёсатининг устивор йўналишларидан бири бўлиб қоладиган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, суднинг ҳокимиятлар бўлинишидаги мустақил ҳокимият сифатидаги нуфузи ва тўлақонли мустақиллигини таъминлаш, ҳокимиятларнинг бошқа тармоғи, хусусан ижро ҳокимияти билан ўзаро таъсири ва тийиб туриш механизмларининг ҳуқуқий асослари тўла ишлаб чиқилмагани, ижро ҳокимияти органларининг, хусусан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қонун устиворлигини таъминлаш бўйича суд назоратини кутиб ётибди десак хато бўлмайди.

Бу борадаги дастлабки қадамлар қўйилаётган бир пайтда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини қонунийлиги устидан суд ҳокимияти назорат механизм ва шаклларини ислоҳ қилиш вақти келди назаримда.

Айнан шу йўналишда Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан 2017 йилдан бошлаб республикамизда оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида маъмурий судлар ташкил этилди.

Биргина, 2019–2020 йилларда маъмурий судлар томонидан 31 минг  322 та ариза кўрилиб, улардан 21 минг 272 таси ёки салкам 70 фоизи қаноатлантирилган, шу жумладан ҳокимларнинг 3 мингга яқин қарори ноқонуний деб топилиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Кўриниб турибдики, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари қонунийлиги суд ва одил судлов орқали таъминлаш қонунийликни таъминлашнинг самарали воситаларидан.

Бу борадаги хорижий тажрибани ўрганиш ва миллий қонунчилиигимиз негизларини инобатга олиб тадқиқ қилиниши ўз ечимини топмай келаётган ҳокимиятлар бўлинишининг классик назарияси бўйича ўзаро тийиб туриш механизмини рўёбга чиқариш томон илдамлашни замоннинг ўзи кўрсатмоқда.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг қонунийлиги устидан суд назорати маълум маънода маъмурий ҳуқуқнинг моҳиятидир.

Бу, давлат ҳокимияти органининг қонуний ваколатларини текшириш учун энг мақбул усулдир. Расмий қарор ёки маъмурий ҳужжатнинг суд жараёни доирасида ўрганилиши мумкин бўлган жиҳатларига давлат органининг ваколатлари, давлат органининг қонуний ваколатлари доираси, тартиб-таомилнинг етарлилиги ва одиллиги, олинган далилларни суд жараёнида текшириш одил судловни таъминлашга оид мазкур масалага киради. Кейинчалик бу ўз-ўзидан превентив характер касб этиб маҳаллий давлат ҳокимияти органларида қарорлар қабул қилишда ҳисобга олинади.

Aгар суд назорат (кенг маънода) етарлича кенг юрисдикцияга эга бўлса, маъмурий ҳужжат ёки қарорни бекор қилиши билан бир қаторда ғайриқонуний қарор қабул қилган мансабдор шахс ёки коллегиал орган аъзоларининг солидар жавобгарлигини белгиланиши, давлат идораси ўз вазифаларини бажариши натижасида етказилган зарар учун жавобгарлик белгилиниши белгиланиб бу тегишли мансабдор шахсларнинг ва давлат органинг масъулиятини ва жавобгарлигини оширишга хизмат қилади.

Бунда шунига эътибор қаратиш керакки суд текшируви маъмурий ҳужжатларнинг мақсадга мувофиқлиги ёки асослилигини текшириш усули бўлиб қолмасдан, бу ўринда судлар ўзининг қарорларини масъул органнинг қарорлари билан алмаштиришни мақсад қилмайди.

Бу борадаги хорижий тажрибида турли хиллик мавжуд.

Жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг суд назорати турли мамлакатларда турлича. Масалан, Швеция ва Францияда ташқи ишлар ва мудофаа билан боғлиқ ваколатлардан ташқари барча ихтиёрий ваколатларни амалга оширишга қадар суд назоратидан ўтадилар. Бошқа ҳолларда, процедура билан овора бўлиш қарорни суд томонидан кўриб чиқилишига олиб келади, фақат қарорнинг моҳиятини кўриб чиқиш ўрнига, тўғри процедура бажарилганлиги тўғрисида ҳам, маъмурий тартиб-тамойилларга риоя этилганлиги суд назоратининг мазмунини ташкил қилади.

         Суд назорати давлатни муайян тарзда ҳаракат қилишга мажбур қила олмайди, чунки тегишли судлар ўзи куч ишлатишни назорат қиладиган ҳукуматга санкция беролмайди.

Бугунги суд амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари (вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари қарорлари) қарорлари устидан фуқаро ва юридик шахсларнинг шикоятлари доирасида шикоят тарзидаги ва даъво ариза тарзидаги ишлар кўрилмоқда.

Умаман олганда судда назорат функцияси мавжуд бўлмасада, муайян ҳаракат ва қарор юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қонун ҳужжатлари талабларига жавоб бермайдиган ҳужжатлари бекор қилинишида, ҳақиқий эмас деб топилишида ифодаланган суднинг назорати мазкур суд ҳужжати қабул қилиш орқали амалга оширилади.

Суд муайян ишни кўриш жараёнида мансабдор шахс ва ҳолат бўйича қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаган тақдирда ўзининг хусусий ажримини қабул қилиб тегишли орган ёки қонунбузарликка йўл қўйган ташкилот  ва мансабдор шахсга чора кўриш, ҳуқуқий баҳо бериш учун йўналтиради. Албатта, суднинг хусусий ажримини бажармаслик маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг бекор бўлиш динамикаси турли ҳудудларда турлича бўлиб бунга ҳудуддаги қурилиш ва ер майдонларини давлат ва жамият манфаатлари учун олиб қўйилиши, ҳудудлардаги маҳаллий давлат ҳокияти органларининг турличи иш юритиши ва турлича ҳуқуқни қўллаш амалиётлари шаклланганлигини, ҳудад аҳолиси ва иқтисодий ривожланишининг турличалигини кўриш мумкин.

Шу сабабли жамиятда суднинг ролини ошириш мақсадида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг барча қарорлари устидан келган низони судга тааллуқлилигини белгилаш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг яккабошчилик ва коллегиаллик асосида қабул қилинган қарорларини ҳам суд тартибида низолашишга йўл қўйиш, судда низо кўрилишида албатта маҳаллий давлат ҳокимияти мансабдор шахси иштирокини таъминлаш лозим. Бунда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахслари билан судда жорий этиладиган видеоконференцалоқа хизмати орқали масофадан туриб суд мажлиси ўтказиш имкониятларини кенгайтириш бўйича тартиблар жорий қилинса мақсадга мувофиқ.

Зеро, республикамизда жойлашган барча фуқаро ва юридик шахслари ўзининг бузилган ва манфаатларига даҳл қилган маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлар юзасидан суд орқали низолашиш, суд орқали ҳимояланиш кафолатларини кенгайтириш орқали маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятида қонунийликни лозим даражада таъминлаш имконини яратади.

Икромжон Тошов,  Бухоро вилоят суди судьяси

Шамшод Султонов,  судья катта ёрдамчиси

Мавзуга оид