Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қўқон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Р.” МЧЖга қарашли дорихона мудири М.И. харидорга таркибида кучли таъсир қилувчи моддалари мавжуд бўлган 3 хил турдаги 138 дона дори воситаларини сотган вақтида ушланиб, ушбу дорихонадан жами 1 293 дона дори воситаларини ашёвий далил сифатида олинган.
Шу каби, Департаментнинг Навоий шаҳар бўлими томонидан вилоят божхона бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “K.M.” хусусий корхонасига қарашли дорихона сотувчиси Д.Н. харидорга 50 дона “Reduksin” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини шифокор рецептисиз сотган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Департаментнинг Жондор туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса, “F.М.” МЧЖга қарашли дорихона сотувчи Ф.И. ҳеч қандай ҳужжатсиз 4 дона “Габанерв” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини фуқаро М.Ш.га сотган вақтида ушланиб, дорихонадан жами 198 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят кодексининг 251-1-моддаси (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) ва 186-3-моддаси (таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.