Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2018 йил
29 январдаги 490-сонли қарори билан “Судьялар одоб-ахлоқ кодекси” тасдиқланган бўлиб, мазкур Қоидалар судьялар учун касбий фаолиятда
ва хизматдан ташқари вақтда мажбурий одоб-ахлоқ қоидаларини белгилайди. Унга кўра судья учун одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолият бошқа мажбуриятларга нисбатан устун ҳисобланади. Суднинг фаолияти қонун устунлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилган, судья одил судловни амалга оширишда унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши, судьянинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси ҳамда суднинг нуфузига путур етказиши мумкин бўлган фаолиятдан ўзини тийишга мажбур.
Коррупция ва таъмагирликка қарши курашиш ҳақида такрор-такрор айтиб келинаётганлигига қарамасдан минг афсуски ханузгача судларда коррупция билан боғлиқ нохуш холатлар содир этилмоқда.
Коррупция деганда фақат пора олиш ёки бериш эмас, судья ёки суд ходимининг юриш-туриши, хатти-ҳаракати ҳам коррупция сифатида баҳоланиши мумкин.
Судья ва суд аппарати ходими фуқародан таъмагирлик қилишга ҳаққи йўқ. Шунингдек, шахсий, оилавий, ижтимоий ёки бошқа муносабатлар унинг хизматдаги хулқ-атворига, у томонидан қабул қилинаётган қарорларга таъсир этишига йўл қўймаслиги керак.
Суд ходими ўз хизмат мавқеидан шахсий фойда олиш ёки бошқа шахслар манфаатини қаноатлантириш мақсадида фойдаланиши мумкин эмас.
Сўнгги йилларда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда судья ва суд ходимларининг ойлик иш ҳақилари оширилганлигини, шу сабабли ҳар бир судья ва суд ходими ўз ишига виждонан ёндошиши, фуқаролар билан ҳушмуомалада бўлиши, фуқароларни ортиқча овора қилмаслик лозим.
Бинобарин, пора олиш, пора бериш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш, порахўрлик, таъмагирлик тушунчаларининг маъносини тушунтириб, судья одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ фаолиятига ўтказилган тазйиқ ва аралашувлар, муайян ҳаракатларни бажариш ёки бажармаслик учун ҳақ (пора) таклиф қилинган тақдирда, Судьяларнинг олий малака ҳайъатига хабар бериши шартлигини, суд ходими бу ҳақда тегишли суд раисига хабар беришга мажбурлигини, хабарномага қўйилган талабларни, прокуратура органларига хабарнома нусхасини юбориш тартиби, пора таклиф қилган шахслар тўғрисида хабар берганлик учун мукофот бериш тартиби жорий қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январда қабул
қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунига кўра, коррупция шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий
ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда
фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдир.
Мазкур қонунга мувофиқ, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
- Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини
юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни
шакиллантириш; - Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг
олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш; - Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг
муқаррарлиги принципини таъминлаш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари коррупцияга қарши курашишда давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, коррупцияга қарши курашишнинг муҳим масалаларини белгилашни назарда тутади.
Мазкур ҳужжатларнинг алоҳида хусусиятлари шундан иборатки,
уларда коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг
устувор йўналишлари ва уларни амалга ошириш механизмлари, коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш бўйича янги тартиботлар ва чоралар, шунингдек бу борада давлат органларининг устувор вазифалари белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 январдаги “Коррупцияга қарши курашишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, маҳаллий
давлат ҳокимияти органларида коррупцияга қарши курашиш бўйича
чора-тадбирларнинг самарадорлигини таҳлил қилиш, баҳолаш ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган Коррупцияга қарши курашишнинг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилди.
Шу билан бирга кетма кет икки йил давомида коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги қониқарсиз деб топилган давлат ташкилотлари раҳбарларига белгиланган тартибда интизомий жавобгарлик
чораларини қўллаш масаласи кўриб чиқилиши белгиланди.
Хусусан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупцияянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси, Жамоатчилик назоратини ривожлантириш жамғармаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида коррупцияга қарши
ички назорат тузилмалари кабилар ва уларнинг коррупцияга қарши курашишдаги ваколатлари белгиланган.
Хулоса сифатида шуни қайд этиш жоизки, коррупцияга қарши курашишда президентлик институти алоҳида ўрин тутмоқда. Шу боис, бугунги кунда давлатимизда коррупцияга қарши курашиш сиёсатининг асосий ташаббускори давлатимиз раҳбари эканлиги ҳамда бу борадаги хорижий тажрибадан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг коррупцияга қарши курашишдаги ваколатларини
қонун даражасида белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Ўткир Разиков,
Фуқаролик ишлари бўйича
Пешку туманлараро суди раиси
Мақсад Матякубов,
Фуқаролик ишлари бўйича
Пешку туманлараро суди судьяси