Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишда бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги ҳукумат қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди (https://regulation.gov.uz/uz/document/21045). Ҳужжат Бош прокуратура томонидан ишлаб чиқилган.
Унга кўра, қуйидаги миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантириш кўзда тутилмоқда:
Биринчидан, коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида берилган хабар учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари;
Иккинчидан, пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача бўлса, базавий ҳисоблашнинг қуйидаги миқдорида:
✅ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят учун ‒ беш баравар;
✅унча оғир бўлмаган жиноят учун ‒ етти баравар;
✅оғир жиноят учун ‒ ўн баравар;
✅ўта оғир жиноят учун ‒ ўн беш баравар;
Учинчидан, пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан юз бараваригача бўлса, базавий ҳисоблашнинг қуйидаги миқдорида:
✅ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят учун ‒ ўн баравар;
✅унча оғир бўлмаган жиноят учун ‒ ўн беш баравар;
✅оғир жиноят учун ‒ йигирма баравар;
✅ўта оғир жиноят учун ‒ йигирма беш баравар;
Тўртинчидан, пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан кўп бўлса, қуйидаги фоиз ҳисобида ҳисобланади:
✅анча миқдор (БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача) учун ‒ ўн беш фоизи;
✅кўп ёки жуда кўп миқдор (БҲМнинг 300—500 бараваригача ҳамда 500 баравар ва ундан кўп) учун ‒ ўн фоизи.
Ҳужжат ташаббускорларининг айтишича, Давлат бюджетидан ушбу мақсадлар учун ҳар йили қўшимча ўрта ҳисобда 300-500 млн сўм маблағлар талаб этилади.