Ушбу мақолада корпоратив бошқарув тушунчаси, корпоратив муносабатларнинг ривожланиш тарихи ҳамда корпоратив бошқарув органлари фаолиятини қонун нормалари билан тартибга солиниши ва уни такомиллаштириш масалалари илмий таҳлил қилинган, натижаси юзасидан тегишли таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилган.
В данной статье проводится научный анализ понятие корпоративного управления, история корпоративных отношений и понятие корпоративного управления и вопросы регулирования в законодательстве, а также мнения и обсуждения по совершенствованию деятельности корпораций и их органов.
This article presents the concept of corporate governance, the history of corporate relations and the concept of corporate governance and regulatory issues in legislation, as well as opinions and discussions on improving the activities of corporations and their bodies.
Таянч сўзлар: тадбиркорлик субъектлари, корпорациялар, хўжалик жамиятлари, таъсисчиларнинг умумий йиғилиши, ижроия орган, инвесторлар.
Ключевые слова: субъекти предпринимательства, корпорации, хозяйственное общество, общее собрание, исполнительный орган, наблюдательный совет, инвесторы.
Keywords: business entities, corporations, economic company, general meeting, executive body, board of directors, investors.
Мулкий ва ҳуқуқий муносабатлар жадал ривожланиб бораётган ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитида тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, эркинлаштириш ҳамда уларнинг рақобатбардошлигини ошириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунингдек, янги Ўзбекистоннинг жаҳон рейтингидаги ўрнини ошириш борасида ҳам тадбиркорлик фаолиятини жаҳон стандартлари асосида янада такомиллаштириб бориш мақсадга мувофиқдир.
Тадбиркорлик фаолиятини самарали амалга оширишда уни субъектларига қандай шарт-шароитларнинг яратилганлиги муҳим аҳамият касб этади. Ҳозирда республикамизда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг муайян қисми масъулияти чекланган жамиятлар, хўжалик ширкатлари ҳамда акциядорлик жамиятлари ҳисобланади. Ушбу тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини тўғри ташкил этиш келгувсида улар фаолиятининг яхши ривожланишига, хорижий контрагентларда мазкур субъектларга нисбатан ишончнинг янада ошишига сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунининг 3-моддасига кўра, тадбиркорлик фаолияти тадбиркорлик субъектлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган, ўзи таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускорлик фаолиятидир.
Тижоратчи, яъни фойда олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олган юридик шахслар хўжалик ширкати ва жамияти, ишлаб чиқариш кооперативи ва қонунларда назарда тутилган тартибда бошқача шаклда тузилиши мумкин.
Корпорациялар ҳамда корпоратив муносабатларнинг пайдо бўлиш тарихи тўғрисида турли хил қарашлар мавжуд. Бир гуруҳ олимлар корпоратив муносабатлар XIV-XVII асрларда иқтисодий ўзгаришлар: савдо-сотиқнинг ривожланиши, денгиз йўли орқали савдоларнинг амалга оширилиши билан алоқадор деб қарашса, бошқа олимлар эса корпоратив муносабатларнинг келиб чиқишини қадимги Рим тарихи билан боғлашади.
Шахс эркинлиги билан уйғунлашган давлат тузумини яратишга эришган фуқаролар уюшмалар тузишга қодир бўлиши лозим эди. Хусусан, фуқаролар шериклар билан ўзаро ширкат ташкилотига бирлашиб, давлат томонидан бериладиган қарзлардан келиб чиқувчи қўшимча солиқларни биргаликда тўлашган.
Корпоратив муносабатларнинг ривожланиб бориши ҳамда корпорациялар фаолиятининг кенгайиши таъсисчилар ўртасидаги ички муносабатларни қонун нормалари орқали тартибга солишга эҳтиёж пайдо қилди. Бу эса ўз навбатида, турли хил мулкчилик шаклларига асосланган корпорацияларни вужудга келишига сабаб бўлди.
Бир қатор ривожланган давлатларда акциядорлик жамиятлари кўпайиб, унинг фаолиятини тартибга солувчи қонун нормалари муҳим ўрин тута бошлади.
Ҳозирги кунга келиб йирик компанияларни ташкил этиш жараёни давом этиб, такомиллашиб келмоқда. Илгари йирик компанияларнинг инвестори сифатида фақат жисмоний шахслар иштирок этишган бўлса, ҳозирда юридик шахслар ҳам муассис сифатида фаол қатнашмоқда Натижада муносабатларнинг мураккаблашуви ва суперакциядорлик жамиятларини яралишига олиб келди. Германияда картеллар, концернлар, Францияда синдикатлар, Англия ва АҚШда холдинг компаниялар ташкил этилди.
Охирги пайтларда корпорацияларнинг диверсификация ва бирлашиш жараёнлари юзага келмоқда. Яъни, турли хилдаги халқ хўжалиги тармоғига алоқадор ташкилотлар ягона бошқарув орқали бирлашмоқда. (М: конгломератлар, кластерлар)
Турли хил уюшмалар бирлашишининг тез-тез учраб туриши натижасида янгича бошқарув тизими юзага келмоқда ва уни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга эҳтиёж пайдо бўлади.
Корпоратив муносабатларнинг ривожланиш тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалсада, бироқ Ўзбекистонда мазкур ҳуқуқий муносабатлар ўтган асрнинг 80-йилларидан ривожлана бошлаган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси “Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси “Хўжалик ширкатлари тўғрисида”ги қонунларининг қабул қилиниши корпоратив муносабатларни тартибга солишни янги босқичга олиб чиқди. Айнан шу қонунлар орқали корпоратив бошқарув, корпорацияларнинг субъектлари, иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, бошқарув органларининг корпоратив бошқарувдаги ваколатлари белгилаб берилди.
Илмий тадқиқотчи М.Вохидовнинг фикрича, “корпоратив бошқарув – бу корпорация бирламчи иштирокчилари (акциядорлар, кузатув кенгаши ва ижро органи аъзолари) ўртасидаги муносабатларни, корпорация фаолиятини бошқариш ва назорат қилиш жараёнини тартибга соладиган қоидалар тизимини ўз ичига олувчи корпоратив ҳуқуқ соҳасининг институти ҳисобланиб, акциядорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган”.
О.В.Жевняк ва бошқаларнинг фикрича, корпоратив бошқарув – бу юридик шахс фаолиятини режалаштириш, бошқариш, мувофиқлаштириш ва назорат қилиш жараёнидир. Бу жараённи тартибга солувчи қонунлар бошқарув органларининг муайян иерархиясини белгилайди ва хўжалик жамиятларини бошқаришни бир нечта моделлари мавжудлигини назарда тутади. Ҳар бир модел муайян назорат қилиш органлари мажмуи билан тавсифланади. Шу билан бирга бошқарув органлари тизими амалдаги қонунчилик ҳамда таъсисчиларнинг танловидан келиб чиққан ҳолда танланади.
Ҳуқуқшунос Ҳ.Р.Рахмонов ҳамда С.С.Гулямовларнинг фикрига кўра, корпорация ўз эркини эркин ифода этиш, бизнесни ташкил этиш ва уни назорат қилиш учун ўзининг ички органларига эга бўлиши керак. Бундай ички бошқарув “корпоратив бошқарув” дейилади…
Корпоратив бошқарувнинг оддий моҳияти уни бошқарув ва эгаликка бўлишга асосланади. Юридик шахсларнинг классик шаклида уларни бошқариш ўша шахс ёки шахслар томонидан амалга оширилган, яъни улар бир вақтнинг ўзида юридик шахснинг эгаси ва бошқарувчиси бўлишган. Бунга мисол қилиб, хўжалик ширкатларини келтириш мумкин. Лекин юридик шахсларнинг бу тури, улар сонининг кўп бўлишига қарамасдан, дунё иқтисодиётида устун мавқени эгалламайди. Ҳозирги кунда кўпгина иқтисодий ҳаракатлар йирик мол-мулкка эга бўлган корпорациялар томонидан амалга оширилади. Бошқа томондан инсоният тараққиётининг тез суръатлар билан ривожланиши сезиларли даражада молиявий ресурсларни жалб қилишни назарда тутувчи, йирик кўламдаги тадбиркорликни юритишни талаб этди, бу эса ўз навбатида ихтисослаштирилган бошқарувни ўрганишни талаб этадиган тадбиркорлик тузилишининг мураккаблашувига олиб келди.
Корпоратив бошқарув айнан корпорацияларнинг фаолиятини ташкиллаштириш, жамият субъектлари ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириш усули бўлиб, корпоратив бошқарув органлари корпорация номидан унинг манфаатларини кўзлаб ва эркини ифода этиб, ваколатлари доирасида ташкилот фаолиятини бошқариши ва назорат қилиши, иқтисодий ва ҳуқуқий ривожлантириш саъй-ҳаракатларидан иборат бўлган бошқарувнинг бир кўриниши, ички бошқарув сифатида намоён бўлади.
Корпоратив бошқарувнинг асосий тамойили бу унинг иштирокчилари эмас, балки бошқарув органлари орқали бошқарилишида кўринади. Шу ўринда айтиш керакки, бошқарув органлари хўжалик жамиятлари ва ширкатлари ҳуқуқий муносабатининг мустақил иштирокчиси бўлиб қатнашмайди, аксинча у жамиятнинг эрки ва манфаатларини ифодалайди ва тартибга солади. Шу сабабли юридик шахс номидан унинг органи тузган битимларга нисбатан вакиллик қоидалари қўлланилмайди. Судларда бошқарув органлари фаолиятидан келиб чиқадиган низолар вакиллик билан боғлиқ қонунчилик нормалари эмас, балки битимни ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ нормалар билан тартибга солинади.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, корпоратив бошқарув органларининг қарорлари юзасидан низо келиб чиққанда фақат суд томонидан кўриб чиқилади. Бироқ, юридик шахс ва унинг таъсисчилари ўз қарорини ўзи бекор қилиши тўғрисидаги норма тартибга солинмаган.
Ўзбекистон Республикаси “Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонунининг 29-моддасига кўра, жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши жамият бошқарувининг олий органи ҳисобланади. Жамиятнинг уставида жамиятнинг кузатув кенгашини тузиш назарда тутилиши мумкин. Жамиятнинг жорий фаолиятига раҳбарлик қилиш жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи томонидан ёки жамиятнинг коллегиал ижро этувчи органи томонидан амалга оширилади. Жамиятнинг ижро этувчи органи жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишига ва, агар тузилиши жамиятнинг уставида назарда тутилган бўлса, жамиятнинг кузатув кенгашига ҳисобдордир.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 57-моддасига асосан акциядорларнинг умумий йиғилиши, кузатув кенгаши ва ижроия органи жамиятнинг бошқарув органларидир .
Ўзбекистон Республикаси “Хўжалик ширкатлари тўғрисида”ги Қонунининг 18-моддаси талабларига биноан иштирокчиларнинг умумий йиғилиши ширкатнинг олий бошқарув органи ҳисобланади. Ширкат иштирокчилари умумий йиғилишининг ваколатларига қуйидагилар киради:
ширкат фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаш;
ширкатни қайта ташкил этиш ва тугатиш;
таъсис шартномасига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш;
ширкат фойдасини (зарарларини) унинг иштирокчилари ўртасида тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилиш;
ширкат устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш ва камайтириш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;
йиллик ҳисоботларни ва йиллик бухгалтерия балансларини тасдиқлаш;
ширкатнинг таъсис шартномасида назарда тутилган бошқа масалаларни ҳал қилиш.
Ширкат фаолиятини бошқариш унинг барча иштирокчиларининг умумий келишувига биноан амалга оширилади. Ширкатнинг таъсис шартномасида қарор иштирокчиларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинадиган ҳоллар назарда тутилиши мумкин.
Ширкатнинг ҳар бир иштирокчиси, агар таъсис шартномасида иштирокчилар овозининг сонини аниқлашнинг бошқача тартиби назарда тутилган бўлмаса, бир овозга эга бўлади.
Ширкатнинг ҳар бир иштирокчиси, у ширкатнинг ишларини юритишга ваколатли ёки ваколатли эмаслигидан қатъи назар, ишларни юритишга доир барча ҳужжатлар билан танишишга ҳақлидир. Бундай ҳуқуқдан воз кечиш ёки уни чеклаб қўйиш, шу жумладан ширкат иштирокчиларининг келишувига биноан чеклаб қўйиш ҳақиқий эмас.
Ширкатнинг жорий фаолиятини бошқариш мақсадида таъсис шартномасида ширкатнинг ижро этувчи органини тузиш назарда тутилиши мумкин. Ижро этувчи органни тузиш ва унинг ваколатлари, унинг аъзоларига ҳақ тўлаш тартиби ширкатнинг таъсис шартномаси ҳамда бошқа ҳужжатлари билан белгиланади .
Хўжалик жамиятлари ва ширкатларида бошқарув тизими тузилиши бир неча омиллар, масалан, жамият ва ширкатларнинг иштирокчилари ҳамда акциядорларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тартибга солишга қаратилган қонунчилик нормалари ёки юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари асосида белгиланиши мумкин.
Ҳозирги замонавий корпоратив муносабатларда корпоратив органларнинг ўрни сезиларли даражада ўсиб бормоқда ва улар ташқи муносабатларда юридик шахсдан ажралмаган ҳолда, унинг номидан фаолият олиб боришлари билан ажралиб туради. Мазкур органларнинг айнан шу автономлик хусусияти корпоратив муносабатларни бошқа фуқаролик муносабатларидан ажратиб туради.
Жамиятнинг умумий йиғилиши – бу унинг олий органи бўлиб, жамиятнинг ҳар қандай масалалари юзасидан қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга, шунингдек, бошқа барча органларнинг ваколати унинг ваколатидан келиб чиқади. Ҳар бир жамият умумий йиғилишининг ваколатлари қонунчиликка асосланиб ўзининг таъсис ҳужжатларида кўрсатилади. Жумладан, жамият бошқарув органларининг ваколатлари умумий йиғилиш томонидан белгиланади.
Умумий йиғилишнинг уч хил кўриниши мавжуд: йиллик умумий йиғилиш, навбатдан ташқари умумий йиғилишидир.
Умумий йиғилишини жамият кузатув кенгашининг раиси, у узрли сабабларга кўра бўлмаган тақдирда эса, жамият кузатув кенгашининг аъзоларидан бири олиб боради.
Жамият ҳар йили иштирокчилар (акциядорлар) умумий йиғилишини ўтказишлари шарт. Йиллик умумий йиғилишда жамият кузатув кенгашини ва тафтиш комиссиясини сайлаш тўғрисидаги, жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижроия органи, коллегиал ижроия органининг аъзолари, ишончли бошқарувчи билан тузилган шартноманинг муддатини узайтириш, уни қайта тузиш ёки бекор қилиш мумкинлиги ҳақидаги масалаларни ҳал этилади, жамиятнинг йиллик ҳисоботи жамият ижроия органи ва кузатув кенгашининг жамиятни ривожлантириш стратегиясига эришиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳисоботлари ва бошқа ҳужжатлари кўриб чиқилади.
Жамият йиллик умумий йиғилишдан ташқари ўтказиладиган умумий йиғилишлари навбатдан ташқари йиғилишлардир.
Умумий йиғилиш ваколати доирасига: жамият уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ёки жамиятнинг янги таҳрирдаги уставини тасдиқлаш, жамиятни қайта ташкил этиш, жамиятни тугатиш ва тугатувчини тайинлаш ҳамда оралиқ ва якуний тугатиш балансларини тасдиқлаш, жамият кузатув кенгашининг ва миноритар акциядорлар қўмитасининг сон таркибини белгилаш, уларнинг аъзоларини сайлаш ва аъзоларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш, эълон қилинган акцияларнинг энг кўп миқдорини белгилаш, жамият устав фондини кўпайтириш ва камайтириш, ўз акцияларини олиш жамиятнинг ташкилий тузилмасини тасдиқлаш, ижроия органини тузиш, унинг раҳбарини, шунингдек жамият тафтиш комиссиясининг аъзоларини сайлаш ва раҳбарнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш, жамиятнинг йиллик ҳисоботини ва йиллик бизнес-режасини, жамият фаолиятининг асосий йўналишлари ва мақсадидан келиб чиққан ҳолда жамиятни ўрта муддатга ва узоқ муддатга ривожлантиришнинг аниқ муддатлари белгиланган стратегиясини тасдиқлаш, жамиятнинг фойда ва зарарларини тақсимлаш, жамият кузатув кенгашининг ва тафтиш комиссиясининг (тафтишчисининг) ўз ваколат доирасига кирадиган масалалар юзасидан, шу жумладан жамиятни бошқаришга доир қонунчиликда белгиланган талабларга риоя этилиши юзасидан жамият кузатув кенгашининг ҳисоботларини ва тафтиш комиссиясининг (тафтишчисининг) хулосаларини эшитиш, жамият томонидан корпоратив облигациялар, шу жумладан акцияларга айирбошланадиган облигациялар чиқариш, қимматли қоғозларнинг ҳосилаларини чиқариш, жамиятнинг корпоратив облигацияларини қайтариб сотиб олиш тўғрисида қарор қабул қилиш, акцияларни жойлаштириш (ташкил этилган қимматли қоғозлар савдоларига чиқариш) нархини белгилаш, акциядорлар умумий йиғилишининг регламентини тасдиқлаш, акцияларни майдалаш ва йириклаштириш, жамиятнинг ижроия органига тўланадиган ҳақ ва (ёки) компенсацияларни, шунингдек уларнинг энг юқори миқдорларини белгилаш, йирик битимлар тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш, мажбурий аудиторлик текширувини ўтказиш учун аудиторлик ташкилотини белгилаш, ушбу ташкилотнинг хизматларига тўланадиган энг кўп ҳақ миқдори ва у билан шартнома тузиш (шартномани бекор қилиш) тўғрисида қарор қабул қилиш, қонунчиликка мувофиқ бошқа масалаларни ҳал этиш киради.
Жамиятни ривожлантириш стратегиясини танлаш ҳамда унинг ижро органи фаолиятини назорат қилиш махсус малака ва самарадорликни талаб қилади. Бундай масалаларни ҳал қилиш тўғрисида қарор қабул қилишни қонунчилик нормалари жамият умумий йиғилишида сайланадиган махсус орган – кузатув кенгашига юклайди. Кузатув кенгаши жамиятнинг фаолиятига умумий раҳбарликни амалга ошириб, унинг фаолиятида катта ваколатга эга бўлади, ўз вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги юзасидан тегишли жавобгарликни ўз зиммасига олади. Кузатув кенгаши жамиятни ривожлантиришнинг устувор йўналишини белгилаб, иштирокчилар йиллик ва навбатдан ташқари умумий йиғилишларини чақиради, умумий йиғилишда муҳокама қилинадиган масалаларни кун тартибига киритади, устав ва таъсис шартномасига белгиланган тартибда бошқарув аъзоларини сайлайди ёки тайинлайди, уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатади, ички аудит хизматини ташкил этиш ва унинг ходимларини тайинлаш, таъсис ҳужжатида белгиланган тартибда йирик битимлар тузиш тўғрисидаги масалаларини ҳал этади, жамиятнинг келгуси йилга мўлжалланган бизнес-режасини маъқуллайди ва шу каби устав ва таъсис шартномасида кўрсатилган ваколатларга эга бўлади.
Хўжалик жамиятларининг ижро органи бу яккабошчилик ёки коллегиал асосида бошқариладиган ижроия органи ҳисобланади. Жамиятнинг кундалик фаолиятига раҳбарлик қилиш ваколати жамиятнинг уставида белгиланадиган директор ёки жамият бошқаруви томонидан амалга оширилади. Жамиятни яккабошчилик асосидаги ижроия органи ёки коллегиал ижроия органи орқали бошқариш масаласини жамиятнинг ўзи белгилайди.
Ижро органи фаолиятининг асосий мақсади юқори жамиятнинг ташқи муносабатларда рақобатбардошлигини ҳамда самарали юқори даромадни, молиявий-иқтисодий барқарорликни, жамият иштирокчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий кафолатларини таъминлаш ҳисобланади ва улар қонунчиликда ва таъсис ҳужжатларида белгиланган тартибда жамият умумий йиғилиши ҳамда кузатув кенгаши олдида ҳисобдор бўлади.
Бироқ, қонунларда яккабошлик асосидаги ижро органи фақат бирта жисмоний шахс бўлиши лозимлиги ёки улар бошқарувчи ташкилот ҳам бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги норма назарда тутилмаган.
Жамият ижроия органининг ваколатига жамиятнинг кундалик фаолиятига раҳбарлик қилишга доир барча масалалар киради (умумий йиғилишнинг ёки жамият кузатув кенгашининг ваколат доирасига киритилган масалалар бундан мустасно). Жамиятнинг ижроия органи умумий йиғилиш ва жамият кузатув кенгашининг қарорлари бажарилишини ташкил этади. Жамиятнинг директори (бошқарув раиси) жамият номидан ишончномасиз иш юритади, шу жумладан унинг манфаатларини ифодалайди, жамият номидан битимлар тузади, жамиятнинг филиали ёки ваколатхонаси раҳбарини тайинлайди, штатларни тасдиқлайди, жамиятнинг барча ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради.
Хулоса: Корпоратив муносабатлар ва корпоратив бошқарув тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Шу кунга қадар унинг хар хил шакллари вужудга келиб, ривожланиб келган. Ҳозирда Ўзбекистонда масъулияти чекланган жамиятлар, қўшимча масъулиятли жамиятлар, акциядорлик жамиятлари, хўжалик ширкатлари ва коммандит ширкатлар фаолияти юритади. Мазкур ташкилотларнинг ичида масъулияти чекланган жамиятлар сони кўпчиликни ташкил қилади. Корпоратив бошқарув муносабатларини ва бошқарув органлари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида қуйидагилар таклиф қилинади.
Биринчидан, жамиятга қўшимча масъулиятли жамиятларнинг жаҳон тажрибасидаги ўрни ва улар фаолиятининг барча имкониятлари ва қулайликларини тарғиб қилиш орқали уларнинг сонини кўпайтиришимиз мумкин. Бу эса ўз навбатида хорижий ташкилотларнинг қизиқиши ва ишончи ортишига ҳамда инвесторларни жалб қилишга хизмат қилади, корпоратив бошқарув ва муносабатларни такомиллаштиришга сабаб бўлади.
Иккинчидан, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига «юридик шахс органлари» деган тушунча билан тўлдириб, унга аниқ таърифни бериш орқали юридик шахслар тўғрисидаги бобни такомиллашишига олиб келади.
Шунингдек, жамиятларнинг ички фаолиятига давлат назорати ва иштирокини камайтириш орқали, уларнинг жаҳон бозор иқтисодиётига мослашувчанлиги ҳамда рақобатбардошлигини оширишга ҳамда ҳар бир ҳатти-ҳаракати, қарори учун ўзи масъул ва жавобгарлиги ҳиссини ошишига олиб келади.
Махсудова Муниса Зарифовна.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши
ҳузуридаги Судьялар олий мактаби тингловчиси,
Судьялар Олий мактаби мустақил изланувчиси