Коронавируснинг янги «ҳиндча» штамми беморнинг ёнидан ўтиб кетганларга ҳам юқади

 Коронавируснинг янги «ҳиндча» штамми беморнинг ёнидан ўтиб кетганларга ҳам юқади

Ҳиндистонда тарқала бошлаган, Ўзбекистонга ҳам кириб келган коронавируснинг «дельта-плюс» номли янги тури ўта юқумли бўлиб, ҳатто унинг ташувчиси ёнидан ниқобсиз ўтиб кетиш ҳам хавфли. Бу ҳақда Ҳиндистон тиббиёт фанлари институти раҳбари Рандип Гулерияга таяниб, India Today хабар берди.

Олимнинг сўзларига кўра, Ҳиндистон ҳукумати вируснинг моноклонал антитаналарга чидамлилиги ва иммунитетни «четлаб ўтиш» қобилиятидан хавотирда. Шу билан бирга улар одатдаги COVID-19 хавфидан ҳимоя қилиш учун кўрилган умумий чоралар ушбу турга қарши ҳам самарали бўлишини таъкидламоқда.

Гулерийнинг таъкидлашича, ҳозир лабораторияларда коронавирусга қарши вакциналарнинг «дельта-плюс» штаммига нисбатан самарадорлиги ўрганилмоқда.

Мамлакатнинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Биотехнология департаменти, Тиббий тадқиқотлар бўйича Ҳиндистон кенгаши ҳамда Илмий ва саноат тадқиқотлари кенгашининг 28 та лабораториясини бирлаштирган INSACOG лаборатория тармоғи ушбу янги штамм геномини секвенлаш устида ишламоқда.

Лаборатория тармоғининг хулосасига кўра, янги дельта штамми янада юқумлироқ бўлиб, ўпка ҳужайраларига кўпроқ таъсир қилади ва уни моноклонал антитана технологиялари билан даволашнинг самараси камроқ бўлиши мумкин. Ҳиндистон давлат органларига коронавирусга қарши чораларни кучайтириш, тестларни ва вакцинация суръатини ошириш тавсия қилинди.

Эслатиб ўтамиз, коронавируснинг «ҳиндча» (дельта) штамми мутацияси бўлган «дельта-плюс» биринчи бўлиб Ҳиндистоннинг Махараштра штатида аниқланган эди. Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳоли зич жойлашган Махараштра, Керала ва Мадхя-Прадеш штатлари ҳокимиятларини «дельта-плюс» хавфидан огоҳлантирди.

Мавзуга оид