16 август куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, профессор Шуҳрат Боймуродов коронавирус эпилептик хуружни (тутқаноқ) чақириши мумкинми, деган саволга жавоб берди.
Шуҳрат Боймуродовнинг айтишича, ҳозирги кунда коронавирус инфекцияси эпилепсия хуружини чақириши тўғрисида исботланган маълумотлар йўқ.
«Аммо эпилепсия билан оғриган беморларда иситма (айниқса, болаларда), инфекция, кам ухлаш ва умумий ҳолсизлик ҳолатлари хуружни чақириши мумкин», – деди мутахассис.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг статистик маълумотларига кўра тутқаноқ касаллиги Ер шарининг турли ёшда бўлган 0,5 фоиз аҳолисида учрайди.
Унга хос белгилар ҳушдан кетиш ва тана мушакларининг айрим гуруҳларида титраш рўй беришидир. Баъзи ҳолларда тутқаноқ бемор танасининг ҳамма мушакларида ёки диффуз (тарқоқ) ҳолда рўй бериши мумкин. Бу касалликнинг келиб чиқиши баъзан ирсият билан ҳам боғлиқ бўлади.