Мактабларда янги ўқув йили 14 сентябрдан бошланиши эълон қилинди. Эндиликда ҳар йилгидек йилнинг бу мавсумида канцелярия маҳсулотларига талаб ортади.
Мактаб ярмаркалари ташкил этиш, ўқувчиларни арзон ва сифатли ўқув қуроллари билан таъминлаш, нарх-наво ҳаддан ортиқ ошиб кетмаслигига эришиш бугунги куннинг муҳим мавзуларидан бирига айланмоқда. Биз шу мавзудаги саволлар билан канцелярия маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи тадбиркор Дилмурод Йўлчиев билан суҳбатлашдик.
– Ҳар йилги ўқув йилига тайёргарлик қандай бўлар эди?
– Олдинги йилларни айтадиган бўлсак, канцелярия бозори учун бирмунча шарт-шароитлар яратилиб бериларди. Масалан, Тошкент шаҳрида бозорларда канцелярия ўқув қуроллари сотиш учун ярмаркалар ташкил қилинарди. Ҳозирда ярмаркалар ташкил қилиш учун бир қанча муддат талаб этилади. Яъни расталарга буюртма бериш, жойларни ҳозирлаб, расталарда савдо фаолиятини олиб бориш учун тадбиркорларга камида 15-20 кун керак бўлади.
– Бу йилги ўқув йили 14 сентябрдан бошланиши кутилмоқда. Канцелярия етказиб берувчилар бунга қай даражада тайёр?
– Пандемия даврида ҳеч ким 100 фоиз қувватда ишлагани йўқ. Бу эса сентябрь ойида ўқув қуролларини етказиб беришда етарли захира мавжуд эмаслигидан далолат беради. Бунинг натижасида маҳсулотлар танқислиги вужудга келиши, талаб ошиши натижасида нарх-наво ўсиши мумкин.
Нархлар ошиши ишлаб чиқарувчиларга боғлиқ бўлмаслиги мумкин, улар нархларни оширмаган тақдирда ҳам, истеъмолчига маҳсулотлар етиб бориши учун икки қўлдан ўтади, натижада нарх-наво кўтарилиши мумкин.
Ишлаб чиқаришга келадиган бўлсак, май-июнь ойларида канцтоварлар анча кам миқдорда ишлаб чиқарилади. Пандемия сабабли ҳам корхоналар тўла қувват билан ишламади. Ишлаб чиқарувчиларимиз, импортёр-дистрибьюторларимизда халқимиз эҳтиёжини қондиришга етарли миқдорда маҳсулот бор, деб ўйламайман.
– Ўқув йили 14 сентябрдан бошланса…
– Ўқув йилини 14 сентябрдан бошлашнинг яхши томонлари ҳам бор, фарзандларимиз билим олишда давом этишади. Аммо, канцелярия маҳсулотлари етишмаслиги натижасида нарх-наво кескин ўсиши кузатилиши мумкин. Нархларни биз ишлаб чиқарувчилар оширмасак ҳам, истеъмолчига етиб боргунча уч-тўрт қўлдан ўтиб, нархи қимматлашини кутиш мумкин.
Бу ерда қўштирноқ ичидаги «тадбиркор»ларни ҳам айтиб ўтишим лозим. Мисол учун, 12 варақли дафтар, энг минимал нархини 400 сўм деб оладиган бўлсак, қўштирноқ ичидаги тадбиркорларимиз бу дафтарларни масалан 100 сўмдан сотишади. Келган одам албатта биринчи бўлиб дафтарнинг нархини сўрайди, тадбиркорлар дафтарни 100 сўмга сотиб, 15 минглик маҳсулотни эса 30-40 мингдан сотишини кўриш мумкин.
Иккинчидан, ўқув йили бошланишидан олдин бозорларда ярмаркалар ташкил этилади. Бунга эса камида 10-15 кун вақт кетади. Бу вақт оралиғида сотувчи расталарни тайёрлаб, маҳсулотларни жойлаштиради.
Учинчидан, бу ярмаркалар ҳали тайёр эмас, натижада тирбандликлар аввалги йиллардагидан кўпроқ бўлиши мумкин. Аввалги йилларда ҳатто ярмаркалар тайёр ҳолатда бўлганда ҳам тирбандликлар кузатиларди.
Ўйлашимча, ўқув йилини 1 октябрдан бошлаш мақсадга мувофиқ. Унга қадар эса керакли жойларда мактаб ярмаркалари ташкил этилса, уларда карантин қоидаларига риоя этилиши таъминланса, мақбул иш бўлади, деб ўйлайман.