Мактабда бор-йўғи икки марта (кичкина синфларда) калтак еганман ва иккала ҳолатни ҳам ҳозиргача унутганим йўқ. Биринчи ҳолатда мени уриш шундоғам шарт эмас эди, чунки айбимни тушуниб етиб, афсусланиб бўлган эдим. Агар мақсад менга шу ишни бошқа қилдирмаслик бўлган бўлса, мен у ишни бошқа қилмаслик кераклигини аллақачон тушуниб бўлган эдим. Иккинчи ҳолатда ёнимдаги ўқувчи билан тўполон қилиб ўтирган эдим. Тўғрироғи, тўполончироқ ўқувчи мени чалғитганига берилиб, бирга ўйнаб ўтирган эдим. Бир маҳал қаердандир бир шапалоқ келиб юзимга тегди ва кўзларимдан ўт чақнаб кетди. Дастлаб, нима бўлганини ҳам англай олмадим. Кейин менга қараб ўшқираётган ўқитувчини кўргач, гап нимадалигини тушундим. Ўша пайтда қулоқларим шанғиллаб, менга қараб турган синфдошларимнинг нигоҳларидан уялганимдан қизариб турар эдим.
Ундан кейин мактабни битиргунча мен яна минг марта тўполон қилгандирман, чунки ўқувчи тўполонга берилиб кетадиган бўлса, унинг эсига калтак келмайди. Лекин ўша сафар тўполон қилдирмасликнинг калтакдан бошқа педагогик йўллари мавжуд эди. Масалан, ўқитувчимиз мени ўрнимдан турғазиб огоҳлантириши, бурчакка қўйиши, тўполончи синфдошим билан иккаламизни бошқа-бошқа парталарга ўтказиб қўйиши мумкин эди.
Мен иккала ҳолатда ҳам ўзимнинг айбдорлигимни тўлиқ тан оламан ва улардан хафа эмасман. Чунки уларнинг иккаласи ҳам менга нисбатан ўша пайтда кенг тарқалган жазо усулини қўллашган. Аммо орадан йиллар ўтиб, ўзим педагогик таълим олгач, айтишим муминки, ўшанда ўқитувчиларимиз педагогик хатога йўл қўйганлар, чунки у калтаклар менинг тарбиямга ҳисса қўшмади десам ҳам бўлади. Аксинча, иккала ҳолатда ҳам мен ўзимни таҳқирлангандай, қадрим ерга урилгандай ҳис қилганман ва менда қўрқувдан бошқа ҳиссиёт пайдо бўлган эмас…
Бир синфдошимиз дарсга кечикиб келар эди. Унга “кечикиб келма” деб минг марта айтилса ҳам, барибир кеч келаверар эди. Ўқитувчиларимиз уни ҳар сафар уриб жазолар эди. “Яхши отга бир қамчи, ёмон отга минг қамчи” деганларидай неча марта калтак еган бўлса ҳам синфдошимиз кеч қолишни канда қилмади ва бора-бора ўқитувчиларимиз учун уни уриш одатий машғулотга айланиб қолди. Ўқитувчиларимиз уни урганларида бу синфдошимизга ёқмаслиги ва унинг калтакдан қўрқиб туриши шундоқ кўриниб турар эди.
Бунинг устига бизлар бир синф ўқувчи бўлиб, пишган калладай бўлиб, унинг устидан кулишимиздан у ерга киргудай бўлар эди. Лекин афсуски, бу “метод” барибир синфдошимизни кеч қолмайдиган қила олмади. Ўқитувчиларимиз ҳам унинг кечикиш сабабларини ўрганиш ва муаммони бошқа методлар билан ҳал қилишга уриниб кўрмасдан, охиригача уриб тўғрилашга ҳаракат қилдилар. Табиийки, барча ҳаракатлар бесамар кетди.
Мактаб йилларида ва ҳатто университетда ҳам ўқувчиларнинг, талабаларнинг минг марталаб калтакланганига гувоҳ бўлганман. Тўғри, қайта ва қайта калтак еганлари билан уларнинг ҳеч бирлари ўлиб қолгани йўқ. Лекин ураверганлари билан уларнинг ҳеч бири одам бўлиб қолгани ҳам йўқ. Аксинча, калтак еявериб, омманинг олдида изза бўлавериб, уларнинг бетлари қотиб кетди. Кейинчалик уларнинг айримлари одам бўлган бўлсалар ҳам бу калтак туфайли бўлгани йўқ. Чунки, уриш бу қилинган ишга нисбатан жазодир. Ваҳоланки, муаммони ҳал қилиш учун фақат жазолайвериш эмас, балки уни чуқур ўрганиб, шунга қараб “муолажа” чораларини қўллаш керак бўлади…
…Тошкентда мен ишлаган мактаб энг кўп калтак ишлатиладиган мактаблардан бири эди. У ерда ўқувчилар қанчалик бетартиб бўлса, ўқитувчилар ҳам шунчалик қаттиққўл бўлишга ҳаракат қилар эди.
Ишга борганимда бошқа устозлар “бу ерда бешафқат бўлиш керак, буларни уриб қаттиққўллик билан ушлаб турмасангиз, булар одам бўладиган ўқувчилар эмас” деб маслаҳатлар берган эди. Мен уларга “болаларни уриш бефойда, уларни урмасдан, педагогик методлар ёрдамида дарслар ўтиш мумкин-ку”, десам, “Сиз ҳали иш бошлайверинг, ундан кейин гаплашамиз” деб жавоб бердилар.
Университетда ўргатилган методлар асосида дарсларимни ўта бошладим. Бахтимга дарсларим кутганимдан ҳам ажойиб ўтарди. Дарсда шовқин ҳам бўлмасди, барча ўқувчи дарсга диққат билан қатнашар ва асосийси, мен ҳеч кимни урмас эдим.
Бир куни “ваҳшийликлари билан машҳур 11-синф”га дарсга кирадиган бўлдим. У синфдаги ўқувчиларнинг гавдалари мендан анча катта бўлиб, хоҳласам ҳам уларни уролмас эдим. Мендан олдинги ўқитувчилар “эркаклик” қилиб, уларни уришга ҳаракат қилиб кўришган ва оқибатларига ўзлари гувоҳ бўлишган эди.
Мен дарсга борганимда синфда шундай тўс-тўполон бўлаётган эдики, қандай ҳаракат қилсам ҳам уларни тинчлантиришим осон бўлмас эди. Эшик олдида турдим-да, ўқувчиларни кузатдим ва синфда кимлар қандай мавқега эга эканини таҳлил қилдим. Қарасам, синфдаги энг гавдали йигит барчага буйруқ беряпти ва тўполонни бошқаряпти. Уни олдимга чақирдим. У менга “Нима демоқчисан?” дегандай оҳангда минғирлади-да, ёнимга келди. Уни коридорнинг охирига олиб бордим-да суҳбатлашдим:
— Сен фалончи деган ўқувчимисан? (Кузатиб туриб, унинг исмини билиб олган эдим)
— Ҳа, менман, нима эди?
— Мен сени умуман бошқача тасаввур қилган эдим. Сен ўйлаганимдан бошқача бола экансан.
— Қанақа тасаввур қилган эдингиз ?
— Менга сени аҳмоқ, ҳеч нарсага ақли етмайдиган, тўполончи, кучидан бошқа ҳеч нарсаси йўқ бола деб таърифлашган эди. Ҳозир сизларни кузатиб турдим. Сен туппа-тузук бола экансан. Гапларингни ҳам эшитдим, ақлинг ҳам жойида, ўзинг ҳам бақувват, келишган бола экансан. Нимага сени бошқалар бунақа дейди?
— Билмасам, устоз. Мен унақа бола эмасман.
— Ҳа, кўриб турибман. Одамлар гапираверар эканда. Ўзи бировнинг гапига ишониш керак эмас. Мен сенинг қанақа бола эканлигингни энди билдим. Шунинг учун мен бугундан бошлаб сени ўзимга ёрдамчи қилиб тайинлайман. Мен сизларга дарсга кирганимда сен менга ёрдамчи бўласан ва синфдаги тартиб-қоидага сен жавоб берасан. Қила оласанми?
— Ҳа, устоз, ҳаракат қиламан.
— Фақат битта шарти бор, бошқаларнинг тартибига жавоб беришдан ташқари сен ўзингнинг ҳам ўқишларингни яхшилашинг керак. Чунки, агар сен ўзинг ўқимайдиган бўлсанг, уларга гапиришингдан фойда йўқ. Сен уларга ўрнак бўлишинг керак. Келишдикми?
— Келишдик, устоз.
— Ҳозир синфга борда, ҳаммани тинчлантир. Мен беш минутдан кейин бораман.
— Хўп, устоз…
Беш минутдан кейин дарсга кирганимда синф сув қуйгандай жим эди. “Фалончи” синфдаги барча ўқувчиларни жойларига ўтирғизиб қўйиб, менга фахр билан қараб турар эди. Мен унга нигоҳим билан миннатдорлик билдирдим-да, одатдагидай дарсимни ўтишга киришдим. У синфдаги дарсларим ҳам бошқа синфлардаги дарсларимдан кўп фарқ қилмади. Ўқувчилар дарсларни қизиқиш билан ўрганадиган бўлди.
Айтгандай, ўша синфдаги дарсларим пайтида синфдаги “ноодатий” жимликдан ҳамкасбларим ва мактаб директори ҳайрон бўлиб, эшикни очиб, “Ия, бу ерда сиз дарс ўтяпсизми? Буларни қандай қилиб тинчлантирдингиз”, деб сўраб кетган эди. Мен эса уларга фақат қилиш керак бўлган ишлардан ташқари, бошқа ҳеч қандай иш қилмаганимни, оддий педогогик методларни қўллаб ўз дарсимни ўтганимни айтгандим. Улар менга ишонишмади…
…Бизга университетда “Ёмон ўқувчи бўлмайди. Ёмон ўқитувчилар бўлиши мумкин”, деб ўргатган. Яъни агар ўқувчи ўқимайдиган бўлса, дарсга кеч келадиган бўлса, тўполон қиладиган бўлса, хуллас рисоладагидай ўқувчи бўлмайдиган бўлса, демак, ўқитувчи ишини яхши қилмаган бўлади.
Ўқитувчилик касби оғир, шу билан бирга муқаддас касбдир. Ўқувчиларининг эътиборини жалб қилиш, диққатини жамлаш, дарсларга қизиқтириш, уларга ўрганишга иштиёқ бериш учун ўқитувчилар актёр, шоир, қўшиқчи, сиёсатчи, илмий-тадқиқотчи, одил ҳакам, диққатли кузатувчи, тартиб ўрнатувчи ва ҳоказо касбларни маҳорат билан бажаришларига тўғри келади. Агар ўқитувчилар шундай ишламаса, уларнинг ишлари натижа бермайди.
Умуман олганда, шахсан мен калтакнинг педагогик тарафдан фойдасини кўрган эмасман. Чунки шундоғам ўқийдиган ўқувчиларни уришнинг кераги йўқ. Ўқимайдиган ўқувчиларни эса минг марта урсангиз ҳам фойдаси бўлмайди. Уриш – бу баданга озор бериш йўли билан ўқувчини қўрқитиш воситасидир. Тўғри, ўқувчи калтакдан қўрқади. Калтакдан ҳамма қўрқади. Лекин калтак диққатини жамлай олмагани учун уйга вазифаларни қилмай келадиган, йўлда бир нарсаларга чалғиб кетиб, дарсга кечикиб келадиган, дарс пайтида зерикиб бошқа ишларга берилиб кетадиган ўқувчиларга ҳеч қанақасига ёрдам бермайди. Аксинча, калтак ўқувчиларнинг руҳини ва ғурурини синдиради, уларнинг ижодкорлик ва журъат хусусиятларини ўлдиради ва охир оқибат уларни ҳеч нарсадан тап тортмайдиган бетлари қалин инсонлар қилиб тарбиялайди.
Тасаввур қилинг, уриш қонун билан тақиқланган ва урган ўқитувчи камида 3 йилга қамалади. Агар шундай бўлганида ўқитувчилар сал эплай олмай қолганида дарров болани урмасдан, унга ўргатишнинг турли йўлларини ўйлаб топган бўлар эди. Урмасдан, эплай олмайдиганлар, яъни ўқитувчилик ўзига мос келмайдиганлар қамалиб кетмаслик учун ўзларидан билиб, соҳадан чиқиб кетган бўлар эди.
Бизларга калтакдан қўрқадиган қўрқоқ ўқувчилар эмас, балки ўқишга, ўрганишга иштиёқи баланд тўғри йўналтирилган ўқувчилар керак. Фақат шундай ўқувчиларгина келажагимизнинг буюк бўлишига қўрқмасдан ҳисса қўшишлари мумкин.