Яқин келажакда энергетика соҳасида қилиниши керак бўлган ишлар белгилаб берилди.
Бош вазир бошчилигида бўлаётган йиғилишда юзага келган муаммоларни бартараф этиш бўйича Президент томонидан тезкор чоралар кўрилиб, 21 январдан бошлаб табиий газ импорти қайта тиклангани қайд этилди.
Маълум қилинишича, ижтимоий соҳа – мактаб, мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш муассасаларига шу қишдан чиқиш учун қўшимча 35 минг тонна кўмир зарур.
Шу мақсадда:
Энергетика вазирлиги (Ахмедходжаев) “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти (Якубов)га уч кун муддатда вилоятларга етказиб берилиши зарур бўлган режадаги 20 минг тонна кўмирни тўлиқ етказиб берилишини таъминлаш;
27 январдан бошлаб эса қўшимча талаб асосида жойларга кўмир етказиб берилишини ташкил этиши топширилди.
Шу боис, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги (Исламов) “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти (Якубов) икки ой муддатда “Ангрен” кўмир конидан кўмир қазиб чиқариш ҳажмини камида 30 фоизга ошириш ҳамда Фарғона ва Сурхондарёдаги янги конларни ўзлаштириш лойиҳаларини жадаллаштириши зарурлиги қайд этилди.
Энергетика вазирлиги (Ахмедходжаев) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Кудбиев) билан биргаликда жорий йилги кўмир балансини жойлардаги ҳақиқий эхтиёждан келиб чиқиб мавжуд ресурларни инобатга олган ҳолда тайёрлаш топширилди.
Президент топшириғи билан ўтказилаётган йиғилишда бугунги кунда республика бўйича жами 40 мингта кўп қаватли уй-жой мавжуд бўлса, шундан 31 мингга яқини 1991 йилгача қурилгани маълум қилинди.
Шу боис, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (Закиров, Хидоятов) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда ушбу 31 мингта уйларнинг фасад қисмини реновация асосида босқичма-босқич базальт қопламага ўтказиш ҳамда муқобил энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда иссиқ сув ва электр билан таъминлашни назарда тутувчи дастур лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиши топширилди.
Шу билан бирга, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (Закиров) эндиликда янгидан қуриладиган кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларининг лойиҳа-смета ҳужжатларига энергия самарадорлик даражаси юқори бўлган қурилиш материаллари ва жиҳозлардан фойдаланишни мажбурий тартибда киритиши топширилди.
Бу борада энергиятежамкор қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ҳам эътибор қаратиш кераклиги қайд этилди.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда республикамизда жами 13,2 минг тонна базальт хом ашёси ишлаб чиқарилмоқда. Бу эса йиллик эҳтиёж (5 млн м кв ёки 36 минг тонна) 30 фоизини ҳам ташкил этмайди.
Шу боис, Ўзсаноатқурилишбанк (Аннакличев) “Ўзсаноқурилишматериаллари” уюшмаси билан биргаликда икки ой муддатда жойларда базальт хом-ашёси ишлаб чиқариш лойиҳаларини кўпайтириш бўйича алоҳида дастур тайёрлаб, йил якунига қадар камида 5 минг тонналик қувват яратиши кераклиги таъкидланди.
“Ўзэлтехсанот” уюшмаси (Юнусов) ҳам икки ой муддатда трансформаторлар, кабеллар, қуёш панеллари ва сув иситиш коллекторларини ишлаб чиқариш қувватларини ошириш бўйича алоҳида дастур тайёрлаб, Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланди.
Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда жамоат транспорти, коммунал соҳа ва чиқинди ташиш махсус техникалари, қолипли нон ишлаб чиқарувчи корхонларнинг махсус транспорт воситалари учун ҳозирдан алоҳида газ қуйиш шохобчаларини бириктириб бериши кераклиги таъкидланди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йилда табиий газ қазиб олиш ҳажмини 56,3 млрд куб метрга етказиб (2022 йилда 51,7 млрд куб метр), ўтган йилга нисбатан 4,6 млрд куб метрга ошириш имконияти бор.
Шунингдек, қайта тикланувчи энергия жорий этиш ва энергия самарадорлигини ошириш ҳисобига 1,6 млрд куб метр газ иқтисод қилишимиз мумкин.
“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти (Абдуллаев)жорий йилда табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини 32,8 млрд куб метрга етказиш учун қиймати 5,7 трлн сўмга тенг 744 та геологик-техник тадбирларни амалга ошириши зарурлиги қайд этилди.
Энергетика вазирлиги (Ахмедходжаев) жорий йилда табиий газ ва электр энергияси, кўмир ва мазут импорти билан боғлиқ масалаларни қайта кўриб чиқиши, бошқа муқобил ҳамкорлар билан музокаралар ўтказиши, келишувларга эришиш бўйича олдиндан барча зарур тадбирларни амалга ошириши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Гидрометеорология хизмати агентлиги томонидан, 23-27 январь кунлари республиканинг аксарият ҳудудларига нисбатан совуқ хаво массаси кириб келиши ва бунинг натижасида ҳаво ҳарорати жойларда кечаси -5…-18 даража совуши башорат қилинмоқда.
Шунинг учун, ўтган 15 кун давомида амалга оширилган тадбирларни янада кучайтирган ҳолда штаблар фаолиятини давом эттириш топширилди.