Инсоният пайдо бўлганидан ҳозирга қадар қанчадан-қанча мураккаб даврларни бошидан ўтказган. Бироқ инсоннинг ҳаёти, соғлиғи, қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланиб, улар қонунлар билан муҳофаза қилинган. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш оғир жиноят ҳисобланган. Ўзбекистон Республикасида ҳам инсон ва унинг ҳуқуқ ва эркинликлари Конституция ва қонунлар билан кафолатланади.Мамлакатамиз Конститутциясининг 7-боби шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар деб номланиб, ушбу бобнинг 24-моддасида, “яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш оғир жиноятдир” деб қайд этилган. Бош қомусимиздаги биргина ушбу норма юртимизда инсон ҳаётига олий қадрият сифатида қаралишини ангалатади. Инсоннинг барча табиий ва узвий ҳуқуқлари орасида яшаш ҳуқуқи биринчи даражали деб ҳисобланади. Зеро, шахс субъектив ҳуқуқларининг ҳар бири, ҳаёт кечириш кўринишларидан бири, яшаш ҳуқуқининг ифодасидир. Ҳатто жиноят содир этган шахс ҳам ҳаётдан маҳрум этилиши мумкин эмас, чунки шахсга ўлим жазоси тайинланиб, у ижро этилганидан кейин суд хатоси аниқланса, уни тўғрилашнинг имкони бўлмайди. Ўзбекистон Республикаси суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишнинг энг муҳим вазифаси жиноят, жиноят-процессуал қонун ҳужжатлари, жиноий жазо тизимини изчиллик билан босқичма-босқич либераллаштириш ҳисобланади. Республикамизда бу борада қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, ўлим жазосини жазо тури сифатида жиноий қонунчилигимиздан чиқариш бўйича ишлар босқичма-босқич амалга оширилиб, ниҳоят 2005 йил 1 августда “Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида”ги Президент Фармони эълон қилинди. Унга кўра, 2008 йилнинг 1 январидан республикамизда жазо тури сифатида ўлим жазоси бекор қилиниб, унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини жорий этиш белгиланди. 2007 йил
11 июлда Ўзбекистон Республикасининг “ўлим жазоси бекор қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Мазкур қонунга асосан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида назарда тутилган ўлим жазосининг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси киритилди. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 51-моддасига биноан, умрбод озодликдан маҳрум қилиш фавқулодда жазо чораси бўлиб, маҳкумни махсус тартибли жазони ижро этиш колониясига жойлаштириш орқали жамиятдан муддатсиз ажратиб қўйишдан иборатдир. Умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси Ўзбекистонда фақат иккита жиноят, яъни жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш ҳамда терроризм жиноятлари учун белгиланди. Ўлим жазосининг бекор қилиниши, жазоларнинг либераллаштирилиши жуда катта эътиборга молик ҳодиса бўлди. Бунга ўз хатосини тушуниб етганлар, чин дилдан пушаймон бўлганларга берилган яна бир имконият сифатида қарашимиз ҳам мумкин. Шу имкониятни бериш орқали қизиққонлик қилиб, билиб-билмай жиноят содир этган қанчадан-қанча ёшлар жамиятимиз ривожига ўз ҳиссаларини қўшишига ишонч билдирди, бир неча минглаб оилалар сақлаб қолинди, сон-саноқсиз болалар етим, кўнгли ўксик ҳолда улғайишининг олди олинди. Ҳозирги вақтда дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўлим жазосидан воз кечилмоқда. Бундай саъй-ҳаракатларни кенг жамоатчилик маъқулламоқда. Эътироф этиш керак бўлган яна бир муҳим жиҳат мамлакатимизда ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармонларига асосан қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, яшаш жойи ва жазони ижро этиш муассасасида ижобий тавсифланган маҳкумлар афв этилиб, уларга инсонпарварлик далолатномалари қўлланилиши ҳам инсон ҳаёти ва эркинлиги ҳамда яшаш ҳуқуқи дахлсиз эканлигини, унга энг олий қадрият сифатида қаралишининг исботидир.
Зариф Шеров,
Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси
Нодир Ашуров,
Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг судьяси