Индонезия таасуротлари

 Индонезия таасуротлари

Болалигимдан ўзга дунёда, бу оламлардан айро дунёларда яшаб келаман. Менинг дунёимда “Бўлмайди”, “Бу қийин” ва ҳоказо мақсадлар йўлига ғов бўлувчи жумлалар қурилмайди. Энг қизиғи, бу дунёда мендан бошқа ҳеч ким йўқ ва унинг борлигидан ҳеч кимнинг хабари ҳам йўқ.

1995 йилда юртимизга Индонезия давлати президенти жаноб Сухарто расмий ташриф билан меҳмон бўлган ва Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасида намоз ўқиган эди.

Индонезия таасуротлари

У кезларда ёшгина болакай эди. Ўшанда бола ақлим билан Индонезия давлати ва аҳолисига, ҳатто геосиёсатга қизиқа бошладим.

Йиллар ва йўллар кечмишида болалик, ўсмирлик ва ҳатто ёшлик йилларини қолдириб, ўрта ёшга етганимда болаликда дуога айланган ниятларимнинг рўёбини кўриш насиб этди.

Бухоро давлат университетининг Индонезия давлати Гунадарма университети билан ҳамкорлигидаги қўшма дастурга биноан магистратура таҳсилини кўришга муваффақ бўлдим.  Дастурга биноан, маълум муддат таҳсил тақозоси учун Индонезия давлатида бўлдим.

Индонезия таасуротлари

Ва ҳофизам қатида унитилаёзган болаликдаги дуоларим, ширин хаёллар ва жаноб Сухарто билан боғлиқ ҳавас ва қизиқишларим эсладим.

Индонезия. Эртак китобларда ўқиганим ўша Боғи Эрамлари жолиб, инсонлари меҳрибон, мулойим, табиати гўзал ва сабр мамлакати.

Ҳа, айтган мен Индонезияни “сабр мамлакати” дея номладим. Сабабини бироздан кейин изоҳлайман.

Индонезия таасуротлари

Индонезия давлатида куз- қиш ойларида ҳам ҳарорат ёздагидек бўлади. Иссиқ, ҳатто жазирама ёзни эслатувчи иссиқ ҳаво негадир инсонни бездирмайди. Балки, ёғингарчилик кўп бўлгани ва ҳарорат намчил, мўътадил бўлгани учундир. Куз-қиш ойларида Индонезияда суткада 14-16 соатлаб шаррос ёмғир қуяди. Ҳатто ёмғир сабабли тошқинлар, сел каби офатлар рўй бериши одатий ҳолатга айланган. Мени ҳайрон қолдирган жиҳатки шундаки, ёмғирлар, сел ва тошқин каби табиий офатлар туфайли аҳолининг уйлари, дўконлари вайрон бўлса-да, халқ ташқарига чиқиб олиб доду фарёд қилмайди. Индонезия халқи ниҳоятда мулойим, сабрли ва хушхулқ инсонлар экан. Мен инсонларнинг ўзаро муносабатларини, шунингдек,Аллоҳдан келганини чиройли таслимият ва қабулланиш билан, шикояту исёнсиз қабул қилишига қойил қолдим ва чин кўнгилдан ҳавас қилдим. Менимча, ғам-қайғусини атрофдагиларга акс эттирмайдиган, бошига тушган қайғу ва ташвишни ҳам жилмайиб, шукрона билан қабул қиладиган ягона халқ индонезияликлар бўлса керак. Шунинг учун ҳам бу давлатни “сабр мамлакати” дея атадим. Индонезияда бақир-чақир қилиб гапираётган, бир-бирига қўполлик қилаётган кишиларни учратмайсиз. Ишонинг, ҳатто бозорлари ҳам гавжум бўлишига қарамай пашша учса овози эшитилади. Паст ва мулойим оҳангда, табассум билан мулоқот қилишади. Ҳеч қачон хўмрайган, қовоғини солган, маъюс кишини учратмайсиз. Маҳаллий аҳолининг кайфияти мамлакатга келган сайёҳларга ҳам кўчади. Индонезияда бўлган вақтим давомида ерлик аҳолининг кайфияти ва руҳий ҳолати менга ҳам таъсир қилди. Бу юртда негадир муаммоларимиз, ташвишларимиз катта бўлиб туюлмайди. Аксинча, ғам-ташвишлардан ҳам улкан Роббимизнинг борлиги чеҳрасида табассум балқиб турган ҳар бир инсоннинг кўзларидан ёғилиб туради…

Индонезия таасуротлари

Индонезияда аҳолининг аксарият қисми ислом динига эътиқод қилади. Шунингдек, буддавийлик ва насронийлик дини ҳам кенг тарқалган. Аммо бу давлатда динидан қатъий назар ҳар бир кишининг инсонийлик фазилатлари, атроф-муҳитга, одамларга бўлган муносабати таҳсинга лойиқ.

Бир куни шаҳарни айланиб юриб адашиб қолдим. Университет турар жойига қандай бориш ҳақида ўша атрофдаги бир кишидан ёрдам сўрадим. Хорижлик, боз устига талаба эканимдан хабар топган киши такси чақиртирди ва қўярда-қўймай таксига кира ҳақини бериб юбориб, мени манзилимга етказишини сўради.

Индонезияни кўп туш кўраман. Айниқса, йигирма соат давомида тинимсиз чор-атрофдан Қуръон тиловатлари ва азон овози эшитилиб тургани тез-тез тушларимга киради. Ҳа, айтганча, Индонезияда спиртли ичимликлар савдоси билан шуғулланадиган дўкон умуман йўқ. Бундай жойга ҳеч кўзингиз тушмайди. Аммо шунга қарамасдан узумчилик, спир маҳсулотлари олинадиган деҳқончилик касодга учрамаган. Аллоҳ ҳар бир нарсани ҳалолидан баракотлантириб қўйган.

Индонезия таасуротлари

Индонезияда ўқиш давомида Гунадарма Университети маъмурияти томонидан бепул турар жой билан таъминландик. Аммо бу саховатпеша ўқув маскани мутасаддилари шу билангина чекланиб қолишмади. Вақт-вақти билан хориждан келган талабаларга пул маблағлари ва тансиқ таомлар билан сийлардилар. Шунингдек, Университете маъмурияти, шахсан ректор Эко Сри Маргианте хонимнинг ташаббуслари билан мафтункор Бали оролларида дам олиб ҳам қайтдик. Индонезия ҳақида соатлаб, кунлаб гапиришим мумкин. Лекин ҳар бир сўз соғинчимни янгилайди, юрагим орзиқиб кетади.

Индонезия таасуротлари

Кўз танишлик орқали иноқ бўлиб кетган овқат етказадиган курьер йигит, табассуми чиройли, бир пайтлар Москвага хизмат сафарига келиб, “спасибо” сўзини ўрганган, афтобусда танишиб қолганим кекса амаки, ўқув корпусимиз ёнида қовурилган товуқ оёқлари (КФС) сотадиган, намоз вақти кирганида шундоқ сотаётган нарсани қолдириб, масжидга югурадиган йигит, индонез тилидан яхши ўзлаштиролмаган бўлсамда танбеҳ бериб изза қилмасдан, аксинча, ҳадялар улашиб тилни ўрганишга қизиқтирган ўқитувчим ва барча устозларим, талаба дўстларим, ҳамма-ҳаммаси хотирамга шунчалик ўрнашганки, энг ширин уйқудан уйғонганимда ҳам улар ҳақида сўрашса талмовсирамасдан гапириб бера оламан… 

Жануби Шарқий Осиёдаги бу тропик мамлакат бир умр хотирамда қолди. Биз Аллоҳ насиб этса яна Жакартада кўришамиз. 

Бундай ажойиб хотиралар учун ҳар иккала таълим даргоҳи раҳбариятидан миннатдорман. Айниқса, ушбу дастурни ташкил этишда бошчилик қилган БухДУ ректори Обиджон Ҳамидов ва проректор Аброр Жўраевга чексиз ташаккурларимни изҳор этаман!

Индонезия таасуротлари

Беҳзод Адизов

журналист

Мавзуга оид