Бугунги тараққиётни илм-маърифат ва таълимнинг ривожисиз тасаввур этиб бўлмайди, башариятнинг илм-фан соҳасида беллашуви энг авжига чиққан даври гувоҳисиз. Дунёнинг илғор давлатларида таълимни ривожлантириш биринчи галдаги вазифа сифатида белгиланиши ҳам бежиз эмас. Негаки, мамлакатнинг келгуси равнақи айнан шу соҳада қўлга киритган ютуқлари билан чамбарчас боғлиқдир.
Маълумки, соғлом, билимли, маданиятли ёшлар мамлакат тараққиёти ва келажагини белгилаб берувчи ҳамда жамиятда ижобий ўзгаришларни амалга оширишда ҳаракатлантирувчи кучдир. Ўз навбатида ўсиб келаётган авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол шахс этиб тарбиялаш эса таълим соҳасида олиб борилаётган бугунги ислоҳотларнинг натижасига боғлиқдир. Ўзбекистоннинг бу борадаги позициясини эса давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзлари ифодалайди: “Ҳаммамизга аёнки, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу — илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ”.
Дарҳақиқат, ХХI аср глобаллашув ва чегараларнинг барҳам топиш даври, ахборот-коммуникация технологиялари ва интернет асри, жаҳон майдонида ва дунё бозорида тобора кучайиб бораётган рақобат асрига айланиб бораётган бир даврда интеллектуал салоҳиятли ёшларни тарбиялаш нақадар долзарб эканлигини исботлашга ҳожат йўқ, албатта. Чунки, бундай шароитда инсон капиталига йўналтирилаётган инвестиция ва қўйилмаларнинг ўсишини, ҳозирги замонда демократик тараққиёт, модернизация ва янгиланиш борасида белгиланган мақсадларга эришишда энг муҳим қадрият ва ҳал қилувчи куч бўлган билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш вазифасини доимо ўзининг асосий устувор йўналишлари қаторига қўядиган давлатгина ўзини намоён эта олиши мумкин.
Таълим соҳасидаги туб ислоҳотлар пировардида Бухоро муҳандислик-технология институтида илмий-тадқиқот фаолиятини кучайтириш масаласига катта эьтибор қаратилди. Илмий тадқиқот ишлари билан шуғулланиш учун институтда барча имкониятлар яратилиб, хорижий грантлар ҳисобидан сўнгги русумдаги лаборатория жиҳозлари келтириб ўрнатилди. Айниқса, охирги уч йилда институтда 4 та ихтисосликлар бўйича очилган илмий кенгашлар бунга яққол мисол бўла олади. Илмий кенгашларнинг очилиши хотин-қизларга, институт тадқиқотчиларига оиласидан узоқлашмасдан илмий ишини тайёрлаб ҳимоя қилиш имконини берди. Бу имкониятлар ўз самарасини берди, хусусан 2019 йилда илмий салоҳият 36%, 2020 йилда 41% ни ташкил этган бўлса 2022 йилда бу кўрсатгич 46%га етказилди. Биргина ўтган йили “Тикувчилик саноатида инновацион технологиялар” кафедрасида 2 та фан доктори (DSc) ва 6 та фалсафа доктори (PhD), “Ижтимоий фанлар” кафедрасида 4 нафар доктори (PhD) диссертациялари муваффақиятли ҳимоя қилинди. Таянч докторнатлар илмий-тадқиқот ишларига оид экспериментал тадқиқотларни институтдаги мавжуд лабораториялар ва илмий марказларда олиб бориш имконига эга бўлишди. 2021 йилнинг ўзидаёқ институт Республика олий таълим муассасалари орасидаги рейтингда 58 ўриндан 22 ўринга кўтарилди. Бунинг ҳаммаси, шубҳасиз, жамоамиз, олий даргоҳимиз раҳбариятининг институт илмий салоҳиятини ва рейтингини кўтаришга қаратилган саъй- ҳаракатлари натижасидир.
Бундан ташқари, институт раҳбарияти томонидан хорижий ривожланган олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик ишларини ривожлантириш, талабалар алмашинуви, малакавий амалиётларни ўташи, профессор-ўқитувчилар малака оширишлари ва илмий стажировкаларини ташкил этишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Қўшма таълим дастури бўйича Италия, Малайзия, Туркия, Россия, Беларусь каби давлатларнинг нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик шартномалари тузилган ва ҳозирги пайтда уларнинг ўқув дастурлари борасида ишлар олиб борилиши, чет эл малакали мутахассисларининг талабаларимиз учун ўқув машғулотларини, педагоглар учун эса маҳорат дарсларини ўтиши жаҳон андазаларига мос келадиган юқори малакали кадрларни тайёрлашга имкон яратмоқда.
Бугунги кунда институтда таълим бериш фаолияти янада такомиллаштирилиб, халқимизнинг асрлар давомида шаклланган илм сари интилиш фазилати яна бир бор намоён бўлмоқда. Ёшларимиз соғлом ҳамда гўзал турмуш кечириш, эгаллаган касби бўйича доимий иш ўрнига эга бўлиш, масъулиятни ўз зиммасига олиш, инсоний қадр-қимматини камситишга йўл қўймаслик, қисқача айтганда, комилликка эришиш учун ҳаракат қиляпти ва бу жараёнда таълим олишни энг асосий шарт сифатида кўрмоқда.
Нусратилла Баракаев., Бухоро муҳандислик-
технология институти ректори