22 май куни Тошкентда ички ишлар ходимлари сурхондарёлик йигитни тўхтатган ва ёнидан топилган гиёҳванд модда туфайли уни Чилонзор туман ИИБга олиб борган. Расмийларга кўра, ИИБ биносида сўроқ қилинаётган 21 ёшли Ҳафизуллоҳ Турғунов сўроқ пайтида ҳожатхонага боришни сўраган ва қочмоқчи бўлиб, 4-қаватдан ўзини ташлаб юборган. Шундан сўнг Учтепа тумани тез ёрдам бўлимига олиб борилган йигит ўша ерда бир ҳафта комада ётган ҳамда 29 май куни эрта тонгда ўзига келмасдан вафот этган.
Ички ишлар вазирлигининг расмий баёнот ўлароқ тақдим қилинган бу версияга марҳумнинг яқинлари, хусусан Ҳафизуллоҳнинг ногирон отаси шубҳа билдирмоқда.
“Ўғлинг 4-қаватдан ўзини ташлади, деган хабарни эшитиб ўзимни йўқотиб қўйдим. Кейин бир ҳафталарда ўғлинг ўлди, келиб олиб кет, дейишди. Кейин Тошкентга келдим, касалхонага борсам ўғлимнинг юзи кўкариб кетган, танасининг бошқа жойларига ҳеч нарса бўлмаган. Доктор ҳам оёқ-қўли синмаган, ҳеч нарса бўлмаган, деди. Шунга шубҳам бор, ўғлим бақувват ва ёш эди, қамоқдан қўрқадиган бола эмасди. Менинг биттагина ўғлимни уриб ўлдиришган деб ўйлайман…
ИИБ биноси ойналарида панжаралар бўлади, у сиғмайди-ку. Агар ташлаган бўлса, камералар бўлади – ташлаганини кўрсатишсин ёки бармоқ изларини кўрсатишсин. Тошкент шаҳар прокуратурасига бориб ариза ёздим, видеони тергов сири, дея кўрсата олмаслигини айтишди.
Ўзим ишга лаёқатсизман, ўғлим Тошкентга ишлаш учун келганди. Қурилишда ва бошқа ишларда ишлаб юрганди. Ёмон йўлга кирган бўлса, балки шундайдир билмайман. Лекин ёмонлиги учун ўлдириб қўйиш керакмас-ку, уларнинг ҳам болалари бордир”, — дейди марҳумнинг отаси Эркин Холбоев.
Ҳолат юзасидан дастлаб расмийлар изоҳ бермади ва ишни прокуратура ўрганаётганини айтиш билан чекланди. Kun.uz сайтида ушбу хабар эълон қилингач Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов расмий баёнот берди.
Унда айтилишича, 22 май куни тонгда ички ишлар ходимлари шубҳали кўрингани учун Х.Т.ни тўхтатиб, ёнидан 53,52 граммлик “гашиш” гиёҳвандлик моддасини топишган ҳамда унга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси асосида иш қўзғатилган.
Вазирликка кўра, Ҳафизуллоҳ шу куни 4-қаватда жойлашган хизмат хонасига олиб кетилаётганда ҳожатхонага киришни сўраган ва терговдан қочиб яшириниш мақсадида деразадан пастга сакраган. “Натижада бош ва тана қисмидан турли жароҳатлар олган – унга “бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши, бош суягини синиши, тана аъзоларининг гематомаси” ташхиси қўйилган. Шунингдек, ИИВ мазкур ҳолат бинога ўрнатилган видеоёзув мосламаларида қайд этилганини таъкидлаган.
Лекин ҳозирга қадар марҳумнинг яқинларига ҳам, жамоатчиликка ҳам 21 ёшли йигит ўзини 4-қаватдан ташлаб юборгани акс этган видеоёзув кўрсатилмади.
Kun.uz мухбири Чилонзор туман ИИБга бориб, Ҳафизуллоҳ ўзини ташлаб юборгани айтилган ҳожатхона ойнасини кўришни сўради. Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати тергов сири, дея бунга рухсат бермади, мухбир ИИБ ҳудудига киритилмади.
Қариндошларининг шубҳаларига сабаб бўлаётган ҳолатлардан яна бири шифокорларнинг гап-сўзлари бўлмоқда. Масалан, ўша касалхонада ишлаган шифокорлардан бири Ҳафизуллоҳ Турғунов қон қусиб келгани, ички аъзолари эзилиб кетганидан, ичи бир неча маротаба ювилганини ёзган
Бундан ташқари марҳумнинг яқинларига бошқа шифокорлар ҳамда морг ходимлари Ҳафизуллоҳнинг танасида 4-қаватдан йиқилиш аломатлари йўқлигини айтган.
Kun.uz мухбири билан гаплашган Учтепа тумани тез ёрдам бўлими бош шифокори ўринбосари марҳумнинг касалхонага олиб келиниши ва саломатлигига доир қайдлар прокуратура томонидан олиб кетилганини билдирди. Шифокорлар ҳам ўзлари гувоҳ бўлган ҳолатни тергов ва судда айтишини билдирди.
Бош прокурорнинг матбуот котиби марҳумнинг жасади устидан ўтказилган суд-тиббий экспертизанинг дастлабки хулосаси ҳам текширувлар якунига қадар очиқланмаслигини маълум қилди. Айни вақтда ҳолат юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.