Мустақил Ўзбекистон Республикасида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар бошқа соҳалардаги ижобий ўзгаришлар билан чамбарчас боғлиқ ҳолда амалга ошириб келинаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Дарвоқе, иқтисодиётимизнинг муҳим таянчи бўлган тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятининг самарали фаолият юритиши учун қулай шарт-шароит яратиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, чет эл капиталининг кириб келиши ҳамда қулай инвестиция шароитлари яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб ҳисобланади. Бу эса мазкур соҳадаги қонунчилик ҳужжатларини доимий равишда такомиллаштириб боришни тақозо этади. Мамлакатимизда юридик шахслар ҳамда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар фаолиятидан келиб чиқадиган низолар иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилади.
Иқтисодий судлар фаолияти билан тадбиркорлар қатлами, шунингдек кенг халқ оммасини таништириб бориш, судларга киритиладиган даъво ариза (ариза), шикоятларга қўйиладиган талаблар, кўриладиган низолар ҳамда судда низоларни ҳал қилиш тартиби тўғрисида доимий равишда ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга ошириб келинмоқда. Бу эса тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий маданияти бир қадар ўсишига хизмат қилмоқда. Хусусан, қуйида иқтисодий ҳуқуқ соҳасининг муҳим институтларидан бири ҳисобланмиш “Иқтисодий судларда даъво аризасини кўрмасдан қолдириш асослари” ҳақида сўз боради.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 107-моддасига асосан, суд қуйидаги ҳолларда даъво аризасини кўрмасдан қолдиради, агар:
1) фуқаролик ишлари бўйича суд, иқтисодий суд, ҳакамлик суди, арбитраж суди иш юритувида айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш мавжуд бўлса;
2) ишда иштирок этувчи шахсларнинг ушбу низони ҳакамлик судига ёки арбитражга кўриш учун топшириш тўғрисидаги келишуви мавжуд бўлиб, ҳакамлик судига ёки арбитражга мурожаат қилиш имконияти бой берилмаган бўлса ва, агар ишнинг иқтисодий судда кўрилишига қарши бўлган жавобгар ўзининг низонинг мазмуни бўйича биринчи аризасидан кечиктирмай низони ҳакамлик судининг ёки арбитражнинг ҳал қилувига ўтказиш тўғрисида илтимоснома берса;
3) даъво аризаси имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;
4) қонунчиликка ёки шартномага кўра қарз банк ёки бошқа кредит ташкилоти орқали ундириб олиниши керак бўлишига қарамай, даъвогар жавобгардан қарзини ундириб олиш учун банкка ёхуд бошқа кредит ташкилотига мурожаат этмаган бўлса;
5) даъвогар низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этмаган бўлса, башарти бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки тарафлар шартномасида назарда тутилган бўлса;
51) даъвогар низони жавобгар билан медиация тартиб-таомилини амалга ошириш орқали ҳал қилиш тартибига риоя этмаган бўлса, башарти бу мазкур тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;
52) медиация тартиб-таомилини амалга ошириш ҳақида илтимоснома билан арз қилган тарафлар уни амалга ошириш муддати тугаганидан сўнг суд мажлисига узрли сабабларсиз келмаса;
53) тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса;
6) даъвогар биринчи суд мажлисига келмаган ва ишни ўзининг иштирокисиз кўрилиши тўғрисида арз қилмаган бўлса;
7) юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ариза кўрилаётганда ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чиққанлиги аниқланса;
8) даъвогарнинг манфаатларини кўзлаб прокурор, давлат органи ва бошқа шахс томонидан тақдим этилган даъводан даъвогар воз кечган бўлса;
9) жавобгарга нисбатан банкротлик тўғрисида иш қўзғатилган бўлса ва жавобгарга нисбатан тақдим этилган талаб қонунга кўра банкротлик тўғрисидаги иш доирасида кўрилиши лозим бўлса.
Суд амалиётидан мисол: даъвогар “Илғор Пахлавон савдо” масъулияти чекланган жамияти судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар “Buxoro zarhal teks” масъулияти чекланган жамиятидан 458.190.766,61 сўм асосий қарз, 148.453.803 сўм пеня ундиришни сўраган.
Тарафлар ўртасидаги 2023 йил 16 январдаги медиатив келишув медиатор Ашуров Дилшод Зарипович (МТ № 000018-сонли сертификат) иштирокида тузилган. Медиатив келишувда жавобгар томонидан асосий қарздорлик тўлиқ тан олиниб, тўлаб берилганлиги сабабли, даъвогар олдиндан тўланган 24.000 сўм почта харажати ва 148.453.803 сўм пенядан воз кечиши белгиланган.
Суднинг ажрими билан даъвогар “Илғор Пахлавон савдо” масъулияти чекланган жамиятининг жавобгар “Buxoro zarhal teks” масъулияти чекланган жамиятидан 458.190.766,61 сўм асосий қарз, 148.453.803 сўм пеня ундириш тўғрисидаги даъво аризаси тарафлар томонидан медиатив келишув тузилганлиги сабабли кўрмасдан қолдирилган.
“Медиация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 29-моддасининг биринчи қисмига кўра, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижалари бўйича тарафлар келиб чиққан низо ёхуд мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари хусусида ўзаро мақбул қарорга эришган тақдирда, тарафлар ўртасида ёзма шаклда медиатив келишув тузилади. Ушбу модданинг учинчи қисмига кўра, медиатив келишув уни тузган тарафлар учун мажбурий кучга эга бўлиб, ушбу келишув унда назарда тутилган тартибда ҳамда муддатларда тарафлар томонидан ихтиёрий равишда бажарилади.
Кодекс нормаларига асосан даъво аризасини кўрмасдан қолдириш тўғрисида суд ажрим чиқаради. Суд ажримида ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги, давлат божини бюджетдан қайтариш ҳақидаги масалалар ҳал қилиниши мумкин. Ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.
Даъво аризасини кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Даъво аризасини кўрмасдан қолдиришнинг яна бир жиҳати шундаки, даъво аризасини кўрмасдан қолдириш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин даъвогар судга даъво аризаси билан умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли.
Фаррух Муродов,
Когон туманлараро иқтисодий суди раиси
Нурбек Рахимов,
Бухоро вилоят судининг бош консультанти