Судланувчи кечқурун бесабаб 49 йиллик аёлини сеҳр-жоду қилаётганликда айблаб, уни ваҳшийларча ўлдирди.
Суд ҳужжатларига кўра, ҳодиса 2023 йил 16 декабрь куни содир бўлган. 71 ёшли судланувчи эркак А.Х. ўша куни ярим тунда уйғониб, 72 ёшли аёлига қон босими кўтарилгани сабаб ўзини ёмон ҳис қила бошлаганидан шикоят қилган.
Хотини унга айтган дориларини топиб бериб, тиббий ёрдам кўрсатганида, ҳеч бир сабабсиз судланувчи аёлига сеҳр-жоду қилиб келаётганлигини, шунинг учун кечалари ухлаёлмаслигини айтиб, у билан ўзаро жанжаллашган. Жанжал вақтида эркак ётоқхонасида иситиш печи ёнида турган болта билан 49 йилдан бери яшаб келаётган турмуш ўртоғининг бош қисмига 17 маротаба ва чап қўл учинчи бармоғига бир маротаба урган. Оқибатда, аёл оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган.
Қотилликдан сўнг айбланувчи ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган, бироқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари келиб, унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатишга муваффақ бўлишган.
Суд эркакни Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан айбдор деб топиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Жазо умумий тартибли колонияларда ўталиши белгиланди.