Бугун, 19 сентябрь куни Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг 102-сессияси бўлиб ўтди.
Сессия ишида вилоят секторлари раҳбарлари, вилоят бошқармалари, ташкилотлари ва муассасалари раҳбарлари, сиёсий партиялар, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, жамоат ташкилотлари, вилоят ҳокимлиги бўлинмалари масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Шунингдек, ҳудудий студиялардан ҳам тегишли масъуллар видеоконфренцалоқа орқали сессия ишини кузатиб боришди.
Сессияни халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси, вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошқариб борди.
Сессияда дастлаб хотин-қизларни ҳар тарафлама қўллаб- қувватлаш, уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш борасидаги долзарб вазифалар тўғрисида вилоят ҳокимининг ўринбосари Феруза Ибрагимованинг ҳисоботи эшитилди.
Кун тартибидаги навбатдаги масала — Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2024 йил 17 июль куни ўтказилган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида солиқ органларига юклатилган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш бўйича вилоят солиқ бошқармаси бошлиғининг мурожаатномаси ҳақида вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Дилшод Юлдашевнинг ҳисоботи тингланди. Шунингдек, Бухоро шаҳрининг экологик мастер режасини тасдиқлаш тўғрисида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги масъул ходими Халилулло Шеримбетов ахборот берди.
Сессияда шунингдек, вилоятда транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги тўғрисида вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Фахриддин Ражабов, Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига қўшиш таклифи тўғрисида Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси раиси Абира Хусейновалар ахборот берди.
Сессияда қолаверса, вилоят ҳокими Ботир Зарипов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 31 май – 1 июнь кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ҳамда ўтказилган йиғилиш баёни билан белгиланган вазифалар ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида депутатларга ахборот берди.
Сессияда халқ депутатлари вилоят Кенгаши ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Бу борада депутатларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари эшитилди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди
Фикр билдириш
Фикр билдириш