АҚШга кўчиб кетиш имконини берувчи DV-2024 лотереяси учун аризалар қабули бошланди.
Аризаларни топшириш муддати
Ушбу дастурда қатнашмоқчи бўлганлар ўз аризаларини 2022 йил 9 ноябргача юборишлари мумкин. Аризаларни топшириш учун рўйхатга олишнинг охирги ҳафтасигача кутмаслик тавсия этилади, чунки катта юклама сабабли дастур сайти секин ишлаши мумкин.
Аризаларни фақат онлайн тарзда топшириш мумкин. Қоғозда юборилган, тўлиқ тўлдирилмаган ёки белгиланган муддатдан кейин юкланган аризалар қабул қилинмайди.
Ҳар бир киши бир мавсумда фақатгина бир маротаба ариза топшириши мумкин. Бир маротабадан кўп ариза топширганлар дастурдан четлатилади. Дастурда қатнашиш учун аризани тўлдириш бепул.
Аризани тўлдириш
Green Card дастурида иштирок этиш учун аризани АҚШ Давлат департаментининг расмий сайти орқали тўлдириш мумкин: dvprogram.state.gov.
Дастур сайтининг асосий саҳифасида «Begin Entry» устига босиб, ариза тўлдириш саҳифасига ўтилади.
Кейинги саҳифада экранда авторизация учун махсус код тақдим этилади ва уни хатоликларсиз киритиш керак бўлади.
Шундан сўнг, ариза тўлдириш учун асосий саҳифага ўтилади.
Биринчи бўлимда ариза тўлдирувчининг шахсий маълумотлари: исми, фамилияси, жинси, туғилган вақти, жойи ва мамлакати киритилади.
Муҳим: Ўзбекистон фуқаролари ариза тўлдиришнинг «Middle Name» сатрларини бўш қолдиришлари ва «No Middle Name» тугмасини босишлари керак бўлади. Ўзбекистон фуқаролик паспортида кўрсатилган «Отасининг исми» маълумотлари «Middle Name»га кирмайди.
Шунингдек, виза дастурида қатнашиш учун қайси мамлакатдан ариза топширилаётганини ҳам кўрсатиш керак бўлади. Кўп ҳолатларда туғилиш мамлакати билан ариза топшириш мамлакати бир хил бўлади.
Ўзбекистонда туғилганлар туғилган мамлакат бўйича топшираётганларини танлаш учун «Yes» (ҳа)ни танлашлари керак. Бошқа мамлакатда туғилган, лекин Ўзбекистондан ариза бераётганлар «No» (йўқ)ни танлаб, мамлакатлар орасида Ўзбекистонни танлашлари лозим.
Навбатдаги бўлимда хорижга чиқиш паспорти маълумотларини киритиш керак бўлади: исм, фамилия, паспорт серияси ва рақами, амал қилиш муддати ва қайси мамлакат томонидан берилганлиги.
Ушбу бўлимда паспорт маълумотларини фақатгина қуйидаги шахслар тақдим этолмаслиги мумкин: фуқаролиги бўлмаган шахслар, паспорт ололмайдиган коммунистик давлат фуқаролари ва паспорт ололмайдиган фуқаролар. Агарда, ушбу бандлардан бири нотўғри белгиланган бўлса, ариза топширувчи дастурдан четлатилади. Хорижга чиқиш паспорти маълумотларини киритадиганлар «B» бандини бўш қолдиришлари керак.
Кейинги бўлимда ариза топширувчининг сурати юкланади. Бунда «Choose New Photo» тугмасини босиб, олдиндан тайёрланган ва компьютерга юкланган суратни танлаш керак бўлади.
Ушбу дастур учун юкланадиган сурат сўнгги 6 ой ичида олинган бўлиши керак. Ариза топширувчи суратга тушиб, унинг рақамли нусхасини олиши ёки яқинда тушган суратининг сканерини ҳам юклаши мумкин.
Фотосуратга қатъий талаблар қўйилган ва ушбу талабларга жавоб бермайдиган аризалар дастурдан четлатилади.
Муҳим: эски суратини, олдинги аризада юклаган суратини ва ишлов берилган суратларни юклаган шахсларнинг аризаси танлов шартларига жавоб бермайди.
Фотосуратга талаблар
Фотосурат ҳажми 245 кб дан юқори бўлмаслиги ва JPEG форматда бўлиши лозим.
Сурат тиниқ ва ранглари табиий, суратдаги шахснинг тери ранглари ҳақиқийлигича кўринган ва сояларсиз бўлиши лозим.
Ундан кейин ҳозирда яшаётган мамлакатингиз ва телефон рақамингизни кўрсатиш керак бўлади.
Кейин доимий ишлатадиган электрон почта манзилингизни ва таълим даражингизни кўрсатинг.
Шундан сўнг оилавий аҳволингиз ҳақидаги маълумотларни кўрсатишингиз керак бўлади. Агарда сиз турмуш қурмаган бўлсангиз ва фарзандларингиз бўлмаса, буни кўрсатиб, кейинги саҳифага ўтишингиз мумкин.
Оила аъзоларингизнинг суратларини жойлаштирганда ҳам юқорида фотосуратлар бўйича келтирилган талабларга риоя қилинг.
Виза дастурининг натижалари эълон қилинган пайтда фарзандингиз 21 ёшга тўлиб қолса ҳам, у виза учун ариза топшириши мумкин бўлади. Фақатгина Грин Кард дастурига ариза топширган вақтда у 21 ёшдан кичик бўлиши лозим.
Агар барча амалдаги оила аъзоларингиз ҳақидаги маълумотларни кўрсатмасангиз, унда виза дастуридан четлатиласиз.
Барча маълумотларни тўлдириб, кейинги саҳифага ўтиш учун саҳифа пастидаги «Continue» тугмасини босинг.
Аризани юбориш
Кейинги саҳифада сиз аризада киритилган маълумотларнинг тўғрилигини текшириб чиқишингиз керак.
Агарда аризани юборишдан олдин қайсидир саҳифадаги маълумотни ўзгартирмоқчи бўлсангиз, унда ортга ўтиб, маълумотларни таҳрирлашингиз мумкин.
Барча маълумотлар тўғрилигига ишонч ҳосил қилгач, саҳифанинг охирида «Submit» тугмасини босинг ва аризани юборинг.
Шундан сўнг, кейинги саҳифада сизнинг аризангиз қабул қилинганлиги тўғрисида маълумот чиқади. Ушбу маълумотларни қоғозда чиқариш ёки рақамли нусхасини олиш орқали сақлаб олинг ва ушбу маълумотларни йўқотмасликка ҳаракат қилинг.
Муҳим: Аризангиз қабул қилинганлигини тасдиқловчи саҳифада «Confirmation Number» (тасдиқлаш рақами — таҳр.) тўғрисида кўрсатилган маълумот жуда муҳим ҳисобланади. У орқали сиз виза дастури натижалари чиққач аризангиз бўйича жавобни текширишингиз мумкин.