Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 76-моддасида, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир. Никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади. Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратади- деб белгиланган. Бу эса никоҳ-оилавий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришда судлар зиммасига катта масъулият юклайди.
Фуқаролик ишлари бўйича судлари оила тўғрисидаги қонунчилик вазифаларидан келиб чиқиб, қонунда назарда тутилган ҳамда оилани мустаҳкамлаш, эр-хотин ва уларнинг болалари ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган барча чораларни кўришлари лозим ҳисобланади.
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш орган (ФХДЁ) бўлимлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексининг 37-моддасига мувофиқ никоҳ эр-хотиндан бирининг вафоти ёки улардан бири суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида тугайди. Эр ва хотин ҳаётлигида никоҳ улардан бири ёки ҳар иккаласининг аризасига кўра никоҳдан ажратиш йўли билан тугатилиши мумкин. Агар муомалага лаёқатсиз эр ёки хотин манфаатлари ҳимояси тақозо этса, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза унинг васийси томонидан берилиши мумкин ҳисобланади.
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш орган (ФХДЁ) бўлимлари томонидан фуқароларни никоҳдан ажратиш ҳақидаги мурожаат бўйича Оила Кодексининг 42-моддасига кўра, вояга етмаган умумий болалари бўлмаган эр-хотиннинг ўзаро розилиги бўлган тақдирда никоҳдан ажратиш амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасини Оила кодексининг 43-моддасига мувофиқ, никоҳдан ажратиш қуйидаги ҳолларда эр-хотиндан бирининг аризаси бўйича, улар ўртасида вояга етмаган умумий болалар борлигидан қатъи назар, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш (ФХДЁ) органларида амалга оширилади, агар эр-хотиндан бири суд томонидан: бедарак йўқолган деб топилган бўлса; руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса; содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса.
Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво аризасини қабул қилишда Оила кодексининг 39-моддасига мувофиқ эр хотинининг розилигисиз унинг ҳомиладорлиги вақтида ва бола туғилганидан сўнг бир йил мобайнида никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга, гарчи у туғилиш тўғрисидаги ёзувлар дафтарида боланинг отаси сифатида ёзилмаган бўлса ҳам, ҳақли эмас. Мазкур қоида бола ўлик туғилган ёки бир ёшга тўлмай вафот этган ҳолларга ҳам татбиқ этилади. Хотиннинг никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга розилиги бўлмаган ҳолларда, судья даъво аризасини қабул қилишни рад этади, агар у қабул қилинган бўлса, суд ФПК 122-моддасининг 8-бандига асосан аризани кўрмасдан қолдиради.
Фуқаролар томонидан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво аризасини судларга тақдим этишда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Процессуал кодексининг 189 ва 190-моддалари талабларига жавоб бериши керак. Унда, жумладан никоҳ қачон ва қаерда расмийлаштирилганлиги, никоҳдан болалар бор-йўқлиги, уларнинг ёши, эр-хотин ўртасида вояга етмаган болаларни таъминоти ва тарбияси ҳақида келишувга эришилган-эришилмаганлиги, никоҳдан ажратиш сабаблари, никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво билан бирга кўрилиши мумкин бўлган бошқа талаблар кўрсатилади.
Никоҳдан ажратиш ҳақидаги аризага никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, болалар туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхалари, эр-хотиннинг ойлик маоши ва ўзга даромадлари ҳақидаги, давлат божи ва почта харажатлари тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар, даъво талабларини тасдиқловчи далиллар, шунингдек никоҳдан ажратиш ҳақидаги низо судгача ҳал қилинганлигидан далолат берувчи даъвогарнинг яшаш жойидаги фуқаролар йиғини яраштириш комиссиясининг хулосаси илова қилинади.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, фуқаролар томонидан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризаларни судгача ҳал қилинганлигидан далолат берувчи даъвогарнинг яшаш жойидаги фуқаролар йиғини яраштириш комиссиясининг хулосаси тақдим этилишида эр-хотин ва уларнинг болалари ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган чора сифатида баҳоланади. Бу ҳолат Республикамизда оилаларни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи меҳанизимдир.
Илхом Джураев,
Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро судининг раиси
Нурбек Рахимов,
Бухоро вилоят судининг бош консультанти