Тарафлар, учинчи шахслар, уларнинг вакиллари, ариза берувчилар ва судда кўрилаётган алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича бошқа манфаатдор шахслар, прокурор, ишда бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда иштирок этадиган давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқаролар ишда иштирок этувчи шахслар деб тан олинади.
Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар, агар иш бўйича қабул қилинадиган ҳал қилув қарори уларнинг тарафлардан бирига нисбатан бўлган ҳуқуқларига ёки мажбуриятларига таъсир этадиган бўлса, суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар даъвогар ёки жавобгар тарафида ишга киришиши мумкин. Улар тарафларнинг, прокурорнинг, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосномаси бўйича ёхуд суднинг ташаббуси билан ҳам ишда иштирок этишга жалб қилиниши мумкин.
Агар фуқаро соғлиғининг ҳолати, ёши ёки бошқа сабабларга кўра судда ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини шахсан ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлмаса, прокурор фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда, шунингдек прокурорнинг аризасига кўра қўзғатилган ишлар бўйича фуқаролик ишининг муҳокамасида иштирок этишга ҳақли. Прокурор бошқа шахсларнинг аризалари билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмас.
Ариза берган прокурор даъвогарнинг барча процессуал ҳуқуқларидан фойдаланади ва барча процессуал мажбуриятларини ўз зиммасига олади, бундан келишув битими ёки медиатив келишув тузиш ҳуқуқи ва суд харажатларини тўлаш мажбурияти мустасно. Прокурор берган аризасидан бутунлай ёки қисман воз кечиш, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун ўзи арз қилган талаблар бўйича судга тушунтиришлар бериш, иш мазмуни юзасидан, шунингдек ишнинг муҳокамаси вақтида келиб чиққан айрим масалалар бўйича ўз фикрини баён этиш, суд ҳужжати устидан протест келтириш ҳуқуқига эга.
Агар даъвогар рози бўлмаса, прокурор ўзи арз қилган талабларнинг асосини ёки предметини ўзгартиришга, қўшимча талаблар билдиришга, даъво талабларининг миқдорини кўпайтиришга ёхуд камайтиришга ҳақли эмас. Прокурор томонидан даъвогарнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун тақдим этилган даъводан даъвогарнинг воз кечиши, агар бу учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилмаса, даъво аризасини (аризани) кўрмасдан қолдиришга олиб келади. Прокурорнинг бошқа шахс манфаатларини ҳимоя қилиш учун тақдим этган ўз даъвосидан (аризасидан) воз кечиши, ушбу шахсни ишни мазмунан кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.
Прокурорнинг, шунингдек бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиб судга мурожаат қилган давлат бошқаруви органларининг, ташкилотларнинг ва фуқароларнинг арз қилинган талаблари тўлиқ ёки қисман рад этилганда, жавобгар қилган суд харажатларининг ўрни унга бюджет маблағлари ҳисобидан тўлиқ ёки даъвогар арз қилган талабларнинг рад этилган қисмига мутаносиб равишда қопланади.
Прокурор ёки адвокат раислик қилувчининг фармойишларига бўйсунмаган тақдирда, улар огоҳлантирилади. Мазкур шахслар раислик қилувчининг фармойишларига яна бўйсунмаса, агар уларни ишга зарар етказмаган ҳолда бошқа шахс билан алмаштиришнинг имкони бўлмаса, ишни кўриш суднинг ажримига биноан кейинга қолдирилиши мумкин. Суд бир вақтнинг ўзида хусусий ажрим чиқаради, ушбу ажрим тегишинча юқори турувчи прокурорга ёки Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги малака комиссиясига юборилади. Прокурор ёки адвокатнинг узрсиз сабаблар билан келмаганлиги тўғрисида суд хусусий ажрим чиқаради, бу ҳақда тегишинча юқори турувчи прокурорга ёки Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги малака комиссиясига маълум қилади.
Бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат этган прокурор, шунингдек давлат бошқаруви органларининг, ташкилотларнинг вакиллари ёки айрим фуқаролар суд музокараларида биринчи бўлиб сўзга чиқади. Ишда иштирок этувчи прокурор суд музокараларидан кейин низонинг моҳияти бўйича ўз фикрини баён этади, бундан прокурорнинг бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида берган аризаси бўйича қўзғатилган ишлар мустасно.
Суд қуйидаги ишларни албатта прокурор иштирокида кўриб чиқади:
- Фарзандликка олиш тўғрисидаги ишлар;
- Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги ишлар;
- Фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ишлар;
- Мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб топиш тўғрисидаги ишлар.
Йўқолган суд ишини юритиш суд томонидан ишда иштирок этувчи шахсларнинг, прокурорнинг аризасига биноан, шунингдек суднинг ташаббусига кўра тикланиши мумкин.
Прокурор, юқори турувчи прокурор прокурорнинг иштирокида кўрилган иш бўйича, шунингдек тарафларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция протести келтиришга ҳақли. Прокурор иштирокисиз кўриб чиқилган иш бўйича апелляция ёки кассация протестига тарафнинг мазкур протестни келтириш учун асос бўлиб хизмат қилган мурожаатининг кўчирма нусхаси илова қилинади.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларидан сўнг прокурор суд ҳужжатининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги тўғрисида фикрини баён этади, бундан прокурорнинг протести бўйича қайта кўрилаётган суд ҳужжатлари мустасно. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари ва прокурор фикри эшитилгандан сўнг апелляция инстанцияси суди ажрим чиқариш учун маслаҳатхонага киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва уларнинг ўринбосарлари, вилоят прокурори ва унинг ўринбосарлари тегишли шахсларнинг мурожаати бўлган тақдирда, кассация протести масаласини ҳал этиш учун суддан ишни талаб қилиб олишга ҳақли.
Шухрат Аббасов, Бухоро вилоят суди судьяси
Сарвиноз Қамбарова, Бухоро вилоят суди судьяси

