Вобкент тумани “Хайрхуш” маҳалласида туман ҳокими, Хақ депутатлари Вобкент туман Кенгаши депутати Ф.Умаровнинг аҳоли билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда Вобкент туман Халқ қабулхонаси мудири Л.Шарипова, ҳоким ўринбосарлари, тумандаги бир қатор корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ҳам қатнашди.
Учрашув аввалида туман ҳокими мамлакатимиз сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётида кечаётган кўламли ислоҳотлар, аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш, мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, хусусан туман секторларида қилинаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг фуқароларнинг ариза ва шикоятлари тингланди. Жумладан, қишлоқнинг ички йўлларини таъмирлаш, ариқ сувини келтириш, газ қувурини тортиш, тадбиркорлик таъминотидаги муаммолар, иш билан бандлик каби масалалар кўтарилди.
Бу муаммоларни бартараф этиш юзасидан масъул корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек туман ҳокими учрашув якунида мамлакатимизда тадбиркорларга яратилаётган имкониятлар ҳақида сўз юритиб, бу иш билан шуғулланишга доир шунингдек, қишлоқда паррандачилик, тикувчилик, қуёнчилик, иссиқхоналар қуриб иш билан банд бўлиш шунингдек қуёш панелларини қуриш ва ишсизларнинг ҳам бандлигини таъминлаш юзасидан тавсиялар берди ва келгусида амалга оширилиши кўзда тутилаётган режалар тўғрисида таништириб ўтди.