Ўзбекистон мустақилликка эришгач барча соҳаларда, хусусан Оила қонунчилиги тизимида ҳам самарали ислоҳотлар қилинди. Бош қомусимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам алоҳида “Оила” боби киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги, никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши белгилаб қўйилган.
Юртимизда оила институтини мустаҳкамлаш, нуфузини ошириш, ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, эрта никоҳнинг олдини олиш ва соғлом фарзандни дунёга келтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаяпти.
Шунингдек, Оила кодексида ҳам никоҳ тузиш тартиби, никоҳ тузишнинг ихтиёрийлиги, никоҳ ёши, никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар ва никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш нормалари белгилаб қўйилган.
Бироқ, баъзи ота-оналарнинг никоҳ ёшига етмаган, коллеж, лицейларни тугатмаган қизларини эрта турмушга чиқариб юбориш ҳолатлари учраяптики, бу ёш оналар ва болаларнинг ногирон, заиф болалар туғилишига сабаб бўлмоқда.
Оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида ўзига хос ижтимоий вазифани бажаради. Оилалар қанчалик мустаҳкам бўлса, жамиятимиз шунчалик мустаҳкам бўлади. Республикамизда оилага эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ёшлармизнинг соғлом ва мустаҳкам оила қуришлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Оиланинг ҳуқуқий асосини қонуний никоҳ ташкил этади. Чунки фақат қонуний никоҳгина оилада эр-хотин ва болалар ўртасида ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқаради.
Никоҳ тузилиши учун никоҳланувчилар қонунда белгилаб қўйилган никоҳ ёшига етган бўлишлари шарт.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасига кўра, никоҳ ёши эркак ва аёллар учун 18 ёш қилиб белгиланган. Бугунги кунда мутахассислар томонидан никоҳ ёшини кўтариш мақсадга мувофиқ деб топилмоқда. Таълим тўғрисидаги қонунчилик талаблари ҳамда қизларнинг физиологик жиҳатдан оналикка тайёр бўлишлари нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, бу фикр асослидир.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасининг иккинчи қисмига кўра, узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомилага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хохловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўёхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга қисқартирилиши мумкин.
Оила кодексининг 13-моддасида «Диний расм-русмларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас»лиги кўрсатилган, бироқ никоҳ ёшига тўлмаган қизлар билан ФҲДЁ органларидан рўйхатдан ўтмасдан, диний расм-русмларга биноан никоҳ тузиш маросимини ўтказиш ҳолатлари кам бўлсада, ҳамон учраб турибди. Мўрт ва ҳуқуқий ҳимояланмаган оилалар кўп ҳолатларда бузилиб, аксарият ҳолларда аёллар жабрланувчи бўлиб қолаётгани ачинарлидир.
Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва Оила кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Эрта никоҳнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш ҳамда жамиятда аёлларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий мавқеини мустаҳкамлаш, аҳолининг репродуктив саломатлигини яхшилашга қаратилган мазкур ҳужжатларга асосан никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди. Шу билан бирга никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш эндиликда маълум жавобгарликларни келтириб чиқаради.
Бундан кўзланган мақсад – она-бола саломатлигига салбий таъсир этаётган ҳолатларнинг олдини олиш, келгуси наслларнинг ҳар томонлама соғлом онадан дунёга келишини таъминлашдир.
Ушбу қонунда кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни кенг тарғиб қилиш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш долзарб вазифалардандир. Бу борада тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим ҳамда тиббиёт муассасалари мутахассислари ҳамкорлигида амалга оширилаётган тарғибот ишлари янада кучайтирилмоқда. Шифокорлар, педагоглар, психологлар, хотин-қизлар қўмиталари ва маҳаллалар фаоллари томонидан ёшларга соғлом ҳаёт ва узоқ умр кўриш, жисмоний ва маънавий баркамолликка эришиш, оила мустаҳкамлиги хусусида ҳаётий мисоллар орқали сўзлаб берилмоқда.
Мамлакатнинг ҳар бир қонун-қоидасини, унинг мазмуни ва аҳамиятини шу мамлакатнинг ҳар бир фуқароси билиши лозим. Зеро, қонунни билмаслик жавобгарликдан озод этмайди. Никоҳ ёшига оид юқоридаги қонун-қоидаларни тарғиб қилишдан мақсад эса одамларни огоҳлантиришдир. Ҳар бир ота-она, ҳар бир никоҳланувчи ёш ўз ҳақ-ҳуқуқини ва бурчини яхши билса, ўз соғлиги ва фарзандлари олдидаги масъулиятини чуқур ҳис этса, хавотирга ўрин қолмайди. Оилалар мустаҳкам, болалар баркамол бўлади.
Юртимизда никоҳ муносабатларини мустаҳкамлаш, оилавий ҳаётда рўй берадиган салбий ҳодисаларнинг олдини олиш, оилада соғлом муҳитни шакллантириш, баркамол авлодни тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлардан кўзланган мақсад ҳам соғлом ва мустаҳкам оила барпо этишдир. Зеро, ватан оиладан бошланади. Оила мустаҳкам экан, ватанимиз гуллаб-яшнайверади. Фарзандларимиз соғлом ва баркамол экан, келажагимиз порлоқ бўлади.
Фуқаролик ишлари бўйича
Қоракўл туманлараро суди раиси
Азиз Сафаров,
Фуқаролик ишлари бўйича
Қоракўл туманлараро суди судьяси