Қонун лойиҳасига кўра, Жиноят кодекси 192-12-модда билан тўлдирилмоқда. Гап жисмоний ва юридик шахсларнинг банк ҳисобварағидаги пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки ҳисобдан чиқариш, ва ортиқча ундирилган пул маблағларини жисмоний ва юридик шахсларнинг биринчи талабига асосан қайтармаслиги ҳақида бормоқда.
Қонун лойиҳасида мазкур ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, БҲМнинг 200 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазолаш назарда тутилмоқда.