Электрон тижорат – ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган, товарларни сотиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишга доир тадбиркорлик фаолиятидир. Ушбу Қонуннинг мақсади электрон тижорат соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Электрон тижоратни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек тегишли товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) харидорлари бўлган юридик ва жисмоний шахслар электрон тижорат иштирокчиларидир.
Электрон тижоратда ахборот воситачилари ҳам иштирок этишлари мумкин. Электрон ҳужжат айланиши билан боғлиқ хизматлар кўрсатувчи юридик ва жисмоний шахслар ахборот воситачиларидир. Электрон тижорат соҳасида нафақат юридик шахслар ва ЯТТлар, балки ўзини ўз банд қилган шахслар ҳам сотувчи сифатида иштирок этишлари мумкин.
Электрон тижоратни амалга оширувчи юридик ёки жисмоний шахс товарлар (ишлар, хизматлар) харидорига:
юридик шахснинг ташкилий-ҳуқуқий шакли кўрсатилган ҳолдаги тўлиқ номини ёки жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исмини;
почта ва электрон манзилини ҳамда ўзининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида маълумотларни;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда лицензияси борлиги тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ахборотни тақдим этиши ёхуд унинг бундай ахборотдан фойдаланиш эркинлигини таъминлаши шарт.
Ахборот воситачиларининг хизматлари шартнома асосида кўрсатилади.
Ахборот воситачилари, агар электрон тижорат иштирокчилари билан тузилган шартномаларнинг шартларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, электрон ҳужжатларнинг мазмунини ёки улардан фойдаланиш тартибини ўзгартиришга ҳақли эмас.
Электрон тижоратдаги шартнома унга ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот ресурсида жойлаштирилган электрон ҳужжатга ҳавола қилиш йўли билан киритиладиган алоҳида шартларни ўз ичига олиши мумкин. Бу ҳолда электрон ҳужжатни жойлаштирган электрон тижорат иштирокчиси қонун ҳужжатларида ёки шартномада белгиланган муддат мобайнида ундан эркин фойдаланиш имкониятини таъминлаши, бу муддат ўтгандан кейин эса ушбу электрон ҳужжатнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда сақланишини таъминлаши шарт.
Электрон тижоратда шартнома қуйидагилар воситасида тузилиши мумкин:
электрон ҳужжатларни айирбошлаш;
электрон ҳужжат кўринишида бўлмаган, қабул қилиб олинган оферта (шартнома тузиш таклифи) қабул қилинганлиги тўғрисидаги электрон ҳужжатни жўнатиш;
электрон ҳужжат кўринишида бўлган, қабул қилиб олинган офертадаги шартнома шартларини бажариш бўйича ҳаракатларни амалга ошириш.
Агар қонун ҳужжатларида шартнома бўйича тарафнинг бошқа тарафга шартномани тузиш ёки ижро этиш билан боғлиқ ҳужжатни тақдим этиш мажбурияти назарда тутилган бўлса, кўрсатилган мажбуриятни бажариш шартномани тузиш усулидан қатъи назар амалга оширилади.
Электрон тижоратда шартнома, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, фақат электрон ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда тузилганлигига асосланиб ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин эмас.
Электрон тижоратда офертага таклиф этиш, шу жумладан таклиф қилинаётган товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисидаги реклама ёки бошқа маълумотлар махсус билимга эга бўлмаган қабул қилиб олувчига қабул қилиб олинган ахборотнинг электрон тижоратга тааллуқлилигини аниқ белгилаш ва оферта жўнатувчининг ҳуқуқий ҳолати, унинг товарлари (ишлари, хизматлари), бу товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) нархлари ва уларни олиш шартлари ҳақида тўғри тасаввур ҳосил қилиш имкониятини берадиган шаклда тақдим этилиши керак.
Электрон ҳужжатлардан битим тузилганлигининг далили сифатида фойдаланиш мумкин.
Электрон тижорат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Сардор Сувонов,
Бухоро туманлараро иқтисодий суди судья ёрдамчиси.
Assalom maqolangiz juda ajoyib va dolzarb yana boshqa mavzularni ham yoriting
Juda ajoyib ishlarizni rivojini bersin Alhamdurillah
Juda ajoyib martabatiz ulug bolsin