Сўнгги кунларда мамлакатимиз ёқилғи-энергетика соҳасида мураккаб вазият юзага келди. Хусусан, юртимизнинг деярли барча ҳудудида куннинг маълум вақтида электр энергиясини узишга мажбур бўлинмоқда.
Жумладан, июнь ойида жами 34,8 млн кВт·соат мажбурий чеклов киритилган бўлса, мазкур кўрсаткич июль ойининг ўтган 31 куни мобайнида 175 млн кВт·соатни ташкил қилди. Ёз фаслига ўтилганидан бери жами 210 млн кВт·соат мажбурий чеклов қўлланилган.
Бунга қуйидаги омиллар сабаб бўлмоқда.
Июнь ойида тизимда модернизация ва реконстуркция ишларини хавфсиз олиб бориш мақсадида қатор ҳудудларда мақсадли ўчиришлар амалга оширилган. Бу ҳақда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва унинг ҳудудий филиаллари ҳамда Энергетика вазирлигининг барча ижтимоий тармоқлардаги саҳифа ва каналлари орқали камида бир сутка олдин хабарлар эълон қилиб борилган.
Натижада биргина Тошкент шаҳрининг ўзида 542 та трансформатор подстанцияси ва 592,36 километр электр узатиш тармоқлари мукаммал, 923 та трансформатор ҳамда 702,3 километр ҳаво тармоғи жорий таъмирланди.
Паст кучланишли электр тармоқларини янгилаш дастурига мувофиқ 930,6 км паст кучланишли электр узатиш тармоқлари ҳамда 228 та трансформатор пунктлари янгиланди.
«Сағбон», «Юнусобод», «Қўқон», «Карвон», «Қорасув», «Яланғоч», «Тузел» ва «Сергели-35» подстанцияларидаги 9 та кичик қувватли трансформатор катта қувватлисига алмаштирилди.
Айни пайтда ҳам «Юнусобод-Сити», «Тошкент-Сити», «Олмос», «Янги Ўзбекистон» ҳамда «Янгиҳаёт» индустриал зоналари учун подстанциялар қуриш ҳамда уларни электр энергияси билан таъминлаш учун янги электр узатиш тармоқларини бунёд қилиш ишлари пудратчи ташкилотлар томонидан давом этмоқда.
Бу ишларни хавфсиз бажариш ва электр монтёрларнинг соғлиғи ҳамда ҳаётига туғилиши мумкин бўлган хатарларнинг олдини олиш мақсадида куннинг маълум вақтларида тегишли ҳудудлардаги истеъмолчилар электр таъминотидан вақтинча узиб қўйилмоқда.
Июль ойида эса, асосан, республикамизда об-ҳавонинг ҳаддан ташқари исиб кетгани электр энергетикасини узлуксиз ҳамда йўқотишларсиз етказиб беришда қийинчилик туғдирмоқда. Мазкур ҳолат биргина Ўзбекистонга хос эмас. Бугун дунёнинг қарийб барча бурчагида аномал иссиқ ҳарорат ҳукм сурмоқда. Охирги ҳафталарда, айниқса, Ўрта Ер денгизи минтақасида, Америка Қўшма Штатлари жанубида ва Хитойнинг айрим ҳудудларида жазирама кузатилди. Гресия ҳамда Жазоирдаги 40 даража иссиқ ўрмон ёнғинларига сабаб бўлди.
Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) ва Европа Ерни масофадан туриб зондлаш дастури – «Cоперниcус» директори Карло Буонтемпо «Деутсче Wэлле»га берган интервьюсида 2023 йил июль ойида қайд этилган ҳаво ҳароратининг 1940 йиллардан бери ёзиб келинаётган об-ҳаво маълумотларидан кескин фарқ қилишини таъкидлади. Унинг айтишича, ҳозирги ҳарорат «Охирги минг йилликда қайд этилмаган ва ҳатто сўнгги юз минг йил ичида ҳам кузатилмаган».
Кучли иссиқ ҳарорат эса совитиш мақсадида электр энергиясидан фодаланишнинг каррасига ошишига олиб келмоқда. Натижада кабеллар куйиб кетяпти, трансформаторлар ишдан чиқмоқда. Авария оқибатларини бартараф этиш эса ҳам катта маблағ, ҳам кўп вақт йўқотилишига сабаб бўлаётир.
Биз бу ҳақда ҳам ўз расмий ресурсларимизда бир неча маротаба эълон қилдик, вазирлик ҳамда унинг тизим ташкилотлари келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўради.
Авария юз бермаслиги учун эса бир нечта фидерларни тармоқдан мажбурий ўчириб қўйиб, қатор хонадонлар, буджет ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларини вақтинча узиб туриш – энг мақбул чора. Бу кутилмаган авариявий ҳолатларнинг олдини олишга ҳамда маблағ ва вақт тежалишига хизмат қилади.
Оддий айтганда, қайсидир ҳудудни қуёш тиғида ташқаридан, ортиқча юклама туфайли эса ичидан қизиб кетган кабелни совитиш мақсадида икки-уч соатга тармоқдан узиб туриш кейинчалик кабель ва трансформаторнинг ёниб кетиши ҳамда истеъмолчилар 10-12 соатлаб электр энергиясиз қолишларидан кўра афзалроқ ечимдир.
Тўғри, истеъмолчи ҳамиша ҳақ. Қолаверса, сиз, азизларни узлуксиз ва барқарор электр энергияси билан таъминлаш – бизнинг бурчимиз.
Бу борада тизим ташкилотлари томонидан жуда катта ишлар қилиняпти. Хусусан, охирги пайтларда кунлик ишлаб чиқариш ўртача 107,8 фоизни, ойлик ишлаб чиқариш ўртача 106,2 фоизни, йиллик кўрсаткич эса 101,8 фоизни ташкил қиляпти.
Сўнгги кунларда бир қатор янги ишлаб чиқариш қувватлари – Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида қуввати 1500 МВт бўлган иссиқлик станциясининг 500 кВ кучланишли 2 та электр узатиш тармоғи, Бўстонлиқ туманида қуввати 200 кВт бўлган «Испайсой» микроГEСи ҳамда Яшнобод туманида 30 мингдан зиёд хонадонни электр энергияси билан таъминлайдиган янги «Олмос» подстанцияси ишга туширилди.
Аммо айтиш керакки, истеъмол ҳам шунга яраша бўлмоқда. Масалан, бугунги кунда ўртача истеъмол кунига 11 200 МВтга тенг бўлмоқда. Ҳатто куннинг айрим пайтларида, асосан, иссиқ ҳарорат забтига олган чоғда электр энергияси сарфи ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажмига тенг, баъзан талаб ундан ҳам ортиб кетаётир.
Буни биргина июль ойининг ўзида суткалик истеъмолда икки марта рекорд кўрсаткичнинг қайд этилгани ҳам яққол тасдиқлайди. Хусусан, 12 июль куни республика бўйича жами истеъмол 247,5 млн кВт·соатни ташкил қилган бўлса, 26 июль куни 250,7 млн кВт·соатга етиб, суткалик рекорд яна бир карра янгиланди.
Бироқ ҳозирги шароитда «Нима қилса ҳам узлуксизликни таъминлайман», дея зарур эҳтиёт чораларини кўрмаслик, муқаррар авария ҳолати юз бериши мумкинлигини англаган ҳолда, барқарорликка эришиш истагида ортиқча кучланишга ўтила бошлаган ҳудудларни тармоқдан узмаслик ҳам ечим эмас, аксинча, катта муаммога олиб келади.
Бундай вазиятда энергия тежамкорликка қатъий риоя қилиш, хонадонларда ҳам барча хонани эмас, атиги биттасини совитиш, ишлатилмаётган электр ускуналарини тармоқдан суғуриш, зарурат бўлмаган ҳолларда, айниқса, кундуз кунлари лампочкаларни ўчириб қўйиш энг мақбул йўлдир.
Халқимиздан бугунги аномал иссиқ шароитида Энергетика вазирлиги ҳамда унинг тизим ташкилотлари тарафидан амалга оширилаётган мажбурий чораларни тўғри тушунишларини ҳамда қўллаб-қувватлашларини сўраймиз.
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Ахборот хизмати.