Коронавирусга қарши курашиш бўйича вилоятлардаги вазият борасидаги туркум суҳбатларимиз давом этади. Навбатдаги меҳмонимиз Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти ректори вазифасини вақтинча бажарувчи Гавҳар Жарилкасинова бўлди ва суҳбатдошимизга ҳам анъанавий саволлар билан мурожаат қилдик.
Маълумот учун:
* Гавҳар Жанузақовна Жарилкасинова 1990 йилда Астрахан давлат тиббиёт институтининг даволаш факультетига ўқишга кирган. 1992 йилда Бухоро давлат тиббиёт институтига ўқишни кўчириб, институтни 1996 йилда тугатган;
* 1996-1998 йилларда “Ички касалликлар” мутахассислиги бўйича клиник ординатурани, 1999-2002 йилларда “Гематология ва трансфузиология” бўйича аспирантурани битирган;
* 2002-2020 йиллар давомида кафедра ассистенти, кафедра мудири, врачлар малакасини ошириш факультети декани, ўқув ишлари проректори лавозимларида ишлаган;
* Тиббиёт фанлари номзоди, доцент, “Ўзбекистон аҳолиси орасида антианемик дори воситаларининг тарқалиши, этиологик таркиби, фармакоэпидемиологияси ва фармакоэкономикаси” мавзусида докторлик илмий ишини якунлаш арафасида.
– Гавҳар Жанузақовна, пандемия шароитида Бухоро давлат тиббиёт институтининг таълим фаолияти қандай кечди?
– Пандемиянинг дастлабки кунлариданоқ таълим бериш жараёни узлуксизлигини таъминлаш долзарблигини инобатга олган ҳолда, 2020 йил 25 март кунидан эътиборан институтимизнинг хорижий факультети талабаларига масофадан ўқитиш кўринишида таълим берила бошланди. 1 апрелдан бошлаб эса масофадан ўқитиш деярли барча таълим йўналишларида йўлга қўйилди.
Кўпчилик учун ноанъанавий бўлган ушбу шароитда профессор-ўқитувчиларимиз ва талабалар ўртасида имкон қадар жонли мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида зарур шарт-шароит ва дастурий маҳсулотларнинг бўлиши жуда муҳим аҳамиятга эга эди. Шунинг учун ҳам тез ва қисқа муддатларда Moodle масофадан ўқитиш тизими жорий этилди. Ўқув жараёнини узлуксиз давом эттириш учун зарур бўлган ўқув курсларининг масофадан ўқитиш вариантлари тезкорлик билан яратилди ва Moodle тизимига жойлаштирилиб, талабаларнинг масофадан туриб шуғулланишлари учун зарур шароитлар, талабаларнинг курсларга аъзо бўлишлари ҳамда фаол қатнашишлари таъминланди. Айни вақтга келиб бу тизим орқали янги ўқув йилидан бошлаб талабаларнинг тўлиқ ва муаммосиз шуғулланишлари учун зарур техник ва дастурий таъминотлар тайёр ҳолатга келтириб бўлинди.
Тизимни янада такомиллаштириш ишлари давом эттирилмоқда.
Маълумот ўрнида:
“Бухоро давлат тиббиёт институтида Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Беларусь, Покистон, Ҳиндистон, Россия, Озарбайжон, Афғонистон ва Украина каби хорижий давлатлардан жами 309 нафар талаба таҳсил олади. Уларга таълим бериш МДҲ давлатлари учун рус тилида, узоқ хорижий давлатлар учун инглиз тилида, Туркия тиббиёт факультети талабалари учун турк тилида олиб борилади. Шулардан туркманистонлик 244 нафар ва ҳиндистонлик 43 нафар талаба карантин сабаб ётоқхонада қолганди. Уларнинг бир қисми консуллар ёрдамида юртларига қайтарилган бўлса, қолганларига институт жамоаси ва кўнгиллилар томонидан зарур шароитлар яратиб берилган”.
– Коронавирус тарқалиши бўйича айни пайтда вилоятдаги вазият қандай?
– Бугунги кунда Бухоро вилоятида аҳоли орасида COVID-19 билан касалланиш жиловланди ва эпидемиологик вазият барқарорлашмоқда. Касалланишнинг юқори чўққисидан ўтилди, десак ҳам бўлади, янги касалланиш ҳолатлари қайд этилиши камайди. Июль ойида вилоят бўйича COVID-19ни даволашга мўлжалланган 22 та махсус шифохона фаолият олиб борган бўлса, бугун уларнинг сони 9тани ташкил этмоқда. Институт профессор-ўқитувчилари томонидан ташкил этилган гуруҳ даволаш муассасаларидаги ўта оғир ва оғир беморлар билан шуғулланиб, уларнинг динамикаси, олиб борилаётган даволаш тактикаси ва аҳволининг яхшиланишини назорат қилиб, врачларга амалий ёрдам бериб келмоқдалар. Шундай бўлса-да, биз касалликнинг кейинги тўлқини бўлиши эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда ҳушёр туришимиз лозим. Бу борада шифокор ходимларимизни доимий равишда “COVID-19’ни эрта ташхислаш, даволаш ва олдини олиш” мавзусида қисқа муддатли курсларда ўқитиб келмоқдамиз. Шу ўринда хорижий ҳамкорларимиз – Россия, Туркия, Германия, Хитой, Польша тажрибасини ўрганиш мақсадида малакали мутахассислар томонидан вебинарлар ташкил этилиб, амалиётдаги врачлар жалб қилинди.
– Вилоятнинг қайси шифохоналари бу касалликка қарши курашга мослаштирилди ва улардаги ўринлар сони қанақа?
– Вилоятда коронавирус билан касалланиш юқори (пик) даражада бўлган даврда коронавирус билан касалланган беморларни даволайдиган жами 22 та шифохона ташкил этилди (жами ўринлар (койка) сони – 2299 та), жумладан вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят болалар кўп тармоқли маркази, вилоят онкология, кардиология, тери ва таносил касалликлари шифохоналари, вилоят фтизиатрия ва пульмонология маркази, РШТЁИМ Бухоро филиали бу касалликни даволайдиган муассасага мослаштирилди.
Бундан ташқари Бухоро шаҳридаги “Семурғ” ва “Ёшлик” спорт мажмуасида, Бухоро давлат тиббиёт институтига қарашли академик лицей ётоқхонасида ҳам мослаштирилган шифохоналар ташкил этилди. Жумладан, Бухоро давлат тиббиёт институтининг 108 нафар профессор-ўқитувчилар, клиник ординатура резидентлари ва магистрантлар, юқори курс талабалари жалб қилинган ҳолда Бухоро муҳандислик-технология институти ётоқхонасида 297 ўринли махсус шифохона очилди ва у ерда 500 дан ортиқ беморлар даволанди.
Вазият барқарорлашган ҳозирги даврда бу шифохоналар сони 9 гача қисқартирилди (жами ўрин 1223 та) ва яна 2 даволаш муассасаси – вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ва республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиали фаолияти тўхтатилиш масаласи кўриляпти.
– Вилоят ўлим ва оғир касалликлар кўрсаткичлари бўйича қанақа ўринларда?
– Албатта вилоятда касалланиш кўрсаткичлари юқори ҳолатда бўлган даврда ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилди. Ўлимнинг асосий сабаби коронавирус билан касалланган беморларда иккиламчи сурункали касалликлар (қандли диабет, онкологик касалликлар, юрак қон-томир тизими касалликлари) мавжудлиги ва беморларнинг врачга кеч мурожаат қилиб, уйда ўз-ўзини даволаш билан шуғулланишлари бўлди. Бугунги кунда вазият жиловланди, аҳоли орасида уй шароитида даволаниш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди, бу жараёнга профессор-ўқитувчилар, клиник ординатура резидентлари ва магистрантлар ҳам жалб қилинди. Телевидение ва оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилинди. Юқорида айтганимиздек, малакали профессор-ўқитувчилар стационар шароитда даволанаётган ўта оғир ва оғир аҳволдаги беморлар билан шуғулланишга жалб қилинди.
– Бухоро вилоятида COVID-19’га қарши курашиш учун кадрлар етишмовчилиги қай даражада? Тиббиёт институтининг юқори курс талабаларини бу жараёнга жалб қилиш масаласи кўрилмаяптими?
– Бухоро вилоятида COVID-19’га қарши курашиш жараёнида кадрлар етишмовчилиги кузатилгани йўқ. Шунга қарамасдан, коронавирус инфекцияси билан курашишга жалб қилинган амалиётдаги врачлар малакасини ошириш, хориж тажрибаси билан таништириб бориш, шунингдек захирадаги кадрларни тайёрлаб қўйиш мақсадида Бухоро давлат тиббиёт институти томонидан қатор онлайн ўқув курслари ва вебинарлар ташкил этилди. Жумладан, апрель-июль ойлари давомида Бухоро вилоятидан 92 нафар, Навоий вилоятидан 39 нафар реаниматолог масофавий ўқитилди ва сертификат берилди. Бундан ташқари, Россия Федерациясининг Урал давлат тиббиёт университети томонидан ташкил этилган “Коронавирус чақирган инфекцияни даволашда бирламчи тиббий бўғин врачлари тактикаси” мавзусидаги масофавий таълимда 300дан ортиқ профессор-ўқитувчилар иштирок этишди. Шунингдек, худди шундай вебинарлар ва масофавий ўқишлар Туркия ва Польша давлатининг малакали мутахассислари томонидан ҳам ташкил этилди ва профессор-ўқитувчилар билан бирга амалиётдаги врачлар ҳам таклиф этилди.
Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларидан жами 125 нафар биология йўналишини тугатган бакалаврларни вирусология лабораторияси врачи мутахассислигига тайёрлаш бўйича бир ойлик онлайн курслар ўтказилмоқда.
Шу билан биргаликда, институт профессор-ўқитувчилари, клиник ординатура резидентлари, магистратура талабалари ва докторантлари COVID-19 билан касалланган оғир беморларга тиббий хизмат кўрсатиш учун маҳаллий ва Республика реанимация марказларига, бирламчи тиббий бўғин ва коронавирусни даволашга мослаштирилган шифохоналарга жалб қилинди.
Коронавирусга қарши курашиш бўйича вилоят штаби қошидаги call-марказ ходимлари ҳам Бухоро давлат тиббиёт институтининг малакали профессор-ўқитувчилари ва магистратура талабалари ҳамда клиник ординатура резидентларидан ташкил топди.
Пандемия даврида институт профессор ўқитувчилари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди:
– Коронавирус эпидемиологияси, клиникаси, даволаш ва профилактикасига бағишланган 50дан ортиқ ўқув ва услубий қўлланмалар, тавсияномалар чоп этилди. Жумладан, қисқа муддатларда COVID-19 бўйича миллий қўлланма ўзбек тилига таржима қилиниб, Бухоро ва Навоий вилоятининг барча туманларига тарқатилди.
– Вилоятдаги “Истиқлол” телеканали билан ҳамкорликда “Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи тарғиботи ва COVID-19 профилактикаси” йўналишида кўрсатувлар туркуми тайёрланиб, эфирга узатилмоқда.
– Амалиётдаги шифокорларга ёрдам бериш мақсадида вилоятдаги барча вирусология лабораториялари фаолиятини мужассамлаштириган электрон дастур яратиб берилди. Бу дастур орқали таҳлил топширган беморлар ва уларнинг таҳлил натижалари онлайн тарзда ДПМ, вилоят марказий штаби ва вилоят СЭОМга юборилади.
– Худди шундай дастур вилоят call марказига хам тайёрлаб берилди. Бу дастур орқали масофадан туриб, марказга бўлган мурожаатлар ва уларнинг натижаларини назорат қилиш имкони яратилди.
– Бухоро вилоят прокуратураси, Бухоро давлат тиббиёт институти ҳамда “Megadastur.uz” дастурчилар гуруҳи билан ҳамкорликда вилоят аҳолиси учун Covid-19дан даволанишда фойдаланиладиган дориларни яшаш ҳудудидан тез ва осон топишни таъминлаш мақсадида www.apteka.bsmi.uz сайти яратилди.
Пандемия шароити бўлишига қарамасдан институт хорижий ҳамкор олий таълим муассасалари билан биргаликда қўшма таълим дастурларини ташкил этиш бўйича шартномалар тузишни давом эттирмоқда. Ўтган ўқув йилида институтда 12 та қўшма таълим дастури бўйича талабалар таълим олган бўлса, 2020-2021 ўқув йилида бакалавриат таълими учун Россия Федерациясининг Курск давлат тиббиёт университети ва Қозон федерал университети билан ҳамкорликда “Фармация” йўналишида, Польша давлатининг Луис университети билан “Тиббий биоинформатика (IT шифокор)” йўналишида, Хитой Халқ Республикасининг Фудан университети билан “Халқ табобати” йўналишида, магистратура таълими учун Польша давлатининг Луис университети билан ҳамкорликда “Соғлиқни сақлашни менеджменти” мутахассислиги, “Терапия”, “Кардиология”, “Рентгенэндоваскуляр диагностика ва даволаш” мутахассисликлари бўйича қўшма клиник ординатура Россиянинг Миллий тиббий профилактика ва терапия тадқиқот маркази билан, “Акушерлик ва гинекология” мутахассислиги бўйича Россиянинг В.И. Кулаков номидаги Миллий акушерлик, гинекология ва перинатология тадқиқот маркази билан қўшма таълим дастурлари шартномалари тузилди ва бугунги кунда абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилиш жараёни бошланган. Бундай дастурларнинг йўлга қўйилиши институтнинг таълим траекториясини ўзгартиради, жамиятнинг турли давлат тузилмалари ва ҳаётий фаолият соҳалари билан стратегик академик ҳамкорлик ва шерикликни йўлга қўйиш, халқаро таълим ҳамжамиятига муваффақиятли интеграция қилиш, таълим хизматлари жадал ривожланаётган бозор шароитида институтнинг рақобатбардош барқарорлигини таъминлайди.
– Тиббиётнинг мураккаб соҳаларидан бири – гематология бўйича мутахассиссиз. Kun.uz сайти мунтазам равишда оққонга чалинган болаларга оид хайриялар эълон қилиб туради. Институтда бу йўналишда олиб борилаётган тадқиқотлар ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Дарҳақиқат, бугунги кунда аҳоли орасида онкогематологик касалликлар кенг тарқалган бўлиб, республикамизда аҳолига гематологик хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш бўйича бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Буни Ўзбекистон президентининг 2020 йил 10 февралдаги ПҚ-4592-сон қарорида кўриш мумкин. Ушбу қарор ижроси бўйича бизнинг институтимизда ҳам янги ўқув йилидан гематология ва трансфузиология йўналишида давлат гранти асосида магистратура йўналиши очилди ва илмий тадқиқот ишлари кенгайтирилди. Бундан ташкари, 2 нафар фан доктори ва 2 нафар таянч докторантлар аҳоли орасида лейкозларнинг тарқалиши ва унинг молекуляр генетик ташхисоти йўналишида илмий тадқиқот ишларини олиб боришяпти.
Хайрия акцияларига келадиган бўлсак, 16 июнь – Халқаро донорлар куни муносабати билан «Энг яхши донорлик тарғиботчиси» кўрик танлови ва танлов доирасида донорлик хайрия акцияси ташкил этилди. Акцияда 18 ёшдан катта талабалар ва профессор-ўқитувчилар донорлик қилишди. Яратилган қон банки оққон билан касалланган беморларга аталди. Шунингдек, акция давомида гемофилия ва лейкоз билан касалланган болажонлар аҳволидан хабар олинди. Бугунги кунда оққон касаллигининг ташхисоти ва даво жараёнида молекуляр генетик текширувлар муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун институтнинг янги қурилаётган клиникаси базасида Англиянинг “ГеноМед” фирмаси билан ҳамкорликда молекуляр-генетик лаборатория очиш бўйича шартнома имзоланди. Бу лаборатория келажакда Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида яшовчи аҳолига онкогематологик касалликлар билан бирга бошқа ирсий касалликларни ўз вақтида ташхислаш ва самарали даволашни амалга оширишда хизмат қилади.
Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.