Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тавсияномасига эга эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар учун ОТМга киришда қўшимча 4 фоизли грант ажратилади.
Тошкент шаҳар Oила ва хотин-қизлар бошқармаси ушбу тавсияномаларга талабгорларнинг ҳужжатлари xotin-qizlar.uz платформаси орқали электрон шаклда 30 майдан 8 июнга қадар қабул қилинишини маълум қилди.
Тавсиянома олишга талабгорлар:
- кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар (оиланинг ҳар бир аъзосига жами даромад аниқланадиган даврда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 0,527 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромадга эга бўлган оила);
- тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни отаси ёки онаси ёҳуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар;
- турмуш ўртоғи вафот этган, вояга етмаган фарзандини ёлғиз тарбиялаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар;
- ногирон фарзанди бўлган, эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар;
- 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ болаларни тарбиялаётган, бошқа қариндошлардан алоҳида (ижарада) яшаётган, итжимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг қиз фарзандлари;
- ота-оналаридан бири ёки ҳар иккиси ҳам биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногирони бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар бўлиши керак.
Маълумот учун, эҳтиёжманд хотин-қизлар учун берилган тавсиянома абитуриент сифатида рўйхатдан ўтишда танланган биринчи таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиш ҳуқуқини беради. Иккинчи ва ундан кейинги олий таълим олиш учун танловда иштирок этишга нисбатан татбиқ этилмайди.