ДЕКРЕТДАН ҚАЙТГАН ХОДИМГА ТАЪТИЛ ҚАНДАЙ БЕРИЛАДИ?

 ДЕКРЕТДАН ҚАЙТГАН ХОДИМГА ТАЪТИЛ ҚАНДАЙ БЕРИЛАДИ?

Кечагина шу масаласада ҳамкасбларимиз (устозим) билан фикр алмашган эдик. Энг содда тилда айтадиган бўлсам ҳар икки ходимингизга 48 кундан иборат таътил берасиз.

Энди сабабини тушунтирсак. Қаранг! Меҳнат кодекси 142-моддасида:
• иш йили давомида ҳақиқатда ишланган вақт;
• ходим ҳақиқатда ишламаган бўлса ҳам, лекин унинг иш жойи (лавозими) сақланган вақт йиллик асосий таътилни олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига кириши қайд этилган.

Шуни ҳам айтиш керакки, бундан болани парваришлаш учун қисман ҳақ тўланадиган таътил ва иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган муддати икки ҳафтадан кўп бўлган таътиллар мустасно.

Эътибор берган бўлсангиз, бунда қонун чиқарувчи бола парвариши таътилини назарда тутган(МК 234-м). Сиздаги вазиятда эса ходимлар чиққан декрет МК 233-моддаси билан тартибга солинади.

Меҳнат кодексига мувофиқ таътиллар:
• йиллик асосий ва қўшимча таътиллар;
• иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътил;
• ижтимоий таътилларга бўлинади.

Ушбу кодекс 149-моддасига асосан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари, шунингдек, болаларни парваришлаш таътиллари ижтимоий таътиллар тоифасига киритилган. Мазкур кодекс 233-, 234-моддаларида ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланиши белгиланган.

Биз юқорида таътил учун иш стажини ҳисоблашда МК 234-моддасидаги таътил ҳисобга олинмаслигини тушунтирдик. Лекин МК 233-моддасидаги таътил даври 142-моддага кўра иш стажига киритилади.

Шундай экан, декретдан қайтган ходимларга тўлиқ таътил бериш керак.

Иккинчи саволингизга келсак, МК 143-моддасида аёлларга — ҳомиладорлик ва туғиш таътили олдидан ёки ундан кейин йиллик асосий таътиллар бериш мумкинлиги қайд этилган.

Шунингдек, ушбу кодекснинг 231-моддасига мувофиқ ҳомиладор аёлларга ва бола туққан аёлларга йиллик таътиллар, уларнинг хоҳишига кўра, тегишлича ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин ёхуд болани парваришлаш таътилидан кейин берилади.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, ходимингизга таътил ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан кейин берилиши мумкин деб ҳисоблаймиз.

Мавзуга оид