«Top10VPN» томонидан эълон қилинган ҳисоботда 2022 йилнинг дастлабки олти ойида Ўзбекистон интернет ўчирилиши оқибатида 8,44 миллион доллар йўқотгани маълум қилинди.
Келтирилишича, республика бу бўйича рейтингда 15 давлат ичида 12-ўринни қайд этган. Ўзбекистонда интернет 192 соатга узилган ва бу салкам 1 миллион 300 минг фойдаланувчига таъсир қилган. Рўйхатда биринчи ўринни Россия эгаллаган, жумладан, интернетнинг 3087 соат ўчирилиши ортидан 8,78 миллиард доллар зарар кўрилган.
Қозоғистонда (3-ўрин) интернет 142 соатга ўчирилган, жараён 16 миллиондан ортиқ одамга тасъир қилиб, мамлакатга 410,3 миллион доллар зарар келтирган. Рейтингда яна бир Марказий Осиё давлати Туркманистон (8 ўрин) ҳам ўрин олган. Мамлакатда интернет 40 соатга узилган, бу 2 миллион нафардан ортиқ одамга таъсир қилиб, 29 миллион доллар зарар олиб келган.
Маълумот учун, рейтинг ҳар бир миллий ва минтақавий интернет узилиши ва ижтимоий тармоқларнинг ёпилиши, провайдерлар чекланиши кузатувига асосланган.