2022 йил 14 октябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари белгиланганлиги айни муддао бўлди.
Дарҳақиқат, давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари давлат фуқаролик хизматчиларининг касбий маданияти, хизмат фаолияти давомида ҳамда хизматдан ташқари вақтда одоб-ахлоқи, ташқи кўриниши ва кийиниш услубининг намунавий қоидаларини ўз ичига олганлиги билан аҳамиятлидир.
Чунки, ҳар бир давлат фуқаролик хизматчиси жамиятнинг турли босқич ва жараёнларида ўз фаолиятини одоб қоидаларисиз амалга оширолмайди.
Қарорда таъкидланганидек, давлат хизматчиси меҳнатсеварлик, пунктуаллик, хушмуомалалик, чуқур мулоҳазалик, тинглай олиш, беғараз ёрдам, буйруқ ва кўрсатмаларни ўз вақтида бажариш, ҳақгўйлик, аниқлик, адолатли қарор чиқариш ва шу каби ахлоқий сифатлар билан ажралиб туриши керак.
Вазирлар Маҳкамасининг қароридаги одоб-ахлоқ қоидалари 11 та боб ва 33 та банддан иборат бўлиб, ушбу қоидаларда учта асосий мақсад йўналишлари белгилаб берилганлиги давлат фуқаролик хизматчилари зиммасига катта масъулият юклайди. Эндиликда улар бу қоидаларга қатъий риоя қилиши ва улардан чуқур хабардор бўлиши керак.
Эътиборлиси шундаки, Ўзбекистон Республикасининг жорий йил, 8 августдаги “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонунидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан ахлоқ-одоб қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан давлат хизматчиларининг фаолияти давомида амал қилиши шарт бўлган принцип ва тартиб тамойиллар белгилаб берилган.
Давлат фуқаролик хизматининг асосий принциплари сифатида давлат фуқаролик тизимининг ягоналиги ва барқарорлиги, қонунийлик, адолатлилик, халққа хизмат қилиши, давлат органларининг ва мансабдор шахсларнинг жамият ҳамда фуқаролар олдида масъуллиги, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва шаффофлик, холислик, профессионаллик, компетентлик, давлат фуқаролик хизматига киришда Ўзбекистон фуқароларининг тенг ҳуқуқлилиги, давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиниши сингарилар ҳам белгилаб қўйилганлиги эътиборга молик.
Диққатга сазовор томони шундаки, Одоб-ахлоқ қоидаларида жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан юзага келадиган муносабатларни тартибга солувчи нормалар белгиланган. Давлат хизматчилари оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиши, давлат органлари ва ташкилотларнинг фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритилишига кўмаклашиши кераклиги каби фундаментал қоидалар белгилаб берилганлиги, шунингдек, оилада соғлом муҳитни таъминлаш ва ғамхўр бўлиш, фарзандларда ватанпарварлик ва бошқа юксак ахлоқий фазилатларни шакллантириш, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволидан қатъий назар, улар билан бир хил, самимий, одоб доирасида муносабатда бўлиш, жамиятда ахлоқнинг умумэътироф этилган қоидаларига амал қилиш каби умумий қоидалар ҳам белгиланганлиги давлат фуқаролик хизматчиларининг кундалик фаолияти давр талаблари даражасида бўлишида муҳим аҳамият касб этади.
Ўз навбатида давлат хизматчилари этикасини бузган ходимлар интизомий жазога тортилиши ҳамда огоҳлантирилиши, расмий узрнома келтириши, уларга танбеҳ берилиши мумкин.
Бундан ташқари, янги тартибга кўра давлат хизматчиларни хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ таҳдид, ҳақорат, туҳмат ва қонунга хилоф бошқа хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилиш давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбари томонидан амалга оширилади.
Давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари давлат хизматида юксак касбий маданиятни шакллантириш, жамоатчилик онгида давлат хизматига бўлган ҳурмат ва ишончни ошириш ҳамда давлат хизматчиларининг ахлоқ қоидаларига зид бўлган хатти-ҳаракатларининг олдини олишга қаратилганлиги билан муҳим аҳамиятга эгадир.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда давлат фуқаролик хизматининг талаб даражасида яъни ихчам, шаффоф ва самарали бўлиши ушбу соҳа ходимларининг амалдаги Қонун ва қарорлар ижросини таъминлашга жиддий ёндошишларига кўп жиҳатдан боғлиқ .
Анвар Ҳамроев,
Вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи
Давлат фуқаролик хизматчиси: Янги принцип ва тартиб тамойиллар

Фикр билдириш
Фикр билдириш