2016 йилдан буён вазирлик вa идоралар сони икки бараварга ошган (2016 йилда 48 та, 2022 йил октябрь ҳолатига 100 га яқин)
Ҳукумат 2016 йилга нисбатан давлат бюджетидан тахминан 4 баравар ортиқ маблағ сарфланмоқда.
Швейцарияда 7 та, Австрия ва Японияда 13 та, Германияда 14 та, Хитойда 21 вазирлик бор. Ўзбекистонда эса 25 та вазирлик…
Ҳозирда Ўзбекистонда 25 вазирлик, ижро этувчи ҳокимият тизимида 34 агентлик, 10 давлат қўмитаси, 6 қўмита, 15 инспекция, 6 марказ, 2 марказий муассасалар фаолият олиб бормоқда.
Бутун дунёда бошқарув функциясини имкон қадар соддалаштириш, умумлаштириш, оптималлаштиришга эътибор қаратилаётган бир пайтда бизда кундан кунга янги раҳбарлик лавозимлари, янги-янги амаллар жорий этилмоқда, давлат ҳокимияти органларининг тез-тез қайта тузилиб, бошқарув тизими мураккаблашиб кенгайиб бормоқда, бу эса шубҳасиз коррупцияга, бюрократияга тоборо кенгроқ йўл очади.
Ваҳоланки, 2022—2026 йилларга мўлжалланган, биз барча давлат идоралари ёзиб қўйган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ижро ҳокимияти, унинг бўлинмаларини ҳамда тузилмаларини ихчамлаштириш масалалари илгари сурилган. Унда ихчам, профессионал, адолатли, юқори натижадорликка хизмат қиладиган давлат бошқаруви тизимини жорий қилиш кўрсатилган. Амалда эса, акс ҳолатни кўрмоқдамиз, гўё кимгадир раҳбарлик лавозими етмай қолса ҳам янгидан бирор вазирлик, агентлик, ташкилот тузилаётгандек.
Давлат органи – бу бюрократия демакдир
Адлия вазири Р.Давлетов фикрига кўра, “…бизда жуда катта давлат аппарати бор ва унга кетадиган харажатлар жуда кўп. Ундан кўра буни иқтисодга йўналтириш керак. Чунки қанча давлат органи кўп бўлса, иқтисодиёт ривожланиши шунча қийин кечади. Тадбиркорларнинг ишлаши қийин бўлади. Давлат органи дегани – бу бюрократия, дегани. Бу қўшимча ваколат, қўшимча бошқарув функцияси дегани. Шунинг учун бунга барҳам бериш, бюрократия оқибатида пайдо бўлаётган коррупцияни, негатив факторларни йўқотиш керак”.
2016 йилдан буён вазирлик вa идоралар сони икки бараварга ошган (2016 йилда 48 та, 2022 йил октябрь ҳолатига 100 га яқин), ҳозирда ҳукумат учун 2016 йилга нисбатан давлат бюджетидан тахминан тўрт баравар ортиқ маблағ сарфланмоқда.
Давлат ривожланиши учун вазирлик ва идоралар сонини ошириш лозимми?
Солиштириш учун, Швейцарияда 7 вазирлик, Австрия ва Японияда 13 вазирлик, Германияда 14 вазирлик, Хитойда 21 вазирлик фаолият кўрсатади, демак ривожланган мамлакат бўлиш учун вазирлик ва идоралар сонини чексиз даражага етказиш шарт эмас, аксинча, уларни қисқартириб бирлаштириш кўплаб муаммоларнинг ечими бўлиши мумкин, албатта аҳоли учун.
Бошқарув тизимини кенгайтириш аҳолига ноқулайлик ва давлат бюджетига зарар келтиради холос.
Маълумотларга кўра, Давлат хизматлари агентлиги ва Интеллектуал мулк агентлиги Адлия вазирлигига қўшиб юборилиши натижасида тизимда республика даражасидаги раҳбарлар сони икки баробарга қисқарган, бошқарув ходимлари сони 110 тага камайди, вазирлик тизимидаги бошқарув тузилмалари 666 тадан 222 тага, бир-бирини такрорловчи вазифалар 34 фоизга, функциялар 46 фоизга қисқартирилди. Натижада 84,5 миллиард сўм иқтисод қилинган.
Бу амалиётни бошқа соҳаларда ҳам қўллаш фойдадан ҳоли бўлмайди. Айтиш мумкинки, баъзи органларнинг вазифалари айнан бир бирини такрорлайди, улардан икки учта идора ясашнинг ҳожати йўқ. Масалан, таълим тизимини тўлиқ бирлаштириш соҳадаги коррупция ва бюрократияга қисқаришига, улкан ижобий ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин. Ҳозирда таълим тизимида Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий вa ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси фаолият кўрсатмоқда, ваҳоланки уларни ягона вазирликка бирлаштириш ҳар томонлама ақлли қарор бўлади.
Яқинда Жаҳон банки ўз ҳисоботларида “Сўнги йилларда Ўзбекистонда бошланғич, олий ва ўрта таълимда қатор ислоҳотлар амалга оширилганига қарамай таълим тизимида сезиларли даражада ўзгаришлар бўлгани йўқ”, дея қайд этди. Таълимни ўзида шунча бошқарув бўлар экан, бу соҳа ривожланишга фақатгина тўсиқ бўлиб келгани кўринмоқда.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Иқтисодий тараққиёт вa камбағалликни қисқартириш вазирлигининг вазифаси ҳам бир хил, иккита вазирлик фаолият юритишига асло сабаб йўқ.
Шунингдек, нима вазифаларни бажараётганлигини ўзи ҳам аниқ билмайдиган бир қанча идора ва ташкилотлар мавжудки, уларнинг эришган натижа ва ютуқлари, мамлакат ривожига қўшаётган ҳиссаси нималардан иборатлигини ўрганиб таҳлил қилиб чиқилса, давлат бюджетига фақат қоғозларни сарфлаш билан “ёрдам бергани”ни кўриш мумкин. Масалан, “Ўзатом” агентлиги, “Ўзбеккосмос” агентлиги, «Ўзбекчорванасл» агентликлари давлатга қандай иқтисодий, маданий, умуман қандайдир наф келтираётгани сўроқ остида.
Айнан қишлоқ хўжалиги соҳасида ўнлаб алоҳида агентликлар, тузилма ва қўмиталар мавжуд. Асаларичилик, Ветеринария вa чорвачиликни ривожлантириш, Боғдорчилик, Ипакчилик бўйича алоҳида бошқарув тузилмаларини бирлаштириш мумкин.
Бу билан давлат бюджети, аҳолининг бюрократия ва коррупцияга сарфлаётган ҳисобсиз маблағ ва вақтлари тежалиши, шунингдек, мос равишда Инсон қадри юксалишига эришиш мумкин.
МАНБА: Rost24