USD10 371.75+0.09%
RUB134.56+0.03%

Ишсизларни уйига бориб ишга жойлаштириш тизими яратилади

 Ишсизларни уйига бориб ишга жойлаштириш тизими яратилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 8 октябрь куни жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Ўзбекистонда давлат сиёсатини маҳалла даражасигача юритадиган вертикал тизим яратилди. Ёшлар масалалари бўйича ҳар бир туманда алоҳида ҳоким ўринбосари, унинг 3 нафаргача мутахассиси, Ёшлар ишлари агентлиги бўлимининг 3 нафар ходими, вилоятда ҳам ҳоким ўринбосари, унинг 4 нафар мутахассиси, Ёшлар ишлари агентлиги бошқармасининг 11 нафар ходими ажратилди.

Хотин-қизлар масалалари бўйича ҳар бир маҳаллада алоҳида раис ўринбосари, туманда – маҳалла ва оила бўлими бошлиғи ўринбосари ва 2 нафар мутахассиси, вилоятда эса 8 нафаргача штат бирлиги берилди.

Маълумки, юртимизда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати, яъни “темир дафтар” тузилган эди. Энди худди шунингдек ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари” шакллантирилади. Бу рўйхатлар “темир дафтар”дан алоҳида бўлади. Унга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар киритилади. Бунинг натижасида улар билан тизимли, манзилли иш йўлга қўйилади.

Мутасаддиларга ушбу тизимнинг намунавий шаклини ишлаб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва ҳар бир вилоятнинг биттадан шаҳар ва туманида, яъни 28 та ҳудудда синовдан ўтказиш вазифаси қўйилди.Бундан кейин одамларнинг уйига бориб, ишга муҳтожларни ишга жойлаштириш тизимини яратишимиз керак. Энди қайси жойда раҳбарлар уйма-уй юриб, масалаларни ҳал қилса, ўша жойда вазият ўзгаради. Энг асосий мақсад – иқтисодий барқарорликдан натижадорликка ўтиш, – деди Президент.

Ишсизларни уйига бориб ишга жойлаштириш тизими яратилади

“Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти, Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтининг салоҳияти сафарбар этилади. Бундан ташқари, аҳолини тадбиркорликка ўқитиш ва микромолиявий хизматлар кўрсатишдан иборат комплекс дастурларни амалга ошириш учун нодавлат нотижорат ташкилотларга йиллик 4 фоиз ставкада қарз маблағлари ажратилади.

– Ёшлар ва хотин-қизларни меҳнат бозорида талаб юқори касб-ҳунарларга тайёрлашни тизимли йўлга қўйсак, уларнинг муносиб иш топишига кўмаклашсак, кўплаб ижтимоий ва иқтисодий муаммолар ҳал бўлади. Бунинг учун нафақат давлат таълим муассасалари, балки мингдан зиёд нодавлат касб-ҳунар таълими марказларини ҳам жалб қилиш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ишсизларни уйига бориб ишга жойлаштириш тизими яратилади

Қайд этилганидек, бу борада мутлақо янги тизим жорий қилиниб, нодавлат касб-ҳунар таълими марказлари орқали ёшлар ва аёлларда касбий кўникмаларни шакллантириш, уларни молиявий қўллаб-қувватлашга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар миқдоридаги маблағ йўналтирилади. Шунинг 10 миллиони ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитишга, 90 миллиони эса ўқув курсларини тамомлаб, сертификат олганларга имтиёзли кредитлар ажратиш учун сарфланади. “Ижтимоий шартнома” орқали нодавлат касб-ҳунар ўқув курсларини битирадиган ёшлар ва аёлларга таълим харажатлари учун 1 миллион сўмгача субсидия берилади.

Яна бир масала – Касб ва лавозимлар классификатори бугунги замон ва меҳнат бозори талабларига мос келмайди. Мисол учун, унда 2 минг 484 та, яъни 70 фоиз хизматчи лавозими бўйича олий маълумот талаб этилади. Хусусан, маълумотлар базаси билан ишлайдиган мутахассис, веб дизайнер каби ихтисосликларга олий малака талаби қўйилган. Ушбу касбларни IT-марказларда ярим йилда яхши ўрганиш мумкин.

Кутубхоначи, таржимон, банк агенти, реклама мутахассиси каби кўплаб вазифаларга ҳам олий маълумот талаби қўйилган. Меҳнат бозорида бундай касблар бўйича 4 мингга яқин вакансия мавжуд.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига Касб ва лавозимлар классификаторида олий маълумот талаб қиладиган мутахассисликлар ва лавозимларни қисқартириш вазифаси қўйилди. 

Ҳокимларнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосарлари “ёшлар дафтари” бўйича, маҳалла ва оила масалалари бўйича ўринбосарлари “аёллар дафтари” бўйича масъуллиги белгиланди.

Ишсизларни уйига бориб ишга жойлаштириш тизими яратиладиИшсизларни уйига бориб ишга жойлаштириш тизими яратилади

Мавзуга оид