2021 йилда оиламиз учун енгил машина сотиб олиш ҳаракатида юрган эдик. Бухоро шаҳрида “Спарк” автомобили сотилиши ҳақидаги эълонга кўзимиз тушиб қолди. Машинанинг техник ҳолати ва нархи маъқул тушди ва харид қилиш мақсадида ўғлим билан узоқ йўлга отландик. Ўша пайтда олди-сотди шартномаси анчагина қиммат бўлганлиги учун автоулов эгаси Абдураҳмон Ғиёсов билан бош ишончнома расмийлаштиришга келишилди.
Бироқ, бу шартнома бизга қандай муаммолар келтириб чиқаришини ўйламаган эканмиз. Кейин бизга маълум бўлишича, А. Ғиёсов 2020 йил 11 сентябрда “Ипотекабанк”нинг Бухоро вилоят филиалидан “Некция-3” учун кредит олиб, янги машина харид қилган экан. Амалдаги тартибларга кўра, бу машинага давлат рақами олиниб, 15 кун ичида банк томонидан гаров рўйхатига киритилиши, қарздорга кредитни қайтаришнинг 36 ойлик жадвали тақдим этилиши шарт эди.
Лекин, тўрт ой муддат ўтишига қарамай, яъни, 2020 йил 15 декабргача молиявий муассаса ушбу талабни бажармайди ва унинг соҳиби автоулов давлат рақамини қайсидир йўллар билан алмаштирган ҳолда сотиб юборади. Кредитни ундиришга кўзи етмаган банк маъмурияти қарздорни судга беради. Айби исботини топган А. Ғиёсов афвга тушади, жиноят иштирокчиси бўлган ўғли Алишерга тўрт йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланади. Қарзни ундириш вазифаси эса Мажбурий ижро бюросининг Бухоро шаҳар бўлимига топширилади.
Бу орада “Спарк”нинг олди-сотдисини тўла расмийлаштириш учун 2022 йил сентябрда Бухорога бордик. Мурожаат қилинган нотариал идорада машинага таъқиб қўйилганлигини айтишди ва ишимиз битмади. Ҳайрон бўлдик, ваҳоланки, биз ишончнома олган чоғимизда у таъқибда бўлмаган, бу ҳақда МИБ ва вилоят ИИБ ЙХХБдан маълумотнома ҳам берилган эди.
Бизнинг оиламиз олдида яхшигина муаммо кўндаланг бўлади. Боиси, кредитни ундиришни қарздорнинг мулкига қаратган МИБ ходими осонгина йўлдан бориб, биз сотиб олган ва ишончнома билан бошқариб юрган 80 Х 671 РА рақамли “Спарк”ни ким ошди савдосига чиқаришга қарор қилади. Ўртада банкни ва бизни алдаган Алишер Ғиёсов жазо муддатини ўтаб уйига қайтади. Бироқ, унга банк билан ҳисоб-китобни жойига қўйиш ва бизни ташвишдан озод қилиш ҳақидаги талабларимизга фақатгина ваъда бериш билан кифояланмоқда.
Мана мазкур машмаша бошланганига ҳам икки йилдан ўтди. Бош ишончномада машинани бошқариш, уни сотиш ҳуқуқи берилган ўғлим Ғиёсиддин Бухоро ва Наманган ўртасида сарсон-саргардон. Тўғри, қонунга кўра, кредитни ундириш қарздорнинг мулкига қаратилиши белгилаб қўйилган. Бироқ, мантиқий жиҳатдан олиб қараганда, ўша мулкни биз сотиб олганимиз ва унинг пулини тўла ҳисоб-китоб қилганимизга ҳам эътибор қаратилиши керак эмасмиди?!
Банкдан маълум қилишларича А. Ғиёсовнинг “Некция -3” учун олган қарзи ўз вақтида тўланмаганлиги учун белгиланган устамалар ҳисобига ҳозирга келиб 133 миллион сўмга етибди. Қарздор уни қачон қайтарадию, биз муаммодан қачон қутуламиз? Банкдагиларнинг “Некция-3”ни тақиқ рўйхатига олишдаги масъулиятсизлиги, бир инсоннинг фирибгарлиги туфайли биз емаган сомсага пул тўлаб қолаверамизми?
Шу кунларда мазкур масала юзасидан судга мурожаат қилиш ҳаракатидамиз. Бироқ, бунинг учун йўл азобини тортиб яна Бухорога боришимиз, вақтимизни йўқотишимиз керак. Яна ким билади, ишимиз битадими йўқми. Бу мурожаатни сизларга одамлар ўз ҳуқуқларини чуқурроқ билишлари,биз каби ноинсоф фирибгарларга алданиб қолмасликлари учун ёзишга қарор қилдим.