Таҳририятимизга Бухоро шаҳар 18 – умумий ўрта таълим мактабида 2021-2022 ўқув йили учун мактабнинг таъмирлаш ишларига пул йиғилаётгани юзасидан мурожаат келиб тушди.
Юзага келган ҳолатни ўрганиш учун мактабга бордик, мурожаат юзасидан суриштирув олиб бордик. Маълум бўлишича, бу пуллар ўқитувчи ва ўқувчилардан мактаб директорининг топшириғига кўра йиғилаётганлиги аниқ бўлди.
Мактабни кўздан кечириш жараёнида қўлида иш қуролларини кўтариб турган бир гуруҳ ўқувчиларга кўзимиз тушди. Уларни саволга тутганимизда “ташқаридан келган одам”га бор гапни айтишдан қўрқишдими, саволларимизга жавоб беришмади.
Кўриниб турибдики, бу вазиятда вояга етмаган болалар мажбурий меҳнатга жалб этилмоқда. Юртимиздаги эпидемиологик вазиятга қарамасдан ўқувчилар мактабни тозалашга чақарилган. Буни қандай изоҳлаш мумкин?
Мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилардан сўраганимизда бу ҳаммаси директорнинг топшириғи эканлигини таъкидлашди. Бироқ бизга гувоҳлик берганлар шахсини сир сақлашимизни сўрашди.
Қонун-қоидани назар-писанд қилмаётган ва вояга етмаган болаларни мажбурий меҳнатга жалб қилаётган директор эса бизнинг саволларимизга жавоб беришдан бош тортди.
Қонунларга юзланадиган бўлсак, бу ҳолатда яққол қонунбузарликлар кўзга ташланади.
Биринчидан, “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонуннинг 20 моддасига кўра, “Болаларни меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун — улар ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади”, дейилган. Ушбу вазиятда мактабнинг 5-8 синф(15 ёш ва ундан кичик ) ўқувчилари меҳнатга жалб қилинганини гувоҳи бўлдик. Биз билан гаплашишни хоҳламаган мактаб директорининг қўлида ота-оналар розилиги тўғрисида ҳужжат бормикан? Ҳужжат бўлган тақдирда ҳам 15 ёшга тўлмаган болалар меҳнатидан фойдаланилмоқда.
Иккинчидан, мактаблар ва бошқа таълим муассасалари томонидан таъмирлаш учун ўқувчи ва ўқитувчилардан пул йиғилиши ноқонуний ҳисобланади.
Конституциянинг 41-моддасида ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эгалиги ва бепул умумий таълим давлат томонидан кафолатланиши белгиланган.
Aслида мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун буджетдан етарлича маблағ ажратилади. Президентнинг 2018 йил 5 сентябрдаги қарорига мувофиқ Халқ таълимини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилган.
Мазкур жамғарманинг асосий вазифаларидан бири умумтаълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шу жумладан зарурат бўлганда ўқув корпусларини ўқув устахоналари ва лабораториялар ташкил этган ҳолда кенгайтириш, спорт заллари ва майдончаларини ҳамда бошқа инфратузилма объектларини барпо этиш бўйича ишларни молиялаштириш ҳисобланади.
«Ўзбекистон Республикасида умумий ўрта таълимни ташкил этиш тўғрисида»ги 1998 йил 13 майда қабул қилинган Ҳукумат қарорига мувофиқ Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар йили 1 августга қадар мактаблар моддий-техника базасини тайёрлашни, ўқувчилар учун зарур санитария-маиший ва ижтимоий шароитлар яратилишини таъминлаши зарур.
Ушбу масала юзасидан масъулларнинг расмий изоҳини кутиб қоламиз.