Бухородаги хонадонлардан бирида салкам 28 млн сўм пулни ўғирлаган 17 ёшли йигит ушланди
Жорий йил 11 март куни Бухоро вилояти Жондор тумани «Қозоқон» маҳалласида яшовчи фуқаронинг уйида салкам 28 млн сўм пуллари ўғирланган. Бу бўйича вилоят ИИБ хабар берди.
Қайд этилишича, шу куни соат 19:00 ва 23:00 лар орасида номаълум шахс ушбу фуқаронинг уйига кириб, ётоқхонасидаги темир сейфни очган ва унинг ичидаги 27 млн 600 минг сўм пулларини ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 169-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни, шу маҳаллада яшовчи, 2006 йилда туғилган, тумандаги «Касб-ҳунар мактаби» 2-босқич талабаси содир этганлиги аниқланган.
Ҳозирги кунда ушбу шахснинг вилоят ҳудудларида содир этилган бошқа шу турдаги фош этилмасдан қолаётган жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Маълумот учун, юқоридаги моддага асосан йигит 30 млн сўмгача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.